Марказий Осиё медиаоламини қандай келажак кутмоқда?

Жаҳон 23:11 / 16.05.2019 4143

16-17 май кунлари Қозоғистоннинг Олмаота  шаҳрида АҚШнинг USAID ташкилоти кўмагида Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари медиаменежерларининг MediaWay 2019  анжумани бўлиб ўтмоқда. Анжуманда Kun.uz вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.

Фото: Internews in Kazakhstan/facebook
Фото: Internews in Kazakhstan/facebook

Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатларнинг веб-сайтлар, телеканаллар, медиахолдинг ҳамда босма нашрларининг эллик нафардан ортиқ етакчилари иштирокидаги бу анжуманда соҳанинг бугунги натижалари ва келажаги ҳақида мунозаралар кечмоқда.

Фото: Internews in Kazakhstan/facebook
Фото: Internews in Kazakhstan/facebook

Маълумки Марказий Осиё давлатлари бир-бирларига бевосита қўшни ва чамбарчас боғлиқ бўлсалар-да, ОАВ уларнинг ҳар бирида фарқли тарзда ривожланган. Айниқса узоқ йиллардан буён соҳа бўйича етакчилик қилиб келган Қозоғистоннинг ўзига хос тажрибаси бор. Фаолияти айнан ахборот тарқатишга ихтисослашган сайтлар сони ўрганилганида республикалар бўйича қуйидаги рақамлар ҳосил бўлган: Тожикистонда бундай сайтлар сони 16та, Қирғизистонда 26та, Ўзбекистонда 29та, Қозоғистонда эса 169та.

Фото: Internews in Kazakhstan/facebook


Лекин бир қатор умумийликлар ҳам борки улар бугунги кунда барча давлатлар учун хос. Мисол учун босма нашрлар адади ва сони мунтазам камайиб бориши, бу йўналишдаги иш ўринлари қисқариши, телевидениеда кўпчилик ўйлаганидек янгиликлар эмас, кўнгилочар дастурлар оммабоплигича қолаётгани, веб-сайтлар сони кўпайса-да, аксарияти ҳануз ўзини оқлай олмаётгани шулар жумласидандир.
Тадбирда шунингдек ахборот етказишда ижтимоий тармоқларнинг роли ҳам очиқланди. Фойдаланувчиларнинг янгиликларни ўқиш учун энг оммабоп тармоқ бўлган “Фейсбук” тармоғи орқали ўтиши бўйича ҳам қизиқ рақамлар эълон қилинди. Ўзбекистонда интернетдаги янгиликлар билан илк танишишнинг 38 фоизи “Фейсбук” ижтимоий тармоғи орқали кечса, Қирғизистонда ахборот билан танишувда бу тармоқ роли 75 фоиз, Тожикистонда эса оз эмас, кўп эмас 98 фоизни ташкил қилади.
Яқин келажакда ОАВ соҳасида кескин ўзгаришлар давом этиб, реклама учун кураш кучайиши, фақат қайта мулоқотнинг турли шаклларини йўлга қўя олган оммавий ахборот воситаларигина мақсадга эришиши эътироф этилди.

Кўпроқ янгиликлар