«Биз астрономиядан ташқари барча фанларда Қозоғистондан ортдамиз» — Дунёга машҳур астрофизик билан суҳбат

Ўзбекистон 21:15 / 11.08.2019 74892

Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан, таълим, илмий тадқиқотлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида таниқли олимлар билан суҳбатларни давом эттиради. Астрономия катта-ю кичик ҳаммани қизиқтирадиган соҳа. Юлдузлар, сайёралар, само илми барчани ўзининг сирли оламига оҳанрабо каби тортади. Бутун илмий фаолиятини шу сирли олам жумбоқларини очишга бағишлаган инсонлардан бири физика-математика фанлари доктори, профессор, Жаҳон Фанлар Академияси аъзоси Бобомурод Аҳмедовдир.

Сиз ва илмий гуруҳингиз астрофизикадаги энг ноёб объектларни, яъни қора ўра, нейтрон юлдузлар ва шу каби компакт объектларни ўрганасиз. Бу объектларнинг ўзи қанақа, оддийроқ қилиб тасвирлаб бера оласизми?

— Инсон туғилади, улғаяди, маълум касб-кор қилади ва охири вафот этади. Бу ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлидир. Шунга ўхшаб юлдузларнинг ҳам ўз ҳаёт йўли бор. Улар ҳам пайдо бўлади, яшайди ва сўнади. Биз ана шу сўнган юлдузларнинг охирги эволюция натижасини ўрганамиз. Юлдузларнинг яшаш даври жудаям ҳар хил. Уларнинг умри массасига боғлиқлигини илмий тажрибалар орқали аниқладик. Аммо инсон қанча умр кўриши унинг вазнига боғлиқ эмас. Чунки одамнинг ҳарорати ҳаммада бир хил 36,6 даража. Вазни қанча бўлмасин танадаги кимёвий реакциялар бир хил кечади. Лекин юлдузларда бунақа эмас: оғир юлдузларнинг температураси ўта юқори, енгиллариники эса паст бўлади. Уларда кечаётган термоядро синтези реакциялари тезлигига қараб умри узун ёки қисқа бўлади. Масалан, бизга энг яқин юлдуз бу Қуёш ҳисобланади. Одатда унга ўхшаган енгил юлдузлар жуда кўп яшайди. Қуёшнинг яшаш умри тахминан 10 млрд йилга яқин.

Юлдузнинг вазни нафақат яшаш ҳолатига, балки сўнгандан кейинги охирги ҳолатига ҳам боғлиқ бўлар экан. Қуёшга ўхшаган енгил юлдузлар портлаши орқали, улар электрон газдан иборат бўлган оқ митти объектга айланади. Оғирроқ юлдузлар портлаганда массаси каттароқ қолади ва нейтрон юлдузига айланади. Нейтрон юлдузларнинг таркиби нейтронлардан иборат бўлади. Лекин фараз қилайлик, юлдузнинг вазни ўнта қуёш массасига тенг бўлса, портлаш натижасида унинг асосий қисми тарқалиб кетади ва қолган бир қисми уч қуёш массасидан катта бўлса, у қора туйнукка айланади. Демак, бундан келиб чиқадики, қора ўра ўта массив юлдузларнинг эволюцияси натижасида пайдо бўладиган объект экан. Қора ўранинг бошқа объектлардан фарқли кўпгина жиҳатлари бор. Масалан, нейтрон юлдуз экстремал объект. Етти млрд одамни нейтрон юлдузга жойлаштирсак, унинг ичида оққанд бўлагидек бир куб сантиметр жойни эгаллайди, холос. Шундан ҳам унинг қандай зичликка эгалигини билса бўлади. Қора ўра эса, шундай экзотик объектки, унинг айтарли ҳеч қандай тавсифи йўқ. Шундай бир теорема бор — қора ўранинг сочи йўқ. Бу нима дегани, яъни унинг бор-йўғи иккита параметри бор ва бундан бошқа тавсифи йўқ. Биринчиси, унинг массаси бўлса, иккинчиси, айланиш моментидир. Ҳозирги кунда, бутун жаҳон олимлари мана шу иккита объектнинг табиатини ўрганишга катта эътибор қаратишган.

