Урганчдаги корхонанинг қурилиш ишлари тикланди. Вазирликдан айбдорларга чора кўриш сўралган

Жамият 17:57 / 12.07.2019 4273

Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида фаолият юритувчи «Turon House» хусусий корхонаси томонидан олиб борилаётган қурилиш ишлари ноқонуний деб тўхтатилган. Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг 2019 йил 7 мартдаги 15-сон кўрсатмаси бунга асос бўлган.

Шовот каналининг ҳимоя зонаси 50 метрдан оралиқ масофа сақланиши белгилангани, бироқ бу масалада Шовот ДУК билан келишилмагани айтилган. Шунингдек, шаҳарсозлик фаолиятидаги қонунчиликка асосланиб Урганч шаҳри ҳокими қарори чиқарилмасдан Урганч шаҳри архитектори рухсатномаси орқали берилгани ҳамда ортиқча эгаллаб олинган ер майдонлари қурилиш тўхташига асос бўлиши назарда тутилган.

Шундан сўнг, тадбиркор инспекциянинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — бизнес-омбудсманга мурожаат қилган. Тегишли ўрганишлардан сўнг, бизнес-омбудсман тарафидан Қурилиш вазирлигига тақдимнома жўнатилади.

Унда қуйидагилар келтирилган:

Ушбу тақдимномада инспекция томонидан берилган кўрсатма «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг 23 ва 25-моддаларига зид ҳаракат содир этилгани айтилган. Ҳужжатга кўра, кўрсатмада келтирилган хусусий корхонага тегишли ҳудуд 800 кв. метрни ташкил этади ва ўзлаштирилган ортиқча ер сифатида кўрсатилган ҳудуд ҳам корхонага тегишли бўлиб, аслида корхонанинг умумий майдони 924 кв. метрни ташкил қилади.

Шунингдек, бизнес-омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495 сонли «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони нормалари эслатиб ўтилган. Яъни, давлат органи ёки мансабдор шахснинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи инсофли инвестор ёки тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахл қилса, суд тартибида кўриб чиқилиши белгиланади.

Шуларни инобатга олиб, вазирликдан қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилиши, такроран йўл қўйилмаслиги учун зарурий чора-тадбирлар кўрилиши, айбдорлар интизомий жавобгарликка тортилиши, 15-сон кўрсатмаси бекор қилиниши ва бу ишлар қилингани бўйича 15 кун ичида ёзма хабар қилиниши сўралган.

Ушбу тақдимнома берилгандан сўнг Қурилиш вазирлиги томонидан жавоб хати йўлланган. Унга кўра, Хоразм вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи Б. Қурбанов огоҳлантирилгани, инспекциянинг 2019 йил 7 мартдаги 15-сонли кўрсатмасининг 7-банди тегишли тартибда бекор қилиниши бўйича кўрсатма берилгани маълум қилинган.

Ҳозирги кунда ушбу қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Бу иш мисолида бизнес-омбудсман ҳуқуқларининг ҳимояси борасида мурожаат қилиш учун эшиклари очиқ эканлигини таъкидламоқда. 

Кўпроқ янгиликлар