Ширинкомахўр раҳбарлар, ҳужжатбозликка кўмилган профессорлар ва «қоровул»га айлантирилаётган ёшлар. Илм соҳасидаги 5та долзарб нуқта

Жамият 13:00 / 24.04.2019 60033

Нагоя иқтисодиёт университети (Япония), Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Алишер Умирдинов Kun.uz учун ёзган мақоласида академик эркинлик мавзусини ёритиш баробарида илм-фанимизнинг чуқур инқирози ҳақида сўз юритади.

Соҳада юз бераётган баъзи ижобий ўзгаришларни тан олган ҳолда инсофли илмий доираларимизни ҳали-ҳамон қийнаб келаётган масалаларни ёритиш учун 5та долзарб нуқтага эътиборингизни қаратаман:

  1. Дунё давлатлари орасида беллаша оладиган замонавий кадрлар тайёрлашни олдинга суряпмиз, аммо олимларимизнинг аксарияти чет элни кўрмаган.
  2. Академик даражани дунё стандартларига чиқаришни ўйлаяпмиз, аммо университетларимиз нуфузли чет эл олий даргоҳлари билан ҳамкорликдаги, эркин ўтадиган конференциялар (илмий алмашинувлар) ўта кам.
  3. Олимларимиздан чет эл журналларида мақолаларни кўпайтиришни талаб қиляпмиз. Бироқ улар ўз устиларида ишлай олишлари учун ҳатто шахсий кабинетлари йўқ. Бундан ташқари, улар ҳужжатбозликка кўмиб ташланган.
  4. Кадрларимиз тез ўзгараётган дунёга мос бўлиши ва келиб чиқаётган муаммоларга конструктив руҳдаги илмий ечимларни ўртага ташлашидан умид қиляпмиз. Аммо университет ўқитувчиси ҳатто ўзи ўтаётган семинар ёки маъруза матнини ўзи эркин шакллантира олмайди.
  5. Дунёдаги энг кучли 500та университет рўйхатини тузиб, уларнинг дипломларини тан олишимизни билдирдик. Бу жуда яхши. Аммо ватанига катта умидлар билан қайтаётган ёш ватандош олимларга йўл бермаяпмиз, уларнинг интеллектуал мулкини, илмий ижодининг бир қисмини ректор ва кафедра бошлиқлари ўзлаштириб олишаётгани ҳолатлари учрамоқда...      

Энди батафсилроқ изоҳлаб бераман.

Биринчи нуқта. Тасаввур қилинг: Билағон Олимов исмли ёш, чет тилини яхши ўзлаштирган кафедра ўқитувчиси Нидерландияга халқаро симпозиумга маърузачи сифатида таклиф қилингани ҳақида хат олади. Нидерландиянинг Тошкентдаги элчихонаси унга виза беришга рози. Симпозиум ташкилотчилари ҳатто чипта ва меҳмонхона харажатларини кўтаришга ҳам тайёр. Олимов эса ҳам хорижни кўради, ҳам ўзининг илмий алоқаларини кенгайтиради, ҳам юртимиз илм-фанини чет элга танитади. Қандай яхши!

Аммо шошилманг, азиз ўқувчи. Университет раҳбарияти бундай ҳолатда қандай йўл тутади, деб ўйлайсиз? Рухсат бериб, керак бўлса ходим чўнтагига университет фондидан пул ҳам солиб, аэропортдан кузатиб қўяди деб ўйлайсизми?

Минг афсуски, аксарият университетларимизда аҳвол бундай кўркам эмас. Авваламбор, кўпгина университетларимиз маълум бир вазирликлар қошида тузилгани учун университет ўқитувчиси нафақат ректоратдан, балки вазирликдан ҳам рухсат олиши керак. Амалда ректор ва вазирликлар рухсатни осонгина бермайди. Бунда аллақандай ички йўриқномалар борлиги пеш қилинади. Қўшимча тарзда, одат бўйича «нега айнан сизни таклиф қилишди, нимага ҳар сафар сиз боришингиз керак, бошқалар ҳам бор-ку, улар ҳам борсин» деган сўзлар айтилади.