Илмий тадқиқотларингиз фақат назарийми ёки маълум астрономик объектлар учун ҳам кузатувлар олиб бориладими?

— Саволингиз ўринли, негаки, биз асосан назарий тадқиқотлар олиб борамиз. Лекин ҳозирги кунда бизнинг қизиқишларимиз кузатувларга ҳам қаратилган. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишим жоиз, яъни табиий фанлар ҳисобланган кимё, биология ва физика тажрибавий фанлар ҳисобланади. Ҳар бир назария табиий фанлар учун бирламчи эмас, яъни тажриба муҳим рол ўйнайди. Жуда чиройли ғоя асосида қилинган гипотеза тажрибада тасдиқланмаса, ундай иш бир пулга қиммат. Унда нега астрономия физикадан ажратиб олинди деб ўйлашингиз мумкин. Астрономия энг қадимий фан бўлиб, у асосан кузатув фани ҳисобланади. Физикада тажриба қилиб натижаларни оласиз, астрономияда эса кузатувлар асосида натижа оласиз. Одамлар тажриба қилмасдан ҳам олдин кузатув қила билган.

Таққослаш учун яна бир мисол келтираман, физикада коллайдерда иккита протонни тўқнаштириб ҳосил бўлган зарраларни ўрганишим мумкин. Агар унинг энергияси кам бўлиб менга ёқмай қолса, яна қайтадан тажриба қилишим мумкин. Астрономияда эса бунақа имконият йўқ. Бу ерда тажрибани табиатнинг ўзи белгилайди. Мисол учун, 2017 йили астрономия институти томонидан портлаш натижасида пайдо бўлган ўта янги юлдуз аниқланган. Агар ўша пайтда астрономлар ухлаб қолганда ёки телескоп ўчган бўлганда эди, ҳаммаси тамом бўларди. Чунки бундай ноёб ҳодиса яна бир миллион йилдан кейин келар, билиб бўлмайди.

Бизнинг институтга келсак, институтимиз асосан кузатув билан шуғулланувчи институт ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси кузатувлар олиб боришдан иборат. Асосан Майданак баланд тоғ обсерваториясида кузатув олиб борилади. Назарий илм билан машғул бўлсак ҳам, бу назарий билимларимиз кузатувларга боғлиқ. Биз сўнгги пайтларда ионосферани ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. GFZ-Потсдам тарафидан такдим этилган GPS ускуналари ва Стэнфорд университетининг VLF қабул қилгичлари орқали биз ионосферани мониторинг қиламиз.

Қора ўраларга оид сўнгги оламшумул илмий янгиликлардан бири - бу иккита улкан (массив) қора ўранинг ўзаро қўшилиши натижасида ҳосил бўладиган гравитацион тўлқинларнинг кашф этилиши бўлди. Шу ҳақда қисқача маълумот бера оласизми, гравитацион тўлқин ўзи нима?

— Табиатда тўртта куч бор: кучли, кучсиз ўзаро таъсир, электромагнит ва гравитацион кучлар. Кучли ва кучсиз ўзаро таъсир бу фақат микродунёда мавжуд. Кичик квант даражасига борганда бу иккиси ишлайди. Шунда иккита таъсир қоляпти: электромагнит ва гравитацион — улар катта масофаларда ишлайди. Астрономия учун мана шу иккиси қизиқ, чунки биз узоқдаги объектларни ўрганамиз. XX асргача бўлган кузатувлар электромагнит кузатувлар ҳисобланган.

Элекромагнит тўлқин кўндаланг бўлиб фазога тарқалади. Юлдуздан ҳам электромагнит тўлқин чиқади ва фазога тарқалади ҳамда Ергача етиб келади. Маълумки, Ернинг ўз атмосфераси бор ва у шундай таркиб топганки, электромагнит тўлқинининг катта қисмини ўтказмайди. Келаётган нур атмосферада ютилиб кетади ва бизгача етиб келмайди. Биз фақат 4-7 минг ангстрем оралиғида бўлган тўлқин узунлигини кўра оламиз. Миллион йиллар давомида одамзод фақат ушбу диапазондаги тўлқин узунлигини кузатиб келган. XX асрда вазият ўзгарди, яъни XX асрда электромагнит спектрни радио диапазондан тортиб гамма диапазонгача кузатиш имкони бўлди. Бунинг асосий сабабчиси 1957 йилда биринчи космик йўлдош Ер гравитацион майдонини, яъни атмосферани тарк этганидир. Илгари битта хонада кичкинагина мўричадан бутун самони кузатиб юрганмиз. Энди эса ташқарига камералар чиқариб қўйилди ва хонада ўтириб экранда камера берган маълумотларни ўрганяпмиз. Бугунги кунда бутун Ер атрофи телескоплар билан тўлдирилган. Бу билан электромагнит диапазонни тўлиқ ўзлаштирдик.

