Никимбаев: «Навбаҳор»даги мураббийлар беқарорлиги «саҳна орти фитналари» билан боғлиқ»

Спорт 18:38 / 30.08.2019 14663

Наманганнинг «Навбаҳор» клубидаги мураббийларнинг тез-тез алмашиши «саҳна орти фитналари» ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг йўқлиги билан боғлиқ, деб ёзади футбол мутахассиси Алишер Никимбаев.

Унинг сўзларига кўра, клуб оғир дамларни бошидан ўтказмоқда. Буни сўнгги 10 ойда 3 нафар мураббийнинг алмашиши ҳам тасдиқлаяпти. 28 август куни клуб Андрей Канчельскисни қайтганини эълон қилди. У Деян Журжевич ўрнига тайинланди. Ўз навбатида сербиялик мутахассис 2 ой олдин айнан Канчельскис ўрнини эгаллаган эди.

«Навбаҳор»даги мураббийлар беқарорлиги клубнинг ривожланиш стратегияси йўқлигидан далолат беряпти. Асосий ходимларни тайинлаш ҳиссиётлар таъсирида юз бермоқда. Катта эҳтимол билан «Навбаҳор» раҳбарияти клубнинг мақсади ва вазифаларини тушунмайди», - деб ёзди Никимбаев.

Барча истеъфолар «тасодифий ва ҳиссиётларга бой тарзда қабул қилинган қарорлар» асосида юз берган ва футболга алоқадор бўлмаган «саҳна орти фитналари» билан боғлиқ, деб ўз манбаларига таянади футбол мутахассиси.

Унинг фикрига қараганда, «Навбаҳор»нинг олдинги бош мураббийи Журжевичга ўз имкониятларини намойиш қилиш учун етарли вақт берилмаган.

«Уни қандай сабаб билан бўшатишди? Аввалги бош мураббийни истеъфога чиқариш хато экани ҳақидаги баҳона биланми? Ҳа, «Навбаҳор»нинг Журжевич қўл остидаги натижалари раҳбарият ва мухлисларни қониқтирмади. Аммо мавсум ўртасида жамоани қабул қилиб олган мураббийдан нимани кутган бўлардингиз? Умуман олганда, сербиялик олдига қандай вазифалар қўйилди? Натижаларни сўраш учун вақт етиб келганмиди?», – деган саволларни қўяди мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, россиялик мутахассис Андрей Канчельскис 2018 йил октябрь ойида «Навбаҳор»га тайинлади. Орадан 9 ой ўтгач, унинг ўрнини сербиялик Деян Журжевич эгаллади ва қарийб 2 ой ишлади. Ўтган ҳафтада раҳбарият яна Канчельскисни қайтаришга қарор қилди. Қайд этиш жоизки, «Навбаҳор» Журжевич истеъфосини эълон қилмасдан олдин Канчельскис тақдимотини ўтказган эди.

Кўпроқ янгиликлар