Давлатлар аҳолининг ўрта қатлами шароитини қандай яхшилаши мумкин?

Жамият 22:40 / 22.04.2019 7443

Кейинги ўттиз йил ичида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га аъзо мамлакатларда аҳолининг ўрта қатлами 64 фоиздан 61 фоизга тушиб кетди.

Шу билан бирга уларнинг даромадлари ҳам пасайган – ўрта қатлам ўзининг иқтисодий таъсирини йўқотмоқда. Бу ҳақда БМТга муаллифларидан бири бўлган Майкл Форстер тақдим этган ИҲТТ ҳисоботида айтилади. У БМТ янгиликлар хизматига мазкур ҳисобот тўғрисида батафсил маълумот берди.

- Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, аксарият одамлар ўзларини ўрта қатламга мансуб деб билади. Бу нимани англатади? 

- Биз ҳисоботда мамлакат бўйича ўртача даромаднинг 75 фоизидан кам бўлмаган ва 200 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда даромад топувчиларни кўриб чиқдик. Аҳолининг тахминан 61 фоизи, яъни кўпчилик бу тоифага киради. Даромад юқори даражада бўлган давлатлар, масалан АҚШда бу йилига 23 минг доллардан 62 минг долларгача ташкил этади. Хитойда бу даромад йилига 5 минг доллардан 13 минг долларгача.

Ўртача олганда, аҳолининг 55дан 80 фоизгача қисми ўзини ўрта қатламга мансуб деб ҳисоблайди.  

- Ҳисоботда ўрта қатламнинг нафақат улуши, балки иқтисодий таъсири ҳам камайиб бораётганлиги айтилган. Бу нима дегани?  

- Иқтисодий таъсир улушга нисбатан муҳимроқдир. Ҳа, ўрта қатламнинг улуши кейинги 20-30 йилда 64 фоиздан 61 фоизга пасайди. Аммо бу иқтисодий таъсир кўрсаткичига нисбатан унчалик қўрқинчли эмас. Ўттиз йил аввал ўрта қатламнинг барча вакиллари ялпи даромади юқори қатламнинг ялпи даромадидан тўрт бараварга кўп эди, ҳозирда эса уч баравардан ҳам камроқ. АҚШда эса, ўрта қатламнинг ялпи даромади «юқори»нинг даромадидан анчагина паст.

- Ҳозирда ўрта қатлам қандай муаммоларга дуч келмоқда? 

- Биринчи навбатда, бу иқтисодий ресурсларнинг етишмаслиги. Бугунги кунда одамларга, айниқса ёшларга пул тўплаш, жамғариш, уй-жой ва таълимга инвестиция қилиш борган сари қийинлашмоқда.

- Давлатлар аҳолининг ўрта қатлами шароитини қандай яхшилаши мумкин?

- Айрим давлатларда асосий муаммо уй-жой масаласи ҳисобланади, бошқа бирларида ўрта-махсус ва олий таълим олиш муаммо. Мос равишда, биринчи гуруҳдаги давлатлар аҳолига уй-жой учун арзон нархларни кафолатлаши, иккинчи гуруҳдагилар таълим тизимини ислоҳ қилиши лозим. Замонавий шароитларда мунтазам равишда малака ошириш, янги касбларни ўзлаштириш имконияти мавжуд бўлиши – одамлар умрлари давомида ўқиб-ўрганишлари керак. Шунингдек, аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланишини таъминлаш муҳим ҳисобланади. 

Яна бир муҳим жиҳат – бу жамиятдаги даромадларни адолатли тарзда тақсимлаш имконини берувчи сиёсат олиб бориш.

- Хитой каби давлатларда аксинча, ўрта қатлам ўсиб бормоқда... 

- Ҳисобот асосан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатларга тегишли, аммо ривожланаётган йирик давлатларни ҳам киритдик. Хитой, Ҳиндистон ва Бразилияда кейинги 20-30 йилда ўрта қатлам дарҳақиқат ўсди, лекин ҳукумат мос равишда ижтимоий сиёсат ўтказмади. Шунинг учун бу давлатлар ўрта қатлами вакилларида саломатлик ёки ишсизлик билан боғлиқ кутилмаган вазиятлар учун ижтимоий ҳимоя йўқ. Масалан, кимдир юраги хуруж қилса ёки автоҳалокатга учраса, у бирданига қашшоқлик ёқасида қолади. Европа давлатларида эса ўрта қатлам даромадлари турғунлиги бўлиб ўтган, аммо шу билан бирга ижтимоий ҳимоя мавжуд. Ҳарҳолда, у ерда ўрта қатламга ўта қашшоқлик хавф солмайди.

Кўпроқ янгиликлар