Гравитацион таъсирда тарқалаётган тўлқинларнинг мавжудлигини 1915 йилда Эйнштейн башорат қилган. Шунга қарамай гравитацион тўлқинлар 100 йилдан кейин топилди. Уни сезиш қийин, чунки жуда-жуда кучсиз. Иккита қора туйнук тўқнашганда ҳосил бўлган гравитацион тўлқин ерга ҳам етиб келиб (ушбу сигналлар Америкадаги LIGO ва Европадаги VIRGO детекторлари ёрдамида қайд этилади, уларнинг ойналари орасидаги масофа тўрт км бўлиб, ичи вакуумдан иборат) системага тушганда ундаги ойнани бир фермига (10-13 см) силжитади. Бу эса битта атом ядроси ҳажмига тенг келадиган ўлчамдир! Ҳозирги мавжуд техника шу даражадаги аниқликда ишлайди. 2015 йил 14 сентябрда биринчи оламшумул ҳодиса топилди, яъни иккита қора туйнук бир-бири билан тўқнашди. Иккаласи ҳам ўттиз қуёш массасига тенг массага эга бўлган. Кейинги яна бир кузатув — бу XXI асрнинг энг катта кашфиёти бўлди. Бу билан физикада инқилоб қилинди. NGC 4993 эллиптик галактикада жойлашган иккита нейтрон юлдуз ўзаро тўқнашди. Биз бу билан кўплаб жумбоқларга жавоб олдик. Шундай фундаментал муаммолардан бири — бу ноёб оғир металлардир: олтин, платина ва уран металларини иккита нейтрон юлдузининг ўзаро тўқнашувида юзага келишини кузатдик. Ишонч билан айтиш мумкинки, биз мультимессенжер эрасига кирдик. Назариётчилар томондан башорат қилинган макронова ҳодисаси илк бор кузатилди ҳамда битта ҳодиса гравитацион ва электромагнит тўлқинлар орқали кузатилди.

Маълумки, астрономия соҳасига, космик тадқиқотларга хорижий давлатларда жуда катта маблағлар ажратилади. Давлат томонидан ҳам, ҳатто хусусий инвесторлар томонидан ҳам (масалан, Илон Маскнинг SpaceX компанияси). Айтинг-чи, Ўзбекистонда астрономик тадқиқотларга тахминан қанча маблағ ажратилади ва булар асосан қандай тадқиқотларга йўналтирилади?

— Мен Германияга кўп бораман, кузатувларимда бир нарсани аниқладим. Уларнинг назарий физика ёки гравитация назарияси бўйича аспирантурага берилган жойларини химияга берилгани билан таққосласак, химияга берилган ўрин назарий физиканикидан анча кўп. Нега бундай десангиз, сўраб билдимки, Германияда саноат ишлаб чиқаришдаги компаниялар аспирантура очиш учун ўзларидан маблағ берар экан. Бу дегани, саноат корхоналари ўзларининг ишлаб чиқариш ҳажми кучайиши учун илмга пул тикади. Индустрия илмни қўллаб-қувватлайди ва бундан ўзи ҳам манфаат олади. Қизиқиш ва манфаат бўлгандагина илмга давлатдан ташқари пул ажратади. Фанга давлат маблағи, табиийки, етарли эмас. Ривожланган давлатларда фанга ажратиладиган давлат бюджети 2-3 фоиз атрофида бўлади. Лекин бизда бу ҳатто бир фоизга ҳам бормаган. Сўнгги йилларда буни кўтаришга ҳаракат қилиняпти. Фан ривожланиши учун маблағни кўпроқ ажратиш керак бўлади.

Битта муаммо бор, мана сўнгги йилларда асбоб-ускуна олиш учун давлат томонидан 32 млн АҚШ доллари ажратилди. Табиийки, бу етадими деган савол туғилади, масалан астрономия тадқиқотлари жуда-жуда қиммат туради, аммо физика ва астрономияда аксарият тадқиқотлар фундаментал ҳисобланади. Фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш керак эмас, фақат инновацион тадқиқотлар зарур, деган гаплар албатта хато. Фундаментал фан ривожланиши керак. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатяпти.

Булар қандай қилиб индустрияни ўзгартиришига мисол келтираман. Британиялик олим Майкл Фарадей ихтиро қилган электромагнит индукция қонуни ҳақида эшитган Британиянинг молия вазири келиб уни кўради ва аппарат стрелкаси у ёқдан бу ёққа боришида менга нима фойда бор деб сўрайди. Олим эса қанақа фойда бўлишини билмайман-у, лекин аниқ ишонаман, қачондир шунинг орқасидан солиқ оласан, дейди. Бугунги кунда, оддий мисол, қўл телефони нима учун ишлайди, генераторда электр токи ишлаб чиқаргани учун ишлайди. Энди нафақат Буюк Британияда, балки Ўзбекистонда ҳам телефонни ишлатганингиз учун ҳар куни солиқ тўлаб борасиз. Ёки камерани олайлик, дастлаб булар фундаментал астрономик тадқиқотлар учун яратилган бўлган. Бугун эса бундан ҳамма бемалол фойдаланиб юрибди. Ноутбук нима учун пайдо бўлган? Ташқарига чиқаётган телескопнинг маълумотларини ихчамлаштириш учун керак эди. Чунки фазога чиқадиган ҳар бир кг юкнинг нархи жуда қиммат турган. Жуда кичик интеграл микросхемалар орқали кичрайтириш зарур бўлган. Ушбу кичрайишлардан кейин бугунги кундаги ноутбуклар пайдо бўлган. GPS навигация системаси ҳам астрономия учун яратилган тадқиқотлардан бири.  Яна бир мисол, ДАН ходимлари томонидан ишлатиладиган радар Допплер эффектида асосланган ва илк бор астрономияда яқинлашаётган ва узоқлашаётган астрономик объектларнинг тезлигини ўлчаш учун қўлланган. Бундан келиб чиқадики, астрономияни ривожлантириш учун қилинган фундаментал тадқиқотлар кейинчалик ҳаётга кириб келмоқда.

Астрономияда фундаментал тадқиқотлар учун ишлаб чиқарилган ускуналар анча қиммат. Мисол учун, телефоннинг камераси 10 евро туради десак, телескопда ишлаётган битта ССД камера 250 минг АҚШ доллари туради. Бу телескопдаги биргина кичкина элементнинг нархи холос. Ҳозирги кунда битта РТ-70 радиотелескопи қурилишини якунлаш 100 млн. АҚШ доллари атрофида сарф-харажатни талаб қилади. Шунга қарамай давлатимиз томонидан бу ишни якунлаш ва радиообсерваторияни ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2017 йилда Остона шаҳрида Ислом Ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг фан ва технологиялар бўйича Биринчи саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ИҲТнинг Майданакда замонавий тўрт метрли телескопни ўрнатиш таклифини қўллаб-қувватладилар ва бу ҳам амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар режасига киритилган.

Шу ўринда икки жиҳатга эътиборингизни тортаман, биринчиси, давлат иқтисоди ривожланиши керак. Иккинчидан, ҳозир жуда катта маблағни ҳам бирданига киритиб бўлмайди, негаки, бизда асосий муаммолардан бири кадрлар масаласи бўлиб турибди. Бунинг бир томони ўтган йилларда инглиз тилига кам эътибор қаратилганида деб ўйлайман. Чунки бу соҳани инглиз тилисиз жаҳон даражасида ўрганиб бўлмайди.

Ибн Сино ва Берунийлар замонида халқаро илм тили араб тили бўлган. XX аср бошида бу мавқега немис тили эга чиққанини биламиз. Эйнштейн нисбийлик назариясини немис тилида ёзган. Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан кейин вазият ўзгарди ва инглиз тили доминантликка кўтарилди. Мен ажабланмайман аср охирига бориб хитой тили шу даражага чиқиб кетса, чунки у ердаги ривожланиш жуда тез суръатларда ўсмоқда. Жамиятда зарурият даражасига чиқмас экан, тил ўрганиш оқсайверади. Шунингдек, бу соҳа учун компьютер дастурлаш тизимини ҳам ўрганиш ўта зарур. Мен чет элга чиққан шогирдларимдан муаммолари ҳақида сўраганимда, улар айнан дастурлаш билан боғлиқ муаммоларни айтишади.

Сир бўлмаса, ўзингиз хорижий ва Ўзбекистондаги қандай илмий грантларда иштирок этасиз ва бу грантларга 1 йиллик қанча маблағ ажратилган?

— Биз қатнашаётган энг катта грантлардан бири ERC (European Research Council) ҳисобланади. У лойиҳасини уч қисмга бўлган, уларнинг бирида биз ҳам фаол қатнашамиз. Ҳар бирига 6 йил муддатга 4,5 млн евродан берган. Лойиҳа Black Hole Cam (Қора туйнук камераси) деб номланади. Бу асосан қора туйнук тасвирини олиш лойиҳаси ҳисобланади.

Халқаро назарий физика институти грантларида ҳам кўп йиллардан бери қатнашиб келмокдамиз. Улардан олинадиган маблағ кам бўлишига қарамасдан ёш мутахассисларни тайёрлашда аҳамияти жуда юқори. Volkswagen ва НАТО грантларида ҳам қатнашганмиз. Ҳозирги кунда Европанинг Erasmus+ лойиҳаларида фаол иштирок этмоқдамиз.

Биз 2016 йилгача минтақавий лойиҳаларда иштирок этмагандик. Сўнгги йилларда Назарбоев университети билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Шунингдек, Хитойнинг Фудан университети билан ҳам ҳамкорлигимиз бор ва бу биз учун катта ютуқ. Чунки Фудан Хитойда иккинчи, жаҳонда қирқинчи ўринда турадиган университет саналади.

Сизнинг ўзингизга хос бўлган хусусиятларингиздан бири — бу атрофингизга кўплаб ёшларни тўплаб, илмий мактаб ярата олганингиз ва уни самарали тарзда юрита олаётганингиз бўлса керак. Илмий гуруҳингизга қўшилишни истаган ёшларни қандай талаблар асосида танлаб оласиз ва улар илмий фаолиятлари давомида грантларда иштирок этиб, қандай илмий ютуқларга эришмоқда.

— Ўтган йиллар мобайнида анчагина шогирдлар етишиб чиқди. Шуларга таяниб айтишим мумкинки, релятивистик астрофизика — назарий астрофизика борасида кўнглим тўқ, соҳанинг келажаги порлоқ.

Шогирдликка олаётганда билими, инглиз тилини яхши билиши ва дастурлашга қизиқишига қарайман, шунингдек, ёшига эътибор бераман. Ёш тадқиқотчи интилувчан бўлади, кўп ишлайди, натижаларга эришишга кўпроқ ҳаракат қилади. Мақолаларда номи зикр этилишини истайди. Улар билан ишлаш ҳамиша завқли. Шунинг учун айтаманки, ёш кадр олиш керак. Уйлангандан кейин унда оила бўлади, илм эса худди инжиқ аёлга ўхшайди, доим эътиборда бўлишни хоҳлайди, талаб қилади.

Ёш шогирдларнинг илмий стажировкасига ҳам катта эътибор берамиз. Шунинг учун уларнинг кўпчилигини Ҳиндистондаги Халқаро Астрономия-астрофизика институтига юборамиз. Ўша ерда икки-уч ой стажировка ўтайди. Чет эл олимлари билан ишлашни ўрганади. Чунки Халқаро колоборацияга тайёр бўлиши керак. Шундагина улар ўзларининг илмий йўлини топиб кета олади.

Шогирдларимнинг натижаларига келсак, яқинда 31 июль куни Арман Турсунов 28 ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Физика соҳасида ҳали бу ёшда фан доктори бўлмаган эди. Бунгача Аҳмаджон Абдужаббаров исмли яна бир шогирдим 31 ёшида докторлик диссертациясини ёқлаганди. Марозова Викториянинг номзодлик ишида раҳбар бўлганман. Виктория 23 ёшида фан номзоди бўлган эди. Кейинчалик Калифорния технология институтида ишлади. Ҳозир Пенсильвания давлат университетида фаолият олиб боряпти.

Ўзбекистон Астрономия фани бўйича Скопус рейтингида 56-ўринда туради. Бунда ёшларнинг ўрни аҳамиятга эга. Натижалар шуни кўрсатяптики, биз астрономиядан ташқари барча фанлар бўйича Қозоғистондан ортдамиз. Астрономияда олдинда эканининг асосий сабабларидан бири ёшлар салмоғи юқори эканида деб биламан.

Шу билан бирга, таълимда мени қониқтирмаётган жиҳатлар ҳам бор. Шулардан бири — бакалавр талабаларининг чет элда стажировка оширмаслиги. Қўшни Қозоғистонда, бу жуда яхши йўлга қўйилган, талабаларни бакалавр пайтиданоқ стажировкага юборади. Бунинг учун талабалар ҳам тайёр бўлишлари керак, албатта. Erasmus+ лойиҳаси бўйича тўртта бакалавр талабамиз стажировкага бориб келди, лекин бу рақам жуда паст.

Иккинчиси, магистратурада табиий фанлар инглиз тилида олиб борилиши керак ва бундан бошқача бўлмайди. Чунки илмингизни жаҳон ҳамжамиятига етказиш учун шу нарса зарур. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тажрибавий фанлар учун тажриба қилинадиган асбоб-ускуналар йўқ. Лаборатория экспериментларини амалга ошириш учун тажрибавий база юқори бўлиши лозим. Асбоб-ускуналарни университетда етарли бўлиши муҳимдир. Магистратура талабалари, буни президентимиз ҳам таъкидладилар, Фанлар Академияси билан узлуксиз алоқада бўлишлари керак. Афсуски, илмий даргоҳ юзини кўрмай ўтиб кетганлари қанча!

Сизнингча, тадқиқотчилар илмий ишларини сифатли ва қисқа фурсатларда ҳимоя қилишларида ОАКнинг ўрни қандай? Бундай турдаги ташкилот ривожланган хорижий давлатларда ҳам мавжудми? Агар мавжуд бўлмаса, Ўзбекистонга шу ташкилот қанчалик керак ва илм аҳлига ОАК орқали маълум бир бюрократик тўсиқлар қўйилганми?

— Бу ташкилот атрофида кўп баҳслар бўлади. Кимдир керак дейди, кимдир йўқ. Бу борада менинг ўз қарашим бор. Менимча, бу ташкилот ҳозирги вақтда керак. Негаки, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги институт ва университетларнинг илмий салоҳияти турлича. Агар ОАК тугатилиб, ҳар бир университетга илмий даражани ўзи белгилаши бериладиган бўлса, тадқиқотчилар илмий салоҳияти пастроқ жойга бориб, тезроқ ёқлаб олиш пайида бўлади. Ундан кейин юзага келадиган муаммоларни ечолмай қоламиз. Бу ташкилот ҳозирги пайтдагина керак, келажакни эса кейин кўрамиз. Аввал адолатли бўлишни ўрганиб олайлик.

Лекин шу билан бирга, ОАКнинг ҳозирги фаолиятидан қониқмаслигимни ҳам айтиб ўтишим керак. Бу ҳақда мен ОАКда ҳам кўп бор гаплашганман. Эътирозим шуки, нега фан доктори бўлиш учун диссертация ёзаётган номзод илмий журналларда атиги иккитагина мақола чиқарса етарли деб ҳисобланади? Бу жуда кам! Табиий ва аниқ фанлар бўйича фундаментал тадқиқотлар учун бу етарли эмас. Шу бўйича илмий изланиш олиб бораётган номзод, менинг фикримча мастер — ўз ишининг моҳир устаси бўлиши керак. 50 ёшигача бор-йўғи иккита мақолани зўрға ёзган одамга фан доктори илмий даражасини бериш мутлақо нотўғри. Унақа олим на давлатга, на фанга керак. Фақат ўзига керак, ойлигини ошириб кўпроқ пул олса бўлди. Фан доктори ўзининг янги илмий йўналишни очиб, йилига ўнлаб илмий мақолалар чиқарадиган олим бўлиши лозим.

