Коллаген: У инсон терисига нима учун зарур?

Lifestyle 22:36 / 12.06.2019 7054

Коллагенни ичиш, терига суртиш ва инъекциялар кўринишида юбориш мумкин. Лайфхакер уни қайси ҳолларда амалга ошириш мумкинлигини тушунтирди.

Фото: Лайфхакер

Коллаген нима?

Коллаген муҳим оқсил; у инсон танасида энг кўп тарқалган оқсил саналади. У организмни яхлит бутун шаклда боғлаб турувчи тўқима асоси ҳисобланади. Коллагеннинг номи грекча “kolla”- елим сўзидан олинган. Пай, тоғай, томирлар, ёш суяк тўқималари, мушаклар, тери  буларнинг барисининг тузилиши учун кўп жиҳатдан ана шу оқсил жавоб беради. Масалан, терида коллагеннинг миқдори 70 фоизга етади – у терининг силлиқлиги, таранглик ва эгилувчанлигини таъминлайди.

Агар организмда шусиз ҳам коллаген мавжуд экан, нима учун у ҳақида ўйлашим керак?

Коллаген молекулалари кўп ҳолларда узун ва ингичка оқсил толаларини ҳосил қилиб, ёнма-ён туради. Айнан улар пружина каби организм тўқималарини биргаликда тутиб туради ва бир вақтнинг ўзида уларнинг мустаҳкам алоқасини таъминлайди.

Бироқ коллаген толалари – барқарор нарса эмас. Улар турли омиллар таъсири остида бузилиши мумкин:

ультрабинафша;

ҳарорат ўзгариши;

зўриқиш;

гормонал ўзгаришлар;

шакар ва тезкор углеводлар миқдори юқори бўлган рацион;

чекиш.

Ёшликда буларнинг бари қўрқинчли эмас. Биринчидан, зарарли омиллар камроқ: масалан, болалар ва ёш одамлар, одатда камроқ зўриқишни бошдан ўтказишади. Иккинчидан, организм зарар етказилган фибрил қисмларини ўз вақтида тўлдириш учун етарли даражада коллаген ишлаб чиқаради.

Ёш ўтиши билан оқсил ишлаб чиқарилиши аста-секин камаяди. Фибриллар зарарланади, тана эса улар ўрнини коллаген молекулалари билан ўз вақтида тўлдиришга улгурмайди. Вақт ўтиши билан бу барча органлар ва тўқималар учун ёқимсиз оқибатларга олиб келади  - суяк тизими, мушаклар, қон томирлари билан боғлиқ муаммолар ортиб боради.

Биринчи бўлиб тери азият чекади, чунки айнан у салбий омилларни максимал даражада қабул қилади. Зарарланган коллаген толалари эпидермисни текис ва таранг ҳолда ушлаб туролмайди. Терида майда сўлиган қисмлар – ажинлар пайдо бўлади.

Фибриллар зарарлангани сайин ажинлар чуқур ва аниқ бўлиб боради. Тери тўқимаси эса гравитация таъсири остида осилиб қолишни бошлайди.

Коллаген толаларини қўшимча қўллаб-қувватлаш ҳақида ўйлаш керак бўлган яна бир ҳолат – чандиқларнинг мавжудлиги. Айрим ҳолларда кесилишлар, чуқур тирналиш ва ҳуснбузарлар боғловчи тўқима билан бирлашади, организмга тери қопламини тўғри тиклаш учун коллаген етишмайди. Натижада атрофик чандиқлар пайдо бўлади.

Агар теридаги коллаген даражаси тикланса, атрофик чандиқларни деярли сезилмас даражада текислаш мумкин.

Теридаги коллагенни ушлаб қолиш ва тиклаш мумкинми?

Умуман олганда, ҳа. Коллаген эндоген ва экзоген каби турларга ажралади.

Эндоген – табиий, организмнинг ўзи  томонидан ишлаб чиқарилади.

Экзоген – организмга ташқаридан келиб тушади.

Эндоген коллаген етишмаганида оқсил миқдорини ташқаридан келиб тушиш орқали ошириш мумкин. Одатда экзоген коллаген организмга уч усул орқали киритилади:

рационга биоқўшимча кўринишида (бу ичимлик коллагени);

косметик воситалар орқали. Улар фибриллар энг кўп зарарланган жойларга суртилади;

инъекциялар ёрдамида.

Синтетик коллаген қаердан олинади?

