Самара областида ўзбекистонликларнинг заҳарланиши эҳтимолий сабаби маълум қилинди 

Ўзбекистон 23:04 / 14.08.2019 9419

Россиянинг Самара области шифохоналарига Сизран туманидан ўткир заҳарланиш аломатлари билан тушган ўзбекистонлик мигрантлар каламушларга қарши қўлланувчи заҳардан жабрланган бўлишлари мумкин. Бу ҳақда “Волга Ньюс” нашри хабар берди.  

Айни вақтда одамлар заҳарланган воситанинг нималиги аниқ ўрнатилмаган ва тадқиқотлар яна бир ой давом этиши мумкин. Бу ҳақда Тольяттидаги 1-сонли шифохона бош шифокори Леонид Разливинских хабар қилди. Бироқ унинг айтишича, жабрланувчилар дикумаринлар (қон қуйилишини камайтирувчи антикоагулянт бўлиб, каламуш заҳарларида қўлланади) гуруҳига кирувчи воситадан заҳарланган бўлишлари мумкин.

17 июнда Самара ва Тольятти шаҳарлари шифохоналарига Кошелевка қишлоғидан турли оғирликдаги заҳарланиш аломатлари билан Ўзбекистоннинг 46 нафар фуқароси етказилган. Кейинроқ жабрланувчилар сони 69 нафарга етган.

Россия тергов қўмитасида ҳудудга кишлоқ хўжалиги ишларида ишлаш учун 60 киши келгани маълум қилинган. Улар Сизран туманидаги уйда якка ҳолда яшашган ва ўзларига овқат тайёрлашган. 

Разливинскихнинг таъкидлашича, 14 август ҳолатига кўра, 1-сонли шифохонанинг токсикологик бўлимида заҳарланиш аломати билан келтирилган 44 нафар кишидан 41 нафари ҳали ҳам даволанишда қолмоқда. 3 киши соғайиб кетган.

Шифокор беморларнинг аҳволи юзасидан изоҳлар беришдан бош тортган, бироқ уларга барча зарур тиббий ёрдам тўлиқ ҳажмда кўрсатилаётганини таъкидлаб ўтган. Ўзбекистонликларнинг даволаниш жараёни Самара области соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган.

Кўпроқ янгиликлар