Ўзбекистонга илк бор финляндиялик талабалар делегацияси келди

Жамият 09:36 / 19.04.2019 3778

18 апрель куни Ўзбекистонга илк бор финляндиялик талабалар делегацияси етиб келди.

Ҳелсинки, Ювяскюля, Турку, Лапландия ва Аалто университетларининг магистратура босқичида таҳсил олувчи талабалар 23 апрелгача Ўзбекистонда бўлади.

Делегация сафар давомида Тошкентдаги университетлар, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий ёдгорлик ва қадамжоларга ташриф буюради.

Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги вакилларининг маълумот беришича, фин ёшларининг сафари ушбу Скандинавия мамлакати аҳолисининг турли ижтимоий қатламларида Ўзбекистонга нисбатан қизиқишнинг кучайганлигидан далолат беради ва икки мамлакат ўртасида ўзига хос маданий алоқалар кўпригини ўрнатади. Талабалар делегацияси таркибида блогер ва влогерлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Финляндия ёшлари орасида ҳам тарғиб қилади.

Маълумот учун, шу йилнинг 11 апрелида Финляндиянинг расмий делегацияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, ўзбек томонининг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари, шунингдек, 47 нафар етакчи Финляндия ва маҳаллий компаниялар иштирокида Ўзбекистон-Финляндия бизнес-форуми бўлиб ўтган, форумдан сўнг Финляндия Республикаси Фахрий Консуллиги очилганди.

Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йилнинг 26 февраль санасида ўрнатилган.

Финляндия аҳолиси 5,5 млн. кишидан зиёд. Мамлакат халқаро иқтисодий салоҳият ва фаровон ҳаёт даражаси бўйича халқаро рейтингларда етакчи ўринларда туради.

Жумладан, Финляндия жаҳондаги энг экологик, Европа Иттифоқида эса энг сифатли экспорт маҳсулотига эга давлат ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар