«Собиқ бош прокурор Қодиров иши ёпиқ судда кўрилмоқда». Суд раиси иш юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистон 16:16 / 18.04.2019 59600

Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент шаҳар судлари раисларининг 2019 йилнинг 1-чорагида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари юзасидан брифинги бўлиб ўтди. 

Суд раисларининг ахбороти тингланганидан сўнг, жамоатчиликни қизиқтирган саволлар юзасидан савол-жавоблар бўлиб ўтди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Бахтиёр Исломов собиқ бош прокурор Рашид Қодиров юзасидан берилган саволларга жавоб берди.

«Собиқ бош прокурор иши доирасида 13 нафар шахсга айблов эълон қилинган ва суд тергови давом этмоқда. Судланувчиларга дастлабки тергов органлари томонидан фирибгарлик, пора олиш, пора бериш, айбсиз инсонни жавобгарликка тортиш, тергов ва суд ишларига аралашиш ҳолатлари ва бошқа жиноят кодекси моддалари юзасидан айбловлар қўйилган. 

Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси юритувида ёпиқ суд мажлисида кўрилмоқда. Жиноят иши ўта мураккаб, қалтис ва кўп воқеали бўлганлиги боис жиноят ишини судда кўриш муддати кодексга мувофиқ 4 ойгача узайтирилган. Суд тарафидан қонун бузилиши ҳолатлари кузатилмаган. 

Сўроқ қилиниши лозим бўлган инсонлар ва текширилиши лозим бўлган ҳолатлар ҳам жуда кўп. Шу сабабли суд тергови ҳануз давом этмоқда. Суд тергови якуни бўйича қонуний қарор қабул қилинади ва вақти келгач, ҳукм оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади», - деди Бахтиёр Исломов.

Кўпроқ янгиликлар