Қабулдаги навбатлар ҳақида: борма, куясан...

Ўзбекистон 10:50 / 12.07.2019 32439

Бизда бир одат бор. Олдиндан маълум бўлиб турган муаммоларга тўппа-тўғри ўзимизни бориб урамиз. Зарбаларни кутилмаган жойдан эмас, айнан кутилган жойдан қабул қиламиз. Бу худди раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг «борма куясан, борма куясан... ана, куйдиииинг» деган латифасига ўхшаб кетади.

Жорий йилги қабул жараёнларидаги навбатлар ва ур-йиқитлар олдиндан маълум эди. Аммо ҳамма билиб турган муаммонинг олди олинмади, аксинча, кимларнингдир бепарволиги, масъул ташкилотлар ўртасидаги ўзаро зиддиятлар, кўрпани ҳамма ўзига тортиши ортидан муаммо кўлами ошса ошдики, лекин камаймади.

Кутилган муаммо нимада эди?

Қабул жараёнларидаги навбатлар янгилик эмас. Ҳар йили айнан шунақа муаммо бўлади. Ҳар йили катта навбатда турган абитуриентлар, иссиқда қийналган ота-оналар ҳақидаги ҳикоялар чиқади. Аслида, бу жуда ҳайрон қоларли ҳолат эмас.

Лекин жорий йилда муаммо олдингилардан ҳам катта эди. Чунки ушбу йилда илк марта коллеж/лицей битирувчилари билан бир қаторда мактабнинг 11-синф ўқувчилари ҳам ҳужжат топширишмоқда. Ўтган йили 800 минг атрофида абитуриент топширган бўлса, жорий йилда 1 млн 200 мингдан ортиқ талабгор кутилмоқда.

Бу жуда катта рақам. Бунча абитуриентларнинг маълумотларини қабул қилиш ва қайта ишлаш ҳазилакам иш эмас. Боз устига ушбу йилда илк марта абитуриентларга учта йўналишга ҳужжат топшириш имконияти берилгани ҳам жараёнларни янада оғирлаштириши аниқ эди.

Шунингдек, ушбу йилдан бошлаб ўтган йилги абитуриентлардан тўлов қабул қилиш тизими жорий этилди. Мана шу фактор ҳам жараёнларни секинлаштириши ва банк кассаларида турнақатор навбатларни пайдо қилиши олдиндан аниқ эди.

Муаммога қандай ечим таклиф этилди ва якунда нима бўлди?

Виждонан айтиш керак, масъуллар муаммоларга жимгина қараб турди, десак, адолатдан бўлмайди. Давлат тест маркази, Давлат хизматлари агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар қабул жараёнини намунали ташкил этишга оид лойиҳаларни таклиф этишди. Улар қуйидаги бир нечта ечимларни ўйлаб кўришди:

Биринчидан, ҳужжатларни 200 дан ортиқ шаҳар ва туманлардаги давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш режаси эълон қилинди. Бунда абитуриентлар оқимини туманлар кесимида 200 га бўлиб юбориб, навбатларни бирмунча камайтириш ва қулайлик яратишни ўйлашди. Масалан, лойиҳага биноан Навоийнинг чеккасидаги Томди тумани ёшлари ўз туманидан чиқмасдан (!) ҳужжат топшириши мумкин бўларди.

Якунда нима бўлди: умуман тушунарсиз сабабларга кўра, ДХМлар орқали фақат 5 тагина ОТМ учун ҳужжат топшириш белгиланди. Бошида айтилган ваъдалар эсдан чиқди ва катта оқимни яна ўша аввалгидек 80 та ОТМга қараб йўналтиришди. Боз устига бу 80 танинг катта қисми Тошкент шаҳрида жойлашган, вилоятларда ОТМлар анча кам, бу ўз-ўзидан абитуриентларнинг даҳшатли навбатларига сабаб бўлмоқда.

Хўп, агар жуда ДХМларга ишонишмаган экан, унда ҳеч бўлмаса ДХМ+ОТМ тизимини қўллашса бўлмасмиди? Яъни, ДХМлар орқали ҳам, ОТМлар орқали ҳам барча ОТМларга топширадиган қилишга нима халақит берди?

Иккинчидан, жорий йилдан ҳужжатларни интернет орқали онлайн қабул қилишга ваъда беришди. Нафақат ваъда беришди, ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг 7 июндаги 468-сонли қарори билан my.gov.uz орқали 5 та ОТМга ҳужжат топшириш тартибини расман тасдиқлашди ҳам. Дастурни тайёр қилдик, дейишди, эълонлар беришди, тизим қандай ишлаши ҳақида тақдимотлар ўтказишди, роса мақтанишди ҳам.

Якунда нима бўлди: қабул тугашига атиги 3 кун қолган бир пайтда ҳалигача онлайн ҳужжат топшириш ишга тушмади! Ва ишга тушмаса ҳам керак.

Ҳа, шунақа, яна битта Ҳукумат қарори шунчаки ижро этилмай қолиб кетаверди. Бу одатга айланиб қолди ўзи. Берилган ваъдалар унутилди.

Сабабига қизиқсам, нима эмиш, my.gov.uz порталини молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатишганмиш. Шармандалик! Тағин булар электрон ҳукуматни юқори ўринларга олиб чиқмоқчи эмиш...

