АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши муддати келишиб олинди

Жаҳон 20:50 / 02.09.2019 10755

АҚШнинг “Толибон” ҳаракати билан келишуви лойиҳаси АҚШ қўшинларининг Афғонистондан 4,5 ой давомида олиб чиқилишини кўзда тутади. Бу ҳақда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод маълум қилди. 

Халилзоднинг айтишича, келишув имзолангандан кейин “АҚШ кучлари 5 та базани 135 кун давомида тарк этади”. Унинг таъкидлашича, томонлар муҳим келишувга эришишган, бироқ уни АҚШ президенти Дональд Трамп имзоламагунча у якуний ҳисобланмайди.

Шу билан бирга Афғонистон президенти маслаҳатчиси Воҳид Умар келишув лойиҳаси президент Ашраф Ғани Аҳмадзойга тақдим қилинганини маълум қилган. Аҳмадзой ўз навбатида Халилзод билан учрашган ва АҚШ махсус вакили унга АҚШ ва “Толибон” ўртасидаги охирги музокаралар ҳақида сўзлаб берган.

АҚШ охирги ойларда Афғонистонда ўт очишни тўхтатиш ва хорижий қўшинларни олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб бормоқла. 

“Толибон” ҳаракати Афғонистонда фуқаролик уруши авж олган вақт – 1994 йилда ташкил топган. 1996-2001 йиллар давомида толиблар ҳокимиятни эгаллашган, бироқ 2001 йилда ағдарилгандан кейин ҳукумат қўшинлари ва НАТО кучлари билан партизан урушини бошлаган. Айни вақтда толиблар ва Афғонистон ҳукумати сиёсий муросага эришиш йўлларини қидиришмоқда.

Кўпроқ янгиликлар