Эрон Stena Impero кемаси экипажининг бир қисмини қўйиб юборди

Жаҳон 07:28 / 05.09.2019 3687

Швеция ташқи ишлар вазири Маргот Валльстрём Эрон ҳукумати июлда ушлаган швед танкери Stena Impero экипажининг бир неча аъзосини озод қилганини маълум қилди.

“Швед компаниясига тегишли бўлган ва Британия байроғи остида сузган Stena Impero экипажининг бир қисми озод қилинганини қалбда енгиллик билан маълум қиламиз. Жамоанинг қолган қисми озод қилинишини интиқлик билан кутиб қоламиз. Бу Эрон ташқи ишлар вазири билан музокараларимнинг мавзуларидан бири бўлди. Мулоқот – кучли сиёсий восита”, деб ёзган Валльстрём твиттерда.

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Аббос Мусавий экипажнинг 7 аъзоси Эронни тарк эта олишини маълум қилганди. Кемада унинг денгизга чиқа олиши учун минимум сонда денгизчилар қолмоқда.  

Танкер 19 июлда Ислом инқилоби соқчилари корпуси томонидан Эрон сув ҳудудида қўлга олинган ва Бандар-Аббос портига олиб кетилган. Танкер экипажи 23 кишидан иборат бўлиб, Эрон улар соғ-саломатлигини, танкер эса портда лангарда турганини маълум қилган . Ушбу воқеа Теҳроннинг Гибралтар томонидан Эрон танкерининг ушланишига жавоби бўлган.

Кўпроқ янгиликлар