Манчестерда шокка туширувчи ўйин. Гвардиола яна ўйиндан ташқари ҳолатда

Спорт 13:04 / 18.04.2019 23465

«Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» Чемпионлар лигасининг чоракфиналида эртакнамо ўйин намойиш этишди - жамоалар биргаликда жами 7та гол уришди. Замонамизнинг энг яхши мураббийларидан бири Хосеп Гвардиола бу сафар ҳам финалга етолмади.

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Жавоб ўйини
«Манчестер Сити» (Англия) – «Тоттенҳэм» (Англия) – 4:3 (3:2)
Голлар
: Стерлинг, 4 (1:0). Сон Хин Мин, 7 (1:1). Сон Хин Мин, 10 (1:2). Бернарду Силва, 11 (2:2). Стерлинг, 21 (3:2). Агуэро, 59 (4:2). Льоренте, 73 (4:3).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Компани, Ляпорт, Менди (Сане, 84), Де Брюйне, Гундўған, Сильва (Фернандинью, 63), Стерлинг, Агуэро, Бернарду Силва.
«ТоттенҲэм» (Лондон): Ллорис, Триппьер, Алдервейрелд, Фертонген, Роуз (Санчес, 90+1), Алли, Ваньяма, Сиссоко (Льоренте, 41), Эриксен, Лукас Моура (Дэйвис, 81), Сон Хин Мин.
Огоҳлантиришлар: Сиссоко, 41. Сон Хин Мин, 48. Роуз, 54. Ваньяма, 77.
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия).
17 апрель. Манчестер. «Этиҳад» стадиони.
Биринчи ўйин – 0:1.

Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Хосеп Гвардиола мағлубиятга тайёрдек кўринарди: «Агар ютқазсак, икки кунча ғам чекамиз. Кейин яна қайтамиз, Премьер-лигасида кураш авжида. «Сити»нинг мақсади АПЛ чемпионлиги ва Англия Кубоги. ЕЧЛга эса кузда қайтамиз». Шу билан бирга у яримфиналга чиқиш имкониятлари ҳақида ҳам гапириб, ўз фаолиятида бир зарба билан ҳам финалга чиққани ва бошқа сафар эса 33 зарба билан ҳам ютқазганини ёдга олди. 

Манчестердаги ўйиннинг 12-дақиқасида телевизорни ёққанлар қаттиқ афсусда қолишди. Экранда иккита иккини кўрган бу одамларнинг реакциясини тасаввур қилиш қийинмас. Улар аввалига буни қандайдир техник носозлик деб ўйлаган бўлишса ҳам ажабмас. Аммо ундай эмасди - Чемпионлар лигаси тарихида илк марта тезкор тўрт гол урилди. Кейин бешинчиси - бу ҳам турнир тарихидаги энг тезкор бешинчи гол эди.

Мухлислар 21-дақиқага келиб энди ўйинда 7:7 ҳисоби қайд этилишини орзу қила бошлашганди. Футбол - аввалги даврлардаги каби шунчаки кўнгилхушлик учун ўйналадиган ўйинга айланганди. Албатта, бу ўйинда ўта фантастик ҳисоб қайд этилмади, аммо бу ўйин мавсумнинг энг томошабоп ўйинларидан бирига айлана олди.

Голлар ёмғирини кузата туриб, барча турнирдаги курашни унутгандек эди гўё. Лекин турнирдаги ҳисоб-китоб ҳам муҳим эди. Бу чоракфиналнинг жавоб ўйини эди ва «Манчестер Сити» иккинчи голни ўтказганидан кейин 3 гол билан жавоб қайтариши талаб этиларди. «Шаҳарликлар» эса буни уддалашди!

 

Лондондаги биринчи ўйинни захира ўриндиғида кузатган Кевин де Брюйне иккинчи ўйинда 3та голга ҳаммуаллифлик қилди. Тўртинчи голдан кейин ҳамма «Сити» амалда яримфиналга чиққанини тан ола бошлади. Аммо бу ўйинда мантиққа ўрин йўқ эди, Сиссоко жароҳат олгач майдонга туширилган, бу мавсумда фақат ўз жамоаси дарвозасига гол урган, ҳисоб 3:2 бўлиб турганида қулай вазиятдан оёқ билан гол уролмаган Фернандо Льоренте бу ўйинда бели билан гол уришга эришди. Чақир бу вазиятнинг видеотакрорини бир неча дақиқа давомида ўрганди ва голни инобатга олиб, майдон марказини кўрсатди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда VAR яна катта саҳнага чиқди - технология Агуэро офсайдда қолганини кўрсатиб, Стерлингнинг ҳет-тригини бекор қилдирди.

Гвардиолага саволлар кўп: Месси, Хави ва Иньестасиз у Чемпионлар лигаси финалига чиқа олмади ва унга буни фақат эринчоқ одам эслатмади. Бир йил муқаддам у «Ливерпуль»га мағлуб бўлиб, чоракфиналда қолиб кетганида инглиз мухлислар уни ҳатто фирибгарга чиқаришганди. Бир оқланмаган умид - ва футбол даҳосидан оддий «физрук»ка айланасан.

Кечаги ўйин давомида ижтимоий тармоқларда Гвардиола манзилига яна бўлмағур сўзлар йўлланди. Тушунарли, барчаси ҳиссиётлар. Лекин унинг жамоаси кўрсатган ўйин кимнидир ранжитдими? Бу ўйин музейларда кўргазмага қўйиладиган ўйин бўлмадими?

Бу Чемпионлар лигасига хос ўйин эди. Биз бу мавсумда «Аякс»нинг «Ювентус» ва «Реал»га қарши шиддатли ўйинларига гувоҳ бўлдик, биз «Барселона»нинг гўзал ўйинларига одатландик, «Ливерпуль» ўз йўлидаги кучсиз рақибларни яксон қилмоқда, «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» эса томошабоп футбол аттракционини уюштиришди, бу ўйин финални ҳам сояда қолдириши мумкин бўлди.

Яна VAR. Яна бу уч ҳарф, бу сўз энди футбол ўйинларига ҳамиша ҳамроҳ. «Барселона» ва «Манчестер Юнайтед» ўйинида аввал бекор қилинган гол тикланди - ОАВ эса энди бундай ҳолатларга парво ҳам қилмай қўйди. Барча видеотакрорлар энди футболнинг ажралмас қисмига айланиб бўлганини англаб бўлди. Худди дарвоза тўридек, худди газон чизиғидек, худди тўпдек.

Аммо Манчестердаги ўйин якунида янги технологиялар янги даражага чиқди. Ўйин шундоқ ҳам эҳтиросларга тўла эди, VAR эса бу ўйин якунида барчасининг оёғини осмондан қилди - Стерлингнинг голидан кейин Маурисио Почеттино ўзи ва жамоасига ўн марталаб лаънат ўқишга улгурди, Пеп Гвардиола эса худди 2009-10 йилги мавсум яримфиналида «Барселона» ва «Челси» ўртасидаги ўйинда Иньеста урган «олтин гол»дан кейин бошдан кечирганларини қайтадан ҳис қилди.

30 сония ўтиб эса бош ҳакам Жунайт Чақир катта саҳнага чиқди ва ҳуштагини чалиб қўли билан квадратни кўрсатди ва қўлини юқори кўтарди - офсайд! Энди икки мураббийнинг танаси алмашиб қолгандек эди. Уларнинг ҳиссиётларини сўзларда ифодалаб бўладими? Тасаввур қилиш даҳшат.

Гвардиола яна турнирни эрта тарк этди, унинг учун бу фожиадир - қаторасига иккинчи мавсумда Чемпионлар лигасининг энг ёрқин жамоаси чоракфиналда курашни тўхтатмоқда. Почеