Интернетда қолдирилган изоҳлар учун қандай ҳолатда жавобгар бўлиш мумкин? — Алламжонов журналистлар ва блогерлар билан учрашди

Ўзбекистон 03:14 / 15.08.2019 25572

14 август куни кечки вақт Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур идоранинг бош директори Комил Алламжонов таклифига биноан журналист ва блогерлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Норасмий, очиқ ва самимий руҳда ўтган суҳбат давомида К.Алламжоновнинг 13 август кунги баёноти муҳокама мавзуси бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ўз баёнотида К.Алламжонов «Бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда белгиланган талабларга риоя қилишлари, балки улар остидаги фуқаролар, фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эслатиб ўтмоқчимиз», — деган эди.

Учрашув аввалида Комил Алламжонов барчага юзланиб, мазкур баёнот жамоатчилик ўртасида нега кучли эътироз келтириб чиқарганини тушунмаётганини, у шунчаки қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган қоидаларни бир бор таъкидлаб, ўқиб берганини айтиб ўтди.

Фикр билдириш ва изоҳ қолдиришда этика қоидалари, мавжуд қонунчилик меъёрларига риоя қилиш муҳим эканлиги, турли ҳолатларда айрим  таҳқирловчи изоҳлар ўчирилиши бутун дунёда мавжуд амалиёт эканлигини айтган К.Алламжонов мисол тариқасида BBC сайти саҳифасида қолдириладиган изоҳларга қўйиладиган талаблар ва ўчириш ҳуқуқидан қандай ҳолатларда фойдаланилиши ҳақидаги қоидаларга ишора қилди.

Сир эмас, юртимиздаги турли таҳририятлар ва блогерлар томонидан юритиладиган Youtube, Facebook, Instagram ва Telegram каби ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзуси бўлиб турган турли инсонларнинг ва айниқса мансабдор шахсларни ҳақоратлаш, таҳдид қилиш, уйдирма ва туҳмат уюштириш, турли тартибсизликларга чорлаш каби изоҳлар қолдириб келинмоқда.

Хусусан, бизнинг таҳририятимиз томонидан жойланаётган материаллар остида қолдирилаётган айрим изоҳлар ҳам кишининг таъбини хира қилади. Аввалига биз фикр эркинлиги, дея бунга эътибор қилмас эдик. Очиғини айтиш керак, миллионлаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ёғдирилаётган изоҳлар оқимини назорат қилиш ҳам катта куч ва вақт талаб қилади, амалда бу деярли имконсиз. Лекин сўнгги ойларда бу кескин ва баъзида жуда қўпол ва хунук кўринишга ҳам келиб қолган. Бу масалага янгича ёндашув ва эътиборни талаб қилмоқда.

Алламжоновга кўра, сўз ва фикр эркинлигини бу қадар суиистеъмол қилиш ҳеч бир жамиятда кечирилмайди. Ҳар қандай давлатда турли чоралар белгилаб қўйилган.

«Бу ерда ҳеч ким цензурага чорламаяпти. Биз шунчаки, берилаётган материаллар остидаги «ахлат»ни тозалашни талаб қилмоқдамиз», — деди К.Алламжонов.

Журналистлар ва блогерлар жавобгарлик келтириб чиқарувчи изоҳларни шундай ҳам модерация қилиб боришаётганини, бироқ уларни доимий равишда кузатиб бориш ва ўчириб ташлаш учун вақт ва ресурс етишмаслигини, боз устига, бунинг учун қандайдир зудлик билан жазо қўллашни тақозо этадиган қоида жорий қилинса — бундай шарҳларни ғаразли инсонлар томонидан тун чоғларда атайлаб, таҳририят ёки блогерга ташвиш келтириш учун қолдиришларини таъкидлаб ўтишди.

Бироқ, блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев амалдаги қонунчиликка кўра, кунига кўплаб контент яратувчи сайтлар ва турли платформалар ва ижтимоий тармоқларда пост жойлаштирувчи блогерлар ўз битиклари остига қолдириладиган шарҳ ва изоҳлар учун жавобгар эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Токи, ўша қонунчиликка тўғри келмайдиган изоҳни ўчириш ҳақида огоҳлантириш олгунга қадар. Сайт ёки блог расмий огоҳлантириш олгандан сўнг ҳам изоҳ ўчирилмаса — шундагина жавобгарлик келиб чиқади ва масала судда кўрилиши мумкин», — деди Х.Худойбердиев.

Айтилган бу гапларни маъқуллаган К.Алламжонов ҳеч қандай янгилик бўлмаслиги, барчаси мавжуд қонунчилик доирасида бўлиши, сайтлар ва блогерларга бу каби огоҳлантиришлар АОКА ҳузуридаги мониторинг маркази томонидан берилишини айтиб ўтди. Агентлик директорига кўра, бунда маълум бир механизм ишлаб чиқилади, ўчирилиши лозим бўлган изоҳни ўчириш учун асос ҳам кўрсатиб ўтилади.

Х.Худойбердиев эса сайт ёки блогер АОКАнинг ўчирилиши лозим деб топилган изоҳлар борасидаги огоҳлантиришини нечоғлик кўп олгани учун ҳам жавобгар бўлмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Фақатгина огоҳлантириш берилганидан сўнг ўчирилмаган изоҳлар борасидагина баҳслашиш, судлашиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, ижтимоий тармоқларда битилаётган нохуш изоҳларни бартараф этиш юзасидан йиғилган журналист ва блогерларнинг қарашлари муштараклиги аниқ бўлди. Бу ерда барчани ўйлантираётган ва эътироз келтириб чиқараётган жиҳат — ўзгалар томонидан ёзилган изоҳлар учун жавобгарлик белгиланаётгани эди.

Учрашувда турли журналистлар ва блогерлар муҳокама мавзуси юзасидан ўз фикрлари ва таклифларини билдиришди. К.Алламжонов барча таклифларни эшитишга тайёр эканлиги ва агентлик эшиги доимо очиқлигини билдирди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ

P.S. Мазкур учрашувга К.Алламжонов барча журналист ва блогерларни таклиф этган эди. АОКАнинг учрашув ўтган зали кичик бўлганлиги сабабли, қатнашиш истагини билдирганлар рўйхати шакллантирилган ва рўйхат ўринлар сонига қараб тўлдирилган. Эшитишимизча, кўплаб блогерлар кечикиб келгани ёки рўйхатда бўлмагани учун мазкур учрашувга киритилмаган. Киролмай қолган айрим блогерлар Интернетда турли тахминларни ўртага ташлашга ҳам улгуришибди. Уларнинг учрашувга киритилмаганининг бошқа ҳеч қандай сабаби йўқ — шунчаки залда ҳаммага ҳам жой етмасди.

Кўпроқ янгиликлар