Хоразм вилояти ҳокими Хонқа туманида ўзгача шаклда шахсий сайёр қабулини ўтказди

Жамият 23:17 / 19.04.2019 22134

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида Хонқа тумани, Томадурвадик қишлоғида шахсий сайёр қабулини ўтказди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

“Ваисниёз – Қаҳрамон” фермер хўжалигига қарашли дала шийпонида ташкил қилинган тадбирда Хоразм вилояти прокурори ўринбосари Ғайрат Абдуллаев, Халқ қабулхонаси раҳбари Султонбой Бердиқиличев, сектор раҳбарлари, вилоят ва туманнинг мутасадди ташкилотлари ва давлат идоралари раҳбарлари, ходимлари, маҳалла фаоллари, туманлардан келган мурожаатчилар иштирок этишди.

Тадбирдан олдин, Хонқа туманида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор шахсларга махсус аравачалар ва қўлтиқтаёқлар топширилди. Фарҳод Эрманов ҳозирги пайтда вилоят бўйича 560 нафар ногиронлиги бор одамлар аравача олишга навбатда турганини қайд қилиб, бу муаммони зудлик билан ҳал қилиш бўйича топшириқ берди. Бундан ташқари, аравачаларнинг тантанали топшириш маросимини уюштириш шарт эмаслигини таъкидлади.

Шахсий сайёр қабулининг бошланишидан олдин, Фарҳод Эрманов бу сафар унинг шакли ўзгача бўлишини, хусусан, тадбирга барча туманлар ҳокимларини чақирганини, мурожаатчилар аввало, шу ернинг ўзида туманининг раҳбари олдига бориб, муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилишини, агар ечимдан норози бўлса, ҳокими билан бирга олдига келиши шартлигини тушунтирди. Вилоят раҳбари буни об-ҳавонинг кутилмаганда совиши ва қабулнинг чўзилиб кетиши мурожаатчиларга ноқулайлик туғдириши, шунингдек, муаммоларнинг тезроқ ҳал қилиниши билан изоҳлади.

Фарҳод Эрманов туман ҳокимликлари аҳоли мурожаатларига етарли даражада эътибор бермаётганини, ҳокимлик биноси суткасига 24 соат давомида очиқ бўлишини, туман раҳбари эса ҳафтанинг 5 куни давомида халқ мурожаатларини ўрганиб, уларнинг ечимини топиши шартлигини таъкидлади.

Шундан кейин, мурожаатчилар ўз тумани ҳокими билан суҳбатлашиб, муаммонинг ечимини топишга уриниб кўришди. Туман раҳбари билан келишолмаган мурожаатчилар эса шахсан Фарҳод Эрманов олдида ўз ҳокими билан биргаликда масаланинг ечимини топишга ҳаракат қилишди.

Аҳоли мурожаатлари орасида уй-жой қуриб олиш учун ер ажратиш масаласи асосий ўринни эгаллади. Шунингдек, иш билан таъминланиш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ажратиш, ногиронликка чиқиш масалалари, оғир касалларнинг даволаниши учун моддий ёрдам олиш, қўшимча томорқа ажратиш, арзонлаштирилган уй-жой билан таъминлаш, уй-жойининг компенсация пулини олишда кўмаклашиш, турар ва нотураржой биноларига эгалик ҳуқуқини белгилаб беришда, кадастр ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашиш, ўзига тегишли уй-жой чегарасига аниқлик киритишда ёрдамлашиш, суд қарорларидан норозилик, шахсий томорқасига сув етказиб бериш, алимент пулини олишда кўмаклашиш каби муаммолар бўйича мурожаатлар бўлди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар асосан ер ва кредит ажратиш масаласида мурожаат қилишди. Шунингдек, фермер хўжалигини ташкил этиш, унга қўшимча ер майдони бериш, ўзига тегишли бизнеснинг ноқонуний равишда тортиб олинишидан норозилик, хусусий корхонасига табиий газ етказиб берилишини таъминлаш, нон ишлаб чиқариш учун ун маҳсулотининг ажратилишида ёрдам сўраш каби муаммолар бўйича мурожаатлар қилинди.

Фарҳод Эрманов бу мурожаатлар юзасидан ҳар бир соҳа раҳбарига барчасини ўрганиб чиққан ҳолда, қонуний ва ижобий ҳал қилинишини таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Хоразм вилояти ҳокимининг навбатдаги шахсий сайёр қабули 26 апрель куни Гурлан тумани, Гулистон қишлоғида ўтказилади.

Кўпроқ янгиликлар