Шароф Рашидов туманида «Қани сув?» деб сўрайдиган одам ҳам, суғоришга сув ҳам топилмаяпти

Жамият 00:25 / 12.07.2019 21776

«Биз меҳнат қилаётган Шароф Рашидов тумани «Қулписар» ФХХУдаги ДМ1 каналида 10 кундан бери сув йўқ. Бунинг натижасида пахта майдонларига сув келмаяпти. Энг яхши пахта майдонлари бизнинг ҳудудда, бунинг учун йил давомида тинмай меҳнат қилдик. Айни дамда гуркираб турган пахта майдонларимиз қовжираш арафасида. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. «Бўлади», «эртага», «индин» деган жавобдан ортиқ ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Бизга шу муаммони бартараф этилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз…» Kun.uz таҳририятга Жиззах вилоятидан келиб тушган навбатдаги мурожаатнинг қисқача мазмуни ана шундай эди.

Вазиятни ўрганиш мақсадида Шароф Рашидов тумани «Қулписар» ФХХУда бўлганимизда, кун ботиш арафасида эди. Шундай бўлса-да, воқеа жойида ҳудуднинг раиси Шуҳрат Қўшбоқов ва туман ирригация бўлими ходимларини учратдик. Ҳолат бўйича саволларимизга «Қулписар» ФХХУ раиси Шуҳрат Қўшбоқов шундай жавоб берди:

— Кўрганингиздек, сув батамом қуригани йўқ, бугун сал камайди. Аслида, далалардаги пахта майдонлари деярли сув ичиб бўлди. Фақат шу энг чекка ҳудудларимизда озгина муаммо бор. Сув сатҳи камайгани боис етказиш қийин бўлаяпти. Истасангиз, сизга пахта майдонларини кўрсатишимиз мумкин. Мана, туман ирригация бўлими ходимлари ҳам шу ерда, ҳозиргина «Ховос-Зомин» ирригация тизими бошқармаси мутахассислари билан ҳам гаплашдик, эрталабгача сув тўлиқ етказилиб берамиз дейишди.

 

Биз ҳудуддаги ДМ1 канали бўйида бўлганимизда ҳақиқатан ҳам сувнинг сатҳи жудаям камайганлиги бу эса белгиланган пахта майдонларига қандай етиб бораётганлиги билан ҳам қизиқдик. Ўзини шу соҳада «қирқ йиллик» тажрибага эканлигини айтган ҳудуд мироби Зиёд Тўраев «барча пахта майдонлари тўлиқ суғорилганини мана шу охирги нуқта ҳисобланмиш ДМ 1 каналидан суғорилаётган фермер хўжаликларининг энг чекка ҳудудларигача насослар орқали сув етказиб берилаётганлигини, бу борада муаммо йўқлиги»ни қайта ва қайта таъкидлади.

Ҳар ишнинг ўз «устаси» бўлади. «Қирқ йиллик» тажрибага эга мироб бобонинг сўзларига ишондик. Сувчиликда «қирқ йиллик» тажрибага эга Зиёд Тўраевнинг ёлғон сўзлашда ҳам «қилни қирқ ёриши» хаёлимизга келмаган эди. Бундай дейишимизга асос бор. Сувсизликдан қовжираётган пахта майдонларини деб йил сўнгида миллион-миллион сўм зарар билан чиқишини олдиндан ҳисоблаб ҳаловати йўқолган фермерлар дардини эшитсангиз сиз ҳам бунга амин бўласиз.