Раҳбариятга алоқадор ходимларнинг симпозиум ва конференцияларга жўнатилиши кўпроқ кузатилади, ёш тадқиқотчилар эса камдан-кам юборилади.

Тажрибамда кузатганман – бир қанча ёш тадқиқотчилар учун чипталар олинганига қарамасдан университет раҳбарияти эътирози билан чет эл сафарлари бекор бўлган.

Бундай «амалиёт» натижасида кўплаб иқтидорли ёшлар ишлаётган жойида «қоровул» бўлиб қолишади. Икки-уч йил орасида дунёда бўлаётган илм-фан ривожидан бехабар, четда қолиб кетишади. Билганларини «билимнинг энг мукаммали» деб ўзларини алдаб юраверишади.

Ўз устида ишлаб, ҳаракат қилаётган, чет тилини билган, соф илмий грантлар асосида чет элга бормоқчи бўлганларга муносабат шундай бўлса, олдимизга юксак марраларни қўя оламизми?  

Хорижий университетларда бу ишлар қандай ташкил этилган? Мисол учун, Япония университетларида чет элга чиқмоқчи бўлган ходим деканатга «чет элга чиқиш аризаси» деган бир парча қоғозни топширади. Бу мазкур ўқитувчининг қаердалигини расмийлаштириб қўйиш, ҳисобини юритиш ва унинг дарсларини деканатдагилар қайси жадвал асосида қайта кўриб чиқиши учун керак, холос. Бунда ўқитувчига рухсат бериш ёки рухсат бермаслик ҳақида умуман гап-сўз йўқ. Қандайдир «суҳбат» ҳақида умуман гап бормайди. Кафедра мудири, декан ёки ректор сиздан «чет элдан ҳадя» кутмайди.

Шунча йил Японияда ишлаб, шу пайтгача бирорта университет ўқитувчига чет эл сафарига рухсат бермаганини эшитмадим. Профессорлар семестр ўртасида ҳам кетаверишади, дарсларини кейинга суриб, қайтиб келганларидан кейин бошқа вақтда ўтиб беришади. Ўзим ҳам бундай имкониятдан йилда камида 2-3 бор фойдаланаман.

Университет раҳбарияти конференциялар доимо ҳафта охирида ёки ёзги таътилда бўлавермаслигини эътиборга олиб, ҳар қандай пайтда ходимини қўйиб юборади. Зеро, Япониядаги университетлар раҳбарлари ўз профессори чет элга чиқиб, илмий мақолалар ёзса университетнинг дунё университетлар рейтингидаги даражаси янада кўтарилишини тушунади.

Таклифим – университет раҳбарияти ўқитувчиларни чет эл сафарларидан ушлаб қолишини маън этиш лозим. Улар чет элдаги симпозиум ва конференцияларга (лозим бўлса қисқа ва узоқ муддатли илмий алмашинувга ҳам) қатнашишга тарғиб қиладиган, «биздан нима ёрдам?» дейдиган ҳолатга ўтишлари керак. Шундагина ҳолат ўзгариши мумкин.  

Иккинчи нуқта. Академик даражани дунё стандартига чиқаришни ўйлаяпмиз. Бундай мақсадга эришишда юртимиздаги университетлар кўплаб конференцияларга мезбонлик қилиши ва шу орқали университетларда кучли халқаро илмий муҳитни вужудга келтириши лозим.

Кузатувларим натижасини айтишим мумкинки, кўпгина конференциялар бизда айнан раҳбарлар томонидан ташкил этади. Чет элда эса бундай илмий тадбирларни доимий фаолият кўрсатадиган турли илмий уюшмалар ташкил қилишади. Яъни, олимларнинг ташаббуси билан уюштирилади илмий конференциялар. Бизда эса ундай эмас. Нега? Билмайман.  

Шуниси эътиборлики, Ўрта Осиёдаги энг кўп халқаро илмий анжуманлар қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон республикаларида бўлиб ўтади. Бизда эмас. Нега бизда доимо давлат шерикчилиги бўлиши, қайсидир давлат органи халқаро конференцияларга аралашиши лозим?

