Таҳдидлар, «ёғли» таклифлар, четга олиб кетишга уринишлар. Тошкентда топилган хазина тақдири ҳақида суҳбат

Ўзбекистон 01:52 / 05.07.2019 88924

Шу йилнинг январида Kun.uz сайтида Тошкент шаҳрида қадимий хазина топилгани ҳақида хабар берилганди. XIX асрда қурилган иморатлардан бирининг яширин ертўласида қидирув ишлари давомида топилган хазина 80 йиллар муқаддам йўқолгани, унинг ҳозирги қиймати 1 миллион доллардан ортиқлиги айтилганди.

Хазина топилгани ҳақида биринчи бўлиб ЎзМУнинг кимё факультети 4-курс талабаси Муҳаммадбобур Юсупов маълумот берганди. У Kun.uz учун берган интервьюларида хазинанинг топилиши тарихи ҳақида сўзлаб, изланишлар давомида яна қадимги буюмлар топилиши мумкинлигини айтиб ўтганди.

YouTube

Tas-IX

Бу мавзу бошқа ўнлаб сайтларда ҳам ёритилди ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир хазинанинг қиймати ҳақида айтса, кимдир топилган жойига қизиқди. Бундай топилмалар мавжудлигига ишончсизлик билан қараганлар ҳам бўлди.

Бугунги кунга келиб эса ушбу хазина мавжудлиги ҳақидаги барча гумонлар йўққа чиқди - қиймати бир неча миллион долларлиги тахмин қилинаётган улкан хазина давлатга топширилади.

Муҳаммадбобур Юсупов Kun.uz мухбирига хазина топилгандан кейин бўлиб ўтган воқеалар, уни йўлдан уриб хазинани қўлга киритишга ҳамда четга олиб чиқиб кетишга бўлган уринишлар, таклиф қилинган пуллар ва ўтказилган босим тўғрисида сўзлаб берди.

Хазина тарихи

— Хазинанинг топилиши 3 йиллик изланишларим натижаси бўлди. Бу ҳақда дастлаб Kun.uz нашрида эълон қилинган эди. Хазина эртароқ топилиши ҳам мумкин эди. Аммо айрим давлат ташкилотларнинг ишончсизлиги ва эътиборсизлиги туфайли қидириш ишлари маълум вақт тўхтаб қолди. Турли хил тарихий манбалар асосида Тошкент шаҳрининг қадимий биноларида қидириш ишларини бошладим. Бу маълумотлар хазинани билган ва яширган одамлар томонидан сир сақланган. Ўша одамларнинг фарзандлари ва шогирдлари билан суҳбатлашилди, маълумотлар тўпланди. Ушбу маълумотлар асосида хазина топилди ва тасдиқланди.

Хазина нималардан иборат?

— Ноёб санъат асарлари, олтин кумуш танга ва идишлар, буржуазия услубида ишланган буюмлар Тошкент шаҳридаги XIX аср авлиё Евангелия протестантлар ва христиан проваславлар черковлари деворларига ишланган қадимий суратлар, иконалар, қимматли металлдан ясалган буюмлар. Бундан ташқари, ушбу топилмалар орасида 1918 йил Тошкентдаги князь Романов саройининг ноёб коллекциялари, 1920 йилда Тошкентга Европа ва Санкт-Петербургдан келган машҳур дворянлар ва олимларга, 1932-38 йилларда Сталин репрессияси қурбонларига тегишли бўлган, шунингдек генерал Жўрабек уйидан йўқолган ашёлар ҳам мавжуд. Қолаверса, император Александр III’га тегишли буюмлар, юзлаб олтин тангалар ҳам бор. Топилмалар орасида машҳур немис, инглиз, француз, итальян, юнон ёзувчи ва адибларининг машҳур асарлари ҳамда Қуръони каримда номи келтирилган пайғамбарлар ҳаёти ва дин тарихига оид жуда ноёб ва қадимий ёзма манбалар бор.

Хазина топилгани эълон қилингандан сўнг…

— Топилган топилмалар ҳақидаги илк маълумотлар Kun.uz интернет сайтида эълон қилингандан сўнг бир қанча Ўзбекистондаги юридик ва маҳаллий шахслар, бундан ташқари, чет эл ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари бир қанча таклифлар билан келишди. Яъни топилган хазина коллекция таркибидаги айрим санъат асарларини, илмий-маданий аҳамиятга эга бўлган тарихий ашёларни жуда катта халқаро валютага сотишимни таклиф қилишди. Яъни сал кам миллион АҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилишди. Лекин мен бунга рози бўлмадим. Шундан сўнг менга хорижий давлат фуқаролиги берилиши, дунёдаги исталган таълим муассасида ўқишни давом эттиришим, ўша давлатда уй-жой ва иш билан таъминланишим мумкинлигини маълум қилишди. Бунга ҳам рози бўлмаганимдан кейин интернет сайтларида хазина билан боғлиқ маълумотлар ёлғонлигини тарғиб қилиш учун турли маълумотлар тарқатилди. Бир неча марта менга ҳам ушбу маълумотлар ёлғонлигини тасдиқлатишга уринишлар бўлди. Мен бунга рози бўлганим йўқ. Албатта бу ишларнинг тагида жуда катта моддий-молиявий ва сиёсий манфаат ётади. Шу сабабли бу улкан тарихий топилмани қоғоз пулга алмаштиришни тўғри деб билмадим.

Нима учун хазина ҳақида расмий идоралар маълумот беришмади?

— Хазина ҳақида Kun.uz сайтида эълон қилинганидан сўнг аввалига менга бир неча марта бу мавзуда бошқа мақола эълон қилмаслик учун пул таклиф қилишди. Рози бўлмаганимдан сўнг хазина ҳақида маълумотларни сохталаштириб ҳукуматга ариза ёзишга ундашди. Шунда ҳам рози бўлмадим. Шундан сўнг айрим ташкилотлар хазина юзасидан сохта ҳисоботлар тайёрлаб, мамлакат раҳбариятига тақдим қилишди. Лекин бу ҳисоботларда менга тегишли имзо бўлмаган ҳамда менинг хулосам олинмаган. Шу сабабли айтишим мумкинки, бу сохта маълумот ва хулосаларга ишониш керак эмас. Негаки, ушбу сохта маълумотларда тергов ҳужжатлари, гувоҳлар кўрсатмалари мавжуд эмас, шунингдек ушбу маълумотни берган шахслар хазинани ўз кўзи билан кўрган эмас. Бундан ташқари, хазина қаердан топилганини билмасдан туриб, ушбу маълумотларни эълон қилиб юборишган.

Хазинани мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетишга уринишлар…

— Одамлар томонидан ҳам, ташкилотлар томонидан ҳам хазинани мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Бундан ташқари, хорижий ташкилотлар ваколатхоналари ва мутахасисслари ҳам бир неча бор уринишди. Аммо ҳозирги кунда хазинани Ўзбекистон ҳудудидан ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринишлар ДХХ идоралари ва ДХХ махсус бўлинмаси тезкор тадбири натижасида бартараф этилди. Лекин бу дегани хазинани олиб чиқиб кетишга уринишлар тўхтади дегани эмас. Барибир хавф сақланиб қолади.

Ушбу суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали кўришингиз мумкин.

Раҳматилла Исроилов суҳбатлашди

Кўпроқ янгиликлар