«Мен шу ҳудудда 300 гектар ер майдонига пахта экканман. Бир неча йиллик тажрибага эга фермерман. Давлатдан 1,5 миллиард сўм кредит олиб иш бошлаганмиз. Сув ўн кундан бери йўқ, буни ҳамма билади. Энг алам қиладигани шуки, айнан шу муаммони деб йил бошидан бери курашиб келамиз. Вазиятдан барча тегишли ташкилот масъулларининг хабари бор, лекин ҳеч ким «сиртига сув юқтирмайди». Айни пайтда 100 гектар майдонидаги пахта кўчатлари қуриш арафасида, бунинг зарарини ким қоплайди? Бир гектар ерга ўртача 4 млн. сўмдан пул сарфлаганмиз, зарар кўраётган майдоним эса 100 гектардан зиёд. Шу каналдан келаётган 600 литр сувни ҳам бизга раво кўришмайди, унинг ўрнига яширинча фермер хўжалигида экилган ноқонуний экинлар ва полиз маҳсулотлар тинмай суғорилади. «Қулписар» ФХХУдаги 255, 403, 252, 245, 248, 241, 198 ва 208-контурларида кунгабоқар ва полиз маҳсулотлари ноқонуний экилган. «Нурафшон замин», «Нурали замин» ва «Тиркаш бобо» фермер хўжаликларига қарашли ер майдонлари айнан сув борадиган ерлар бўлиб «Қулписар» ФХХУ раиси Шуҳрат Қўшбоқовнинг ташаббуси ва шахсий манфаатини устун қўйгани боис сув тортмайдиган ерларга пахта экиш режалаштирилган. «Насосда сув боради», деганлар ёлғон гапиришибди. У насослар умуман ишламайди», — дейди «Қили Маржон»  фермер хўжалиги раиси Ўрозбой Эшмирзаев

Пахта майдонларидаги ҳақиқий ҳолат бўйича «Қулписар» ФХХУнинг агрономи Қўчқор Қурбонов муаммо юзасидан шундай изоҳ берди:

«Қили Маржон», «Қулписар Кумуш тола» ва «Томчи жилоси» фермер хўжаликлари ҳудуддаги энг чекка, сув етиб бормайдиган жойда жойлашган. Ўн кундан бери сув келмаяпти. Бунинг натижасида, сувсизликдан пахта майдонлари қурияпти, ғўзалар қовжираяпти. Кўриб турганингиздек, сувнинг ўзи йўқ. Пахталар бор шонасини ҳам тўкаяпти. Аслида, экилган кўчатлар ёмон аҳволда эмас, лекин сув етиб келмагани ўз ишини кўрсатяпти. Агар яна икки уч кун сув келмаса, иш шу йўсинда давом этадиган бўлса, фермерларнинг қилган меҳнати йўққа чиқиши мумкин. Мана, лотокларимизни аҳволини кўриб турибсиз, бир грамм сув йўқлиги билан бир қаторда бузилган ҳолатда. Бунинг устига 11–18 июль кунлари аномал иссиқ бўлиши кутилмоқда. Шусиз ҳам қовжираб турган кўчатлар қай аҳволга тушади?» — дейди агроном Қўчқор Қурбонов

Мурожаатдан кейин ўзига жуда кўп «душман» орттиришини билган фермерлар «ортиқ чидай олмасликларини, пичоқ бориб суякка қадалганинини» айтишди.

«Вазият агар шу тариқа давом этса, биз ҳосилимизга куйиб қолишимиз мумкин. Мақтаниш эмас-ку, аммо етиштираётган пахтамиз ёмон эмас. Йўл-йўлакай эътибор бериб кетсангиз, солиштирсангиз, ўзингиз аниқ хулосани чиқариб оласиз. Кўчатларимиз тўрт донагача шоналаган, лекин тўкилаяпти. Сувсизлик ўз ишини кўрсатаяпти. Биз лотокларнинг бузилиб ётгани ва етарлича сув келмаётганидан мурожаат қилавериб, чарчадик. Эртага олган кредитни қандай қоплаймиз? Уй-жойимизни сотиб тўлаймизми қарзимизни?! Бунга ким жавоб беради?! «Ховос-Зомин» ирригация тизими бошқармасига минг марта хат билан ҳам чиқдик, қўнғироқ қилавериб безор ҳам қилдик. Фойдаси йўқ! «Ўзинг учун ўл етим». Кимгадир қилган мурожаатимиз ёқмаслиги мумкин, аммо биз эртага нима қиламиз?» — дейди «Қулписар Кумуш толаси» фермер хўжалиги раиси Қудрат Тугалов.