Аччиқ ҳақиқат шуки, биз аллақачон академик устунликни қозоқ дўстларимизга бериб бўлганмиз. Қозоқ олимларининг илмий монографиялари аллақачон дунёдаги энг кучли нашриётларда ўз ўрнини эгаллаган. Қозоқ талабаларининг Кембриж университетида ҳатто ўз жамиятлари мавжуд.

Буни илмий мард-у майдон дейдилар, «менинг илмим энг зўри» деб юрмасдан, ўзимизга танқидий қарашимиз, «мен билмаган илм яна қаерда бор ва қаерга бориб ўргансам бўлади» деган ёндашувга ўтишимиз керак. Ахир ўрта асрлардаги етук олимларимиз илм истагида юртларни кезишган. Биздаги каби «мен профессорман, докторман, дипломим бор» деб ўз устида ишламасдан юраверишмаган-ку? Шунинг учун ҳам уларни ҳозиргача бутун дунё тан олади.

Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳозирда Ўрта Осиёга тааллуқли энг машҳур илмий анжуманлар ўтказилади. Нурсултон (олдинги Остона), Олмаота ва Бишкек шаҳарлари уларга жон-кўнгилдан мезбонлик қилишади. Қозоқ ва қирғиз олимлари ва талабаларининг илмий савияси эса кундан-кунга юксаляпти. Шунинг учун, давлат университетларимиз вазирликларнинг назоратидан чиқиши, уларнинг илмий эркинлиги таъминланиши лозим. Яъни:

— университетларимиз ўз анъанасига эга бўлган, халқаро даражада тан олинган илмий уюшмаларнинг йиллик ёки икки йиллик анжуманларига айнан Ўзбекистонда мезбонлик қилишга жиддий даъвогарликни бошлашлари ва шу орқали илмий салоҳиятимизни юксалтиришлари лозим;

— бундан ташқари, тор доирадаги воркшоп ва семинарлар учун ортиқча бюрократик талабларни олиб ташлаш, кўзга кўринмас тўсиқларни йўқ қилиш лозим;

— юртимиз университетларида хорижлик олимлар қисқа муддатга (1-3 ой) ва узоқ муддатга (3 ойдан 1 йилгача) келиб илмий иш қилишлари учун дастурлар ташкил этиш даркор. Тошкентнинг номдор университетларидан баъзилари бундай дастурни аллақачон бошлаганликлари қувонарли, албатта, аммо бу кам. Вилоятлардаги университет ва институтларда эса ҳолат умуман ёмон.

Учинчи нуқта. Академик (илмий) эркинликни тор маънода тушунмаслик лозим. Олим ёки тадқиқотчи ҳақиқий маънода эркин бўлиши лозим, бунинг учун эса унинг моддий-техник таъминоти ҳам «жойида» бўлиши керак. Шу ерда йўқотиб қўйган бир қадриятимизни алам билан тилга олсам. Қачон Бухоро ёки Самарқандга борсам ичим зил кетади. Сабаби, ўша пайтлардаги мадрасаларимизда (ўрта асрлар илм ўчоқларида) ҳар бир мударрисга алоҳида ҳужра берилган.

Ҳозирги замонавий тил билан айтганда «профессор кабинети». У ерда мударрисларимиз хоҳлаганча қолганлар, ижод қилишган ва талаба (шогирд) етиштиришган. Бу моддий қадриятимизни ғарб олами жуда ҳам яхши ўзлаштирган. Деярли барча университетларда профессор хоналари мавжуд. Улар хоҳлаганча китоб ва онлайн дастурларни сотиб олишади ва кабинетларида ўтириб ўз устиларида, тинч шароитда, ҳеч нарсага чалғимай ишлай олишади. Уларни ҳеч ким безовта қилмайди.

Ўзбекистон университетларида вазият қандай? Бизда ҳали ҳам ушбу қадимий қадриятимиз ва ғарб олами муваффақиятли қўллаган тажриба амалга татбиқ этилмай келиняпти. Юртимиздаги энг номдор университетларда ҳам ҳали-ҳамон ўқитувчиларимиз учун умумий битта хона ажратилган ва ҳар бирининг у ерда биттадан стол-стули бор. Шу холос. Мактабдаги ўқитувчилар хонасидан деярли фарқи йўқ. Фақатгина кафедра мудири учунгина айрим ҳолларда алоҳида хона мавжуд бўлиши мумкин. Бундан ташқари, энг номдор университетларимизда ҳам баъзи ўқитувчилар ҳаттоки компьютер билан ҳам таъминланмаган. Профессорлар қачон ва қаерда ўз устларида ишлашади деган савол ҳамон очиқ қолмоқда.

Эшиги тез-тез очилиб ёпиладиган, одам аримайдиган, юқоридан тинимсиз келадиган турли ташкилий топшириқлар муҳокама қилинадиган хонада яхши илмий иш ёзиш, бирор жиддий китоб ёки мақола ўқиш осонми? Бу ёқда яна ташкилий топшириқ берилса-чи?

Шундай экан, университетларимиздаги профессор-ўқитувчиларимизга алоҳида кабинетлар бериш лозим. Янги қуриладиган ёки янгиланадиган университет биноларини шу талабга мувофиқлаштириш лозим. Суиистеъмол ҳоллари юз бермаслиги учун ўз хонасида бекорчилик қиладиганларга семестр якунига кўра улар амалга оширган илмий ишлари сони, сифати ва кўламига қараб илмий кенгашда кўриб чиқиш орқали чора кўриш мумкин. Хорижда ҳам худди шундай қилинади. Зеро кўпчилик изза бўлишни хоҳламайди, ўзини билган, илмий масъулияти бўлганлар эса бунга йўл қўймайди. 

Шу ерда университет ўқитувчи ходимларининг вақт эркинлигини ҳам тилга олсам. 2017 йилда Олий таълим вазирлиги томонидан профессор-ўқитувчини дарс вақтида ҳеч ким безовта қилмаслиги кераклигига оид қарори чиққан эди. Бу қарор юзаки амалга ошириляпти, амалда эса бошқа. Чунки, раҳбариятдан топшириқ келса уни ўша ондаёқ бажаришингиз керак – топшириқни бажариш муддати ё бир соат ёки ўша кун. Сабаби раҳбариятдагилар топшириқни тугаш вақтидан бироз аввал олиб келишга ўрганиб қолишган ёки уларга ҳам юқоридан жуда кам вақт берилади. Агар бажармасангиз илмий кенгашда гап эшитасиз.

Менимча, бундай амалиётдан қутулиш вақти келди. Япониядаги шахсан ўзим ишлайдиган илм даргоҳидан мисол келтираман: бир йил олдин университетнинг тўлиқ йиллик ишлаш дастури кунма-кун тасдиқланади, ўша ҳужжат барча ўқитувчиларга ўқув йили бошланишидан 2-3 ой олдин тарқатилади. Бундан ташқари, агар ректор, декан ёки кенгаш бошлиқлари ўқитувчилардан бирор ишни бажаришни сўраса, камида 1 ёки 2 ой олдин электрон почтадан мактуб жўнатиб илтимос қилади.

Японияда ҳеч ким фавқулодда ҳолатларда ишлашга ўрганмаган. Ваҳоланки, Япония дунёнинг учинчи катта иқтисоди бўлиб, пул айланишини ва маошларни юртимиз билан асло солиштириб бўлмайди. Шундай бўлсада, улар тартиб ва жадвал бўйича университет ҳаётини бошқара олишяпти. Наҳот биз шундай қилолмаймиз?! 

Тўртинчи нуқта. Дарс мавзуларини ва ўқитувчининг юкламасини белгилашдаги профессор-ўқитувчининг эркинлиги масаласи. Ҳозирги кунда домлаларимиз ўтмоқчи бўлган семинар ёки маъруза матнларини ёки бошқа юкламани ўзлари эркин шакллантира олмайдилар. Маъмурий усулда белгиланган дарс жадвали ва низомга амал қилишлари лозим. Ундан чиқиш мумкин эмас. Шахсан ўзим яқиндан билган илм даргоҳларидан баъзилари Англия таълим тизими каби тўлиқ кредит тизимига ўтишга ҳаракат қилса ҳам, уларга ҳали-ҳамон тўлиқ рухсат берилгани йўқ.

Ваҳоланки, бундай бюрократик йўллар билан таълимни «қолип»га солган, дунёга ўз илмий ютуқлари билан танилган мамлакатнинг ўзи йўқ. Чунки, ҳар бир ўқитувчи ўтмоқчи бўлган дарсининг мазмунини, ўқилиши лозим бўлган китобни ёки мақолани белгилаб бера олмаса, шахсий ташаббус бўғилади. Дунёда ҳар куни юз бераётган илмий ўзгаришларни илғашга улгура олмай қолади. Талабаларда эса бир томонлама қараш шаклланиб қолади. Ўн-йигирма йил олдин ўтилган дарс мазмуни бугун ҳам миясида сақланиб қолади.

Бу эса муаммоларни олдиндан кўра билиш қийин бўлган 21 асрда ўша муаммоларни осонлик билан ҳал эта оладиган кадрларни етиштиришни жуда ҳам қийинлаштириб ташлайди. Ҳозирда ишсизлик жуда юқори бўлиб турган бир пайтда сифатли кадр инқирози каби трагик ҳолат билан юзма-юз турганимизни шундан ҳам тушуниб олса бўлади. Келиб қолганимиз бу ҳолат таълим соҳамизни эркинлаштириб, ўқитувчиларга яхши маънодаги мустақиллик берилиши қай даражада долзарблигини яна бир бор яққол кўрсатади.  

Охирги масала. Юртимизда биринчи бор етакчи хорижий университетларнинг 500талик рўйхати шакллантирилди. Бу университетлар дипломлари имтиҳон ва турли бюрократик тўсиқларсиз тан олина бошланди. Биз ёшлар бундай ижобий ўзгаришни узоқ муддат кутган эдик. Бироқ бу билан муаммо ҳал бўлгани йўқ.

Биринчидан, университет ва институтларимиз бошқарувидаги кўринмас «олтин қоида» ҳамон мавжуд: «сен раҳбарингдан олдинга ўтиб кетмаслигинг лозим!». «Ўтиб кетдингми, чопиласан!».

Натижада, илмий ишни сиз ўз кучингиз билан амалга оширган бўлсангиз ҳам албатта уни раҳбар номи билан чиқариш лозим. Ёки ҳеч бўлмаса, муаллифлар рўйхати бошига ё кафедра бошлиғи ёки декан ёки ректор номи тиркалиши керак. Буни илм ўғирлаш эмас, балки қароқчилик деб атасак тўғри бўлади. Чунки плагиат юз берганда кимдир интеллектуал мулкингизни сизга сездирмай ўғирлайди, юқоридаги ҳолатда эса сизни мажбурлашади.

Қўшимчасига сиз томонингиздан берилган таклифлар ёки инновацион ғоялар ҳам шундайлигича раҳбарият томонидан ўзлаштирилиб, раҳбариятнинг номидан юқоридагиларга етказилиши ҳолатлари ҳам давом этяпти. Интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси муҳимлиги ҳақида бонг урар эканмиз, аввало илм даргоҳлари раҳбарияти ва ёши катта ўқитувчи-профессорларимизнинг ҳолига назар ташламоғимиз лозим.

Кези келганда, масаланинг ёши катта профессор-ўқитувчиларга тегишли муҳим томонини айтиб ўтай. Бизда қўштирноқ ичидаги олимлар хорижий университетни ва унинг илмий ютуқларини тан олгиси, назар писанд қилгиси келмайди. Ўз устида ишламай, «мен зўрман» деб юраверади. Қайтиб келган ёш олим йигит-қизларимизнинг йўлини очмай, уларга турли юкларни юклаш орқали университет ҳаётидан бездириш ҳолатлари бўлаётганини эшитиб турибмиз. Албатта, бундай пайтларда чет элдан кучли хоҳиш, олам-олам ниятлар билан қайтаётган ёшларимизнинг ҳолатини тасаввур этиш қийин эмас.

Университетларимизда авлодлар алмашинуви муваффақиятли ўтиши учун яхши шароит яратиш керак. Акс ҳолда қуйидаги икки ҳолатдан бири рўй бериши муқаррар: ё юртига катта умидлар билан қайтган ёш олим яна чет элга чиқиб кетади ёки руҳий синиб илм-фанни тарк этади – хусусий секторга ўтади.

Шу ерда нафақат университет раҳбарларининг, балки университет профессор-ўқитувчиларининг масъулият ҳисси ҳақида ҳам бироз гапириб ўтсам. Кейинги пайтда камина кузатаётган юртимиздаги феномен – илмий даража ва унвон олиш илмнинг бошланиши эмас, якуни бўлиб қолгани! Илмий иш ҳимоясини қилиб тугатган шахс қайтиб илмга жиддий киришмайди. Қанчадан-қанча кишилар ишини ҳимоя қилиб олгач, деярли ўз устида ишламайди, илм қилмайди, шогирдлар чиқармайди, илм фаол ривожланишига муносиб ҳисса қўшмайди. Илмий иш ҳимояси «мен докторман, сен эса доктор эмассан» деб юриш учунгина ҳамда маълум бир мақом ва имтиёзга эришиш учун восита бўлиб қолган!

Ривожланган давлатларда сиз фан докторимисиз ёки профессорми деган саволни беришмайди. Балки «сенинг охирги илмий янгилигинг ёки фанга қўшган янги ғоянг нимадан иборат?», «Қайси етакчи хорижий журналда мақоланг чиқди, ўз устингда ишлаяпсанми, шогирдлар чиқаряпсанми?» деган саволларни беришади. Агар мана шу саволларга ижобий жавоб бўлмаса, ҳеч ким 5-10 йил олдин фан доктори, профессор ёки академик бўлганига қарамайди ва ҳеч қайси кенгаш ва илмий конференцияларга қўшишмайди. Чунки у одамда ўсиш йўқ, у тўхтаган. Ундай одамдан кўра, ўз устида тинимсиз ишлаётган ва кўплаб хорижий ва маҳаллий илмий журналларда янгидан-янги илмий ғоялар бераётган ёш олимнинг қадри баланд. Шу ёш олим илмий кенгашларга ҳам киритилади ва барча имтиёзлардан ҳам фойдаланади.

Демак, асосий мезон қўлингиздаги бир парча қоғоз бўлмиш «фан доктори», «профессор» деган диплом эмас, балки охирги 1-2 йилдаги илмий изланишларингизнинг манфаатли натижасидир. Шунинг учун ҳам барча олимлар доимий рақобатда, ўз устида ишлашга ҳаракат қилишади. Тажрибамдан айтишим мумкин, бир машҳур япон профессори илмий кенгашда ҳамманинг олдида сўроққа тутиб, нега ўз устида ишламаётгани ва натижа кўрсатмаётгани танқид қилинди ва у ҳаттоки талабаларга маъруза ўқиш ҳуқуқидан маълум муддатга маҳрум қилинди. Ўз-ўзидан унинг профессорлиги ҳам сариқ чақалик аҳамиятга эга бўлмай қолди ўшанда, яъни ҳеч ким тан олмайдиган ҳолга келди.

Сўнгсўз ўрнида

Академик эркинликнинг қай даражада муҳимлиги борасида оддий бир мисол келтириб, хулосани сиз азизларга қолдирсам: охирги икки-уч йилдаги матбуот эркинлиги натижасида интернет ахборот воситаларида савияли таҳлилий мақолалар кўпайди. Эътибор бердингизми? Аммо мақолаларнинг аксариятини давлат университетлари профессор-ўқитувчилари эмас, балки бошқа соҳа вакиллари ёзишяпти. Бир-икки профессорни истисно қилганда, деярли йўқ ҳисоби.

Нега бундай экан-а?

Кўпроқ янгиликлар