Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларидан қатор ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланди 

Ўзбекистон 07:57 / 24.04.2019 5195

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларидан қуйидагиларни талаб қилиб олиш тақиқланди:

рухсат этувчи характерга эга ҳужжатларни беришда ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда – карантин остидаги маҳсулотларни экспорт ва импорт қилишда зарарсизлантириш (фумигация) далолатномасини;

экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда – ўров варағини;

импорт қилинаётган товарларга ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи ҳужжатлар ва мувофиқлик сертификатларини беришда –Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига келганлик тўғрисида белги қўйилган товарларнинг кузатув ҳужжатларини (товар-транспорт юк хати, инвойс, ҳисоб-фактура ва бошқалар);

ваколатли органлар томонидан бериладиган ҳужжатларни олишда – ишончномаларни;

импорт товарларига мувофиқлик сертификатини беришда – норматив ҳужжат нусхаси, санитар-эпидемиологик хулоса нусхасини;

ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни беришда – ишлаб чиқарувчи мамлакат тўғрисида сертификатни;

2020 йил 1 январдан бошлаб товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида, шунингдек, импорт қилинадиган товарларга мувофиқлик сертификатини беришда – халқаро шартномаларда махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштиришни талаб қиладиган ҳужжатлардан ташқари, ваколатли органлар томонидан қоғоз шаклида бериладиган рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларнинг асли ва нусхалари.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

ветеринария рухсатномаларини, фитосанитария ва ветеринария сертификатларини расмийлаштириш учун экспорт қилишдан 30 кун олдин ариза билан мурожаат қилиш зарурати тўғрисидаги талаб бекор қилинади;

карантин рухсати ва экологик сертификатини бериш муддати уларни олиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза берилган кундан бошлаб 5 иш кунидан ошмаслиги керак;

товарлар ва транспорт воситалари, агар мазкур товарлар ва транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлмаса, уларни фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратидан ўтказиш тақиқланади;

транзит орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи карантин остидаги товарларни карантин текширувидан ўтказиш ҳақ олинмаган ҳолда амалга оширилади;

божхона юк декларацияси “сариқ” йўлакдан “қизил” йўлакка ўтказилган ҳолда мазкур ўтказишни амалга оширган ходим томонидан божхона текширувини ўтказишга йўл қўйилмайди.

Кўпроқ янгиликлар