Бугун фермерлар уларининг пахта майдонларига сув етиб келмаётганлигида баъзи бир далаларда ноқонуний экин экиб фойда кўзлаётган «тадбиркор» фермерларни ва «Ховос-Зомин» ирригация тизими бошқармасини айбдор қилишаяпти.

Хўш, муаммо аслида нимада?

Саволларимизга жавоб олиш мақсадида «Ховос-Зомин» ирригация тизими бошқармаси раҳбари Лапас Ўролов билан боғланишга ҳаракат қилдик. Мавжуд ҳолатни Лапас Ўролов шундай изоҳлади:

«Сувимиз етарли. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақатгина озроқ насослар режимида ўзгариш бўлди, шунинг ҳисобига сув камайди. Хабарингиз бор, ўтган йилларда фақат ғалла ва пахта экиларди. 10 гектар ер майдонига ғалла экилган бўлса, айни дамда 10 гектар майдонга такрорий экинлар ҳам экиляпти. Такрорий экинлар ўтган йилларга нисбатан меъёридан ошиқ майдонларга экилмоқда. Ўзингиз биласиз, такрорий экин экилгандан сўнг, уни суғориш керак. Такрорий экин ва пахта экиш иккаласи айни бир вақтга тўғри келгани боис, сув етказишда бироз муаммо бўлаётган бўлиши мумкин. Пахта майдонларимиз озгина чанқагандир, буни инкор этолмаймиз. Лекин муаммо ҳал бўлди, бугун кечга сув етиб боради, эртадан ҳаммаси ўз изига тушиб кетади. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Тожикистондан сув етиб боради, «Қили кўприк» деган каналимиз бор. «Сангзор» ва «Зарафшон» каналларида селдан йиғилган сувни ДМ1 каналига насос ташлаб 500 литр сувни ҳайдаймиз. Муаммо умуман бўлмайди», — деди у.

Мутасаддини гапини қаранг, у вазиятга озгина бепарводек. Муаммо бўлаётган бўлиши мумкин, эмиш?! Ахир аниқ муаммо бор! Пахта майдонлари озгина чанқагандир? Озгина эмас, қурияпти ахир ғўзалар!

Лапас Ўролов билан суҳбатлашиб «Қулписар» ФХХУдаги сувсизликда азият чекаётган фермерлар билан боғландик. Уларнинг айтишича, «сув қайсидир миқдорда маълум бир муддат келган ва бугунги кунга келиб яна қуриб қолган».

Биз вазиятга минглаб баҳона топишимиз мумкин. Мақсад қай йўл билан бўлмасин «сувдан қуруқ» чиқиш, аслида, «ҳаммаси яхши, муаммо йўқ» дейишдан осони йўқ. Лекин меҳнати қадрланмаслигидан чарчаган фермер бундай ўйламайди. Пахта терими мавсуми бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Топширган ҳосили учун кўнгилдагидек ҳақ ололмаслигини, камига бўйнига « миллион-миллион» қарздорлик тамғасини илишни истамаган фермер сарфлаган харажати-ю даромади қанча бўлишини олдиндан билади. Шу боис зир югуриб муаммога чора излаяпти. Эртага уни ҳеч ким қўлламаслигини ҳам билади...

«Сенга вақтида сув етиб келмагани боис пахта кўчатларинг қовжираб-қуриб битди, кел сенинг зарарингни қоплайлик, қарзингдан кечайлик», дейдиган «мард»нинг ўзи топилмайди. Муаммо ўз вақтида ҳал бўлмас экан, зарар кўрган, яна барига «балогардон» фермер бўлиб қолаверади...

Гулчеҳра ШАРИПОВА,

Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар