Махсус танлов якунланди. Омон Матжон бош совриндор

Жамият 19:11 / 07.09.2019 8311

Бугун, 7 сентябрь куни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биносида «Ватан учун яшайлик» номли танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Мазкур танлов Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ватанпарварлик, замондошларнинг сиймолари акс эттирилган шеърий, насрий, болалар адабиёти ва бадиий-публицистик йўналишдаги сара асарлар учун ўтказилган эди.

Якунда ҳайъат аъзолари томонидан танловга келиб тушган 56 нафар муаллифнинг ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидаги 102та асари баҳоланди ва улар ичида ғолиблар аниқланди.

Kun.uz мухбири маълумотига кўра, танловнинг якуний натижалари қуйидагича кўриниш олган:

1-ўрин:

1. Омон Матжон – «Эл бирла бўл» шеърий китоби учун;

2-ўрин:

1. Абдуқаюм Йўлдошев – «Осмон оғуши» қиссалар ва ҳикоялар тўплами учун;

2. Нодир Жонузоқ – «Сўз» достони учун;

3. Чоршам Рўзиев – «Ошиқлик» ғазаллари тўплами учун;

3-ўрин:

1. Сағинбай Ибрагимов – қорақалпоқ тилидаги «Танланган асарлар» шеърий китоби учун;

2. Қозоқбой Йўлдош – «Сўз ёлқини» ва «Очиқсўз» адабий-танқидий мақолалар тўпламлари учун;

3. Ўткир Раҳмат – «Йиллар оралаб» шеърий тўплами учун.

Рағбатлантирувчи мукофотлар:

Баҳодир Эрматов – «Амир Темур Ғарбий Европа адиблари нигоҳида» монографияси учун;

Баҳтиёр Абдуғафур – «Султон Жалолиддин Мангуберди» романи учун;

Нафас Шодмонов – тарихий мавзудаги «Оқсарой» ва «Нахшаб афсонаси» драматик асарлари учун;

Қалдибек Сейданов – ўзбек-қозоқ адабий алоқаларига бағишланган «Туғишганлар» тўплами учун;

Зиёвуддин Мансур – «Қуёш ҳайқириқлари» шеърий китоби учун;

Клавдия Панченко – ўзбек адабиёти тарғиботи ва адабий алоқаларни мустаҳкамлашга бағишланган мақолалари учун;

Зикрилло Неъмат – болалар ва ўсмирларга мўлжалланган Марди майдонлар юрти номли ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги шеърий тўплами учун;

Тақдирлаш маросимида танлов ғолиблари ва рағбатлантирувчи ўрин эгалари қуйидаги кўринишда тақдирланишди:

 1-ўрин – Ўн олти миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан;

2-ўрин – Ўн миллион сўм пул мукофоти билан;

3-ўрин – Олти миллион сўм пул мукофоти билан;

Рағбатлантирувчи ўрин эгаларининг ҳар бири тўрт миллион сўмдан пул мукофоти билан.

 Тақдирлаш маросими давомида Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири унвони билан тақдирланган Рустам Мусурмонга Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати вакили Оқмурад Қайпанов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон Халқ шоири Кенесбай Каримов томонидан ушбу унвоннинг кўкрак нишони ва гувоҳномаси ҳам топширилди.

Маълумот учун, мазкур ижодий танлов Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 8 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

Кўпроқ янгиликлар