Синтетик коллагеннинг уч асосий тури мавжуд:

  1. Денгиздан олинган

Бу оқсил денгиз балиқларининг териси ва тоғайидан олинади. Тузилишига кўра у табиий инсон коллагенига энг яқини.

2. Ҳайвонлардан олинган

Мазкур вариант йирик шохли молларнинг териси тоғайларидан ишлаб чиқарилади. У синтетик коллагеннинг топиш осон бўлган тури.

3. Гидролизли

У коллагеннинг бутун молекулаларидан эмас, унинг қисмларидан иборат – муайян аминокислоталардан ишлаб чиқарилади. Гидролизли коллагенни ўлчамига кўра майда қисмларга ажратилиши ҳисобига у терига чуқурроқ сингади.

Хомашё сифатида нафақат ҳайвон ва балиқ тоғай тўқималари, балки ўсимликлар, масалан – буғдой оқсилидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

Ичимлик коллагени қандай ишлайди?

Ичимлик коллагенининг асосий вазифаси – шахсий, эндоген коллаген синтезига ёрдам бериш. Шахсий коллагенни ишлаб чиқариш учун организмимиз уч асосий таркибий қисмлардан фойдаланади:

глицин ва пролин аминокислоталари (улар коллаген молекулалари таркибида асосий  роль ўйнайди);

С витамини;

мис.

Овқат ҳазм қилиш тизимида ичимлик коллагени юқорида айтиб ўтилган аминокислоталаргача ажрайди. С витамини ва мис мавжуд бўлганида фибриллар тикланишига хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, қариётган тери эластиклиги ва намланиш даражасини ҳам оширади.

Коллагенни қўшимча сифатида қабул қилишнинг камчилиги мавжуд. Зарур оқсилни олганида организм уни қаерга сарфлашни ўзи ҳал қилади. Коллаген айнан теридаги толаларни тиклаш учун кетишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Биоқўшимча ичишингиз, бироқ терининг ташқи кўриниши ўзгармаслиги мумкин – бунга тайёр бўлиш лозим.

Крем ва бошқа косметикадаги коллаген қандай ишлайди?

Коллаген молекулалари дермага сингиш учун жуда катта. Демак, фибрилнинг зарарланган соҳаларини тиклашга қодир эмас.

Шунга қарамай, коллагенли крем ва зардоблар тери ҳолатини яхшилайди. Бу эса намлик даражасининг ортиши билан боғлиқ: косметик восита тери юзасида плёнка ҳосил қилади, у эса намлик буғланишига йўл қўймайди. Натижада эпидермис майин ва тўйинган бўлиб кўринади.

«Плёнка» таъсирини кучайтириш учун коллагенли косметикага кўпинча гиалуронли кислотани қўшишади: бу таркибий қисм биргаликда яхши самара беради.

Коллагенли инъекция қандай ишлайди?

Инъекциялар – дермага керакли оқсилни етказишнинг энг илғор ва самарали усули. Ҳайвонлардан олинган коллаген филлерлар тарихида Америка Озиқ-овқат маҳсулотлари ва медикаментлар сифатини санитар назорат қилиш  бошқармаси (FDA) томонидан маъқулланган биринчи инъекция бўлади.

Бевосита дермага келиб тушиб, коллаген дарҳол бир неча функцияни бажаради:

зарарланган оқсил толаларини тиклайди;

терида шахсий, эндоген коллаген ишлаб чиқарилишига ҳисса қўшади;

намликни ўзига тортади – бу эса терининг намлиги даражасини оширади.

АҚШда коллаген инъекциялари 1981 йилдан бери расман қўлланилади. Албатта, ўша пайтдан бери янги воситалар ҳам пайдо бўлган – масалан, маҳаллий бозорда «Коллост» гели.

Инъекциялар хавфсизми?

Коллаген инсон учун табиий биоматериал бўлгани учун кўп ҳолларда қўшимча таъсир кўрсатмайди. Бироқ гипер сезгирлик шароитида индивидуал реакциялар бўлиши мумкин. Шунинг учун терингизни инъекцион коллаген ёрдамида тиклашга қарор қилган бўлсангиз, мутахассис – дерматолог ёки тиббий маълумотга эга бўлган профессионал косметологга мурожаат қилинг. Шифокор организмингиз ҳолатини таҳлил қилиб, қўшимча таъсирлар хавфини камайтиришда ёрдам беради.

Кўпроқ янгиликлар