«Биз Жаҳон чемпионатига чиқа оламиз». Эктор Купер терма жамоа учун энг асосий иккита жиҳатни айтди

Спорт 19:07 / 27.08.2019 48505

Ўзбекистон Осиёнинг кучли таркибга эга грандларига қарши беллашиб, Жаҳон чемпионатига чиқа олади, деб ҳисобламоқда миллий жамоа бош мураббийи Эктор Купер.

Бугун, 27 август куни ЎФАда ЖЧ саралаши цикли старти олдидан аргентиналик мутахассис билан матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Tribuna.uz хабар бермоқда. 

«Биз аввало оптимистмиз. Биздан кучли терма жамоалар билан бир хил даражада мусобақалаша оламиз. Жаҳон чемпионатига ҳам чиқа оламиз. Ҳозир даража жиҳатдан биздан кучлироқ жамоалар бўлиши мумкин, лекин энг асосийси биз ўзимизни ўйлаб, яхши жамоа шакллантиришимиз керак.

Яхши жамоа дегани кўплаб элементларни қамраб олади. Рақибларимизнинг ўйинчилари кучли бўлиши мумкин, лекин яхши жамоа фақат яхши ўйинчи дегани эмас. Биласизми, энг асосий нарса нима?

Терма жамоада иккита нарса муҳим. Жамоа сифатида бирга яшаш, барчанинг биргаликда олдинга ҳаракат қилиши керак. Ҳеч ким бир-бирига халал бермаслиги, аксинча қўллаб-қувватлаши керак. Энг асосий иккинчи фактор – бу ишониш. Қилаётган ишимиз тўғрилигига ишониш. Агар ишонишмаса, ҳеч нарса ютиб бўлмайди. Мен мураббий сифатида шундай фикрдаман», – дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Купер.

– Фаластин билан ўйин сунъий майдонда бўлади, деган маълумотлар бор. Сиз шунга тайёрмисиз?

– Бу, табиийки, ҳеч қайси футболчига ёқмайди. Улар сунъий майдонда ўйнашга ўрганишмаган. Чунки сунъий қопламали майдонда тўп баландроқ сакрайди, тезроқ ҳаракатланади. Шунинг учун минимал адаптациядан ўтиш учун тўрт-бешта машғулотни биз сунъий майдонда ўтказишга ҳаракат қиламиз.

Албата, доимий равишда сунъий майдонда ўйнаб ўрганган Фаластин сал-пал устунлик бўлиши мумкин. Лекин сунъий майдон туфайли ғалаба қозона олмаймиз, деган фикрга бормаслик керак. Бошқа факторлар ҳам бор.

– Ўртоқлик ўйини учун рақиб сифатида Ироқни ким танлади – сизми ё федерация?

– Мен қайси рақиб билан ўйнаш масаласида федерация билан тортишиб ўтирмайман. Ҳамма нарсани биргаликда ҳал қиламиз. Баъзан федерация бизга таклиф беради. Масалан, федерация Аргентина билан ўйнаймиз, дейиши, мен эса: «Йўқ, шошмай туринглар, сал кутиш керак», деб айтишим мумкин.

Ироқ билан ўйнашни танладик, чунки шу бизга оптимал вариант бўлиб кўринди. Бу қарорни федерация билан келишган ҳолда қабул қилдик.

– Ҳамма ўйинчиларн кузатиб боряпмиз, дедингиз. Лекин ҳимоя чизиғи умуман янгиланмай келяпти. Ваҳоланки, «Насаф»да Умар Эшмуродов барқарор ўйнаяпти. «Пахтакор»да Суперлиганинг охирги икки мавсумида энг стабил ўйин кўрсатаётган Шерзод Аъзамов бор. «Бунёдкор»да Дилшод Аҳмадалиев жуда зўр ўйнаяпти. Энг асосийси – Рустам Ашурматов. Кей-лига иккинчи дивизионида унинг клуби энг кам гол ўтказиб юборган, Кей-лигага чиқиш арафасида турибди...

– Ўйинчиларни баҳолаймиз. Масалан, ёнингиздаги сеньоритага бошқа футболчи ёқиши мумкин. Биз қараймиз, баҳо берамиз...

Қайси мезонлар асосида баҳолаймиз? Матбуот анжуманини бунақа ҳар хил нарсалар билан чўзиб юбормаслик керак, биз айтдик, чақирган ўйинчиларимиз кимгадир ёқмаслиги мумкин. Бу ҳамма жойда бўладиган нарса. Нега бу бор, нега у йўқ... Бир футболчини чақириш учун бошқаларидан воз кечишга мажбурмиз. Шунинг учун ҳам бу мураббийлар штабининг баҳолашидан келиб чиқади. Юқорида айтган гапларимизга қайтишимизга тўғри келяпти.

Дунёдаги барча терма жамоаларда ўз минимал структураси, танланган асоси, доим чақириладиган ўйинчилар бор. Баъзи футболчилар алмаштирилади. Лекин барча ўйинчиларни кузатишимиз бор гап. Баҳолашимиз ҳар хил бўлади, дидимиз ҳам, буни тан оламан.

Ашурматов? Биз ундан яхшироқ деб ҳисоблаган ўйинчиларимизни чақирганмиз. Уларни синаб кўрганмиз, Рустам Ашурматовнинг ҳам ўйинларини кузатганмиз. Балки танловим хатодир, лекин мен бошқа ўйинчиларни танладим, бу менинг фикрим. Юз фоиз ҳақман, демоқчи эмасман. Бу ўйинчи бизга кейинроқ фойдаси тегиши мумкин.

– Бу сафарги йиғинга илк марта Азиз Ғаниев ва Санжар Шоаҳмедовни ҳам чақирдингиз. Уларнинг қайси жиҳатлари эътиборингизни тортди?

– Мураббий сифатида биринчи навбатда футболчиларнинг майдондаги ҳаракатига эътибор бераман. Баъзида футболчидан шундай сигналларни олиш мумкинки, булар оддий бўлса-да, мураббий учун жуда муҳим жиҳат бўлиши мумкин.

Азизнинг ўйинни ўқий олиши, бошқара олиши менга ёққан томони бўлди. Санжар эса техник жиҳатдан жуда яхши ўйинчи. Унга ҳам имконият бериш керак, деган фикрга келдик.

Кўпроқ янгиликлар