Бизнинг Астрономия институти охирги 20 йилда нуфузли журналларда 400та илмий мақола чоп этган, ёқланган диссертациялар эса 40тага боргани йўқ. Бу дегани, ҳар бир диссертацион иш учун ўртача ўн ва ундан ортиқ мақола тўғри келади.

ОАК докторлик диссертацияларига талабларни анча ошириши керак. Энг ачинарлиси, ОАК томонидан Ўзбекистонда чоп этилаётган журналлар рўйхати тузиб қўйилган, фан доктори диссертациялари учун бу нотўғри (Балким, PhD диссертациялари учун бу қарор баъзи йўналишларда қисман ўринлидир). Минг афсуски, уларда чоп қилинадиган аксарият мақолаларнинг илмий савияси ўта паст даражада ва макулатурадан бошқа нарсага ярамайди. Бунақа мақолалар билан фан доктори даражасида илмий иш ёқланишига бутунлай қаршиман (асосий салбий сабаб — маҳаллий журналларда ҳақиқий тақриз системаси мавжуд эмаслиги). Уларни мушук болаларидек кўпайтиришдан наф йўқ. Аслида эса маҳаллий журналларни ОАК рўйхатига эмас — халқаро Web of Science ва Scopus маълумотлар базасига киритишни ўйлашимиз керак. Бу жуда қийин жараён ва қўшимча маблағлар талаб этишига қарамасдан, Марказий Осиёнинг асосий мамлакати учун уддалайдиган вазифа.

Ўзбекистонда астрономиянинг амалий йўналишларида қандай салоҳият мавжуд? Бизда ҳам яқин 10 йилликларда, масалан Майданак обсерваториясида йирик телескоплар қурилиши ёки Ўзбекистон ўзининг биринчи сунъий йўлдошини учириши мумкинми?

— Бир иш қилишдан олдин маълум мақсадлар кўзланади. Шунга кўра, сунъий йўлдош ҳам кўплаб мақсадлар асосида амалга оширилади. Унинг учун ҳам жуда катта маблағ талаб қилинади. Балки, Қозоғистон билан ҳамкорликда учирилар. Лекин бундан бошқа ҳам зарур муаммолар турибди. Бу қачондир бўлади, албатта.

Астрономия институтига, юқорида айтганимдай, давлат томонидан дастур киритилган. Шунинг доирасида Майданакда тўрт метрли телескоп қурилади. Майданак обсерваторияси, тўла маънода айтишим мумкинки, келажаги бор. У ерга борадиган йўл ёмон эди, бу ҳам яхшиланяпти, бинолар ва бошқа таъмирлар учун 5,5 млрд сўм маблағ ажратилган. У ерда ҳозир 10та телескоп бор. Майданакдаги астроиқлим бошқа ерда кузатилмайди, бундан фойдаланиш лозим.

Маълумки, Президент қарори билан Мирзо Улуғбек номидаги астрономия мактаби ташкил этилди. Бу мактаб фаолияти қандай йўлга қўйилди? Келажакда улардан бўлажак астрономларни кутишимиз мумкинми?

— Мен университетда астрономия кафедрасида ҳам, назарий физика ва атом физикаси кафедраларида ҳам ишлаганман. Аниқ айта оламанки, астрономия билан шуғулланувчи олим физикани энг элементар заррадан тортиб юлдузгача билиши керак, яъни билими жуда чуқур бўлиши зарур. Бундан ташқари, математикани ҳам пухта ўзлаштириши талаб этилади. Бу дастурлаш учун жуда муҳим омил. Буларни ўрганиш учун тўрт йил бакалавр камлик қилади. Шунинг учун яна беш йил қўшиляпти. Бугун илмга берилган эътибор магистратура ва таянч докторантурани ҳам қўшиб ҳисоблаганда 14 йилдан кейин албатта ўз мевасини беради. Илмга киритилган сармоянинг натижаси бирдан билинмайди. Лекин натижа бермасдан ҳам қолмайди.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Кўпроқ янгиликлар