Агар ҳамма ОТМга онлайн ҳужжат топшириш имкони бўлганида эди, бунча одам азобланмаган бўларди. Айтишингиз мумкин, одамларимиз барибир интернетни тушунмайди, навбатда тураверарди деб. Бўлмаган гап! Одамларимиз тайёрмас, дейдиганлар, шунчаки баҳоначи холос.

Бунақа навбатлар ва машаққатлар ёшларимизни интернетдан фойдаланишга мажбур қиларди, билмаган бўлса ўрганарди. Ва яна бозор шароитида ҳар доим талабга яраша таклиф бўлганидек, интернет кафеларда, қабул комиссиялари атрофларида «Ҳужжат топшириб берамиз» деган эълонлар кўпаярди. Интернетни тушунадиганлар 5-10 минг сўм хизмат ҳақи эвазига абитуриентларни рўйхатдан ўтказиб беришарди. Худди Грин-картага ариза бергандай. Натижада, ўз-ўзидан ҳужжат қабул қилиш пунктлари сони чек-чегарасиз равишда кўпайиши мумкин эди.

Аммо шу ишни ҳам эплай олишмади. Ёки шунчаки хоҳлашмади.

Учинчидан, ҳужжат қабул қилишни 2 босқичда ўтказишни режалаштиришди.

1-босқич: аввалги йилларда битирганлардан 1 майдан 20 июнгача қабул қилиш;

2-босқич: тест йилида ўқишни тугатганлардан эса 21 июндан 10 июлгача ҳужжатлар қабул қилиш.

Шу орқали оқимни кескин камайтириш ва тартибга солишни мақсад қилишди. Жуда яхши ўйланган қарор эди.

Якунда нима бўлди: туя гўштини еган Ҳукумат қарорлари кечиккандан кечикди. 15 июнда расман бошланадиган қабул учун, квоталарнинг ўзи 17 июнда кечикиб тасдиқланди. Фанлар мажмуи ва яна кўплаб масалаларга оид Давлат қабул комиссиясининг баёни кеча, қабул тугашига атиги 5 кун қолгандагина эълон қилинди!

Умуман олганда, жорий йилги қабул жараёнларига оид ҳужжатлар Ўзбекистон тарихида камдан-кам учрайдиган даражада кечикиб қабул қилинди.

Бундан баттар ҳам бўлиши мумкин эди

Ҳа, жорий йилги ур-йиқитлар бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди, агар қуйидаги ишлар қилинмаганида:

Биринчидан, жорий йилда абитуриентлардан сўраладиган ҳужжатлар сони кескин қисқартирилди. Фақат паспорт ва диплом кўрсатса бўлди! Аввалгидек, расм, тиббий маълумотнома, папка, конверт ва ҳ.к.лар йўқ. Боз устига абитуриентлар аввалгидек ҳужжатларини қолдиришмайди, балки шунчаки уларнинг оригиналини кўрсатиб, рўйхатдан ўтиб, ўзи билан қайтариб олиб кетади.

Мана шу фактор иш унумдорлигини анча оширди ва қисқа фурсатларда рўйхатдан ўтиш имкониятини бермоқда. Агар ўтган йиллардагидек тизим бўлганда борми, бундан ҳам баттар бўларди.

Иккинчидан, ДТМ ҳамда вазирлик ноқулай вазиятдан чиқиш учун салкам 25 кун қабул жараёнларини таваккалига ташкил қилди. Ҳаттоки квоталар ҳали тасдиқланмаган пайти ҳам қабул жараёнини бошлаб юборди (балки ўзларининг, балки тепадагиларнинг хатосини ёпиш учундир). Ҳаммаси ўтган йилги база бўйича, расман тасдиқланмаган маълумотлар асосида 25 кун ноилож қабулни ўтказиб туришди. Агар шу ишни қилишмаганда халқнинг норозилиги ҳозиргидан минг чандон кўпроқ ва бундан ҳам баттар бўларди.

Учинчидан, жорий йилда исталган ОТМлар орқали исталган ОТМларга ҳужжат топшириш имконияти яратилди. Илгари Тошкентдаги ОТМга ҳужжат топшириш учун албатта Тошкентга, Самарқандга ҳужжат топшириш учун албатта Самарқандга бориш шарт эди. Бу йил эса Қорақалпоғистондан туриб Фарғонага ҳужжат топшириш мумкин. Бу ҳам абитуриентлар оқимини нисбатан тенг тақсимлашга ёрдам бермоқда, йўқса бундан ҳам баттар бўларди.

Хулоса ўрнида

Хуллас, ҳужжатларнинг кечикиб тасдиқланиши, масъул раҳбарларнинг масалага панжа ортидан қараши, берилган ваъдаларнинг кутилмаганда, охирги дақиқаларда ўзгариб кетиши, серверларнинг катта ҳажмга тайёр эмаслиги ва яна биз билмаган кўплаб сабаблар ташкилотчиларнинг қабулни тартибли ўтказиш бўйича олдиндан ўйлаган барча режаларини амалга ошириш имконини бермади.

Русларда бир ибора бор: «хотели как лучше, а получилось как всегда». Бошқа изоҳ шартмас, менимча.

Қабул-ку, майли, бир амаллаб тугатиб олишар. Энди бор умидиз, тест жараёнларидан. Ишқилиб, абитуриентларнинг шунча машаққат чекканига яраша, айбни ювиш учун тест синовларини муаммосиз ва адолатли ўтказишсин-да. Ниятимиз шу...

Хушнудбек Худайбердиев,
ҳуқуқшунос

Кўпроқ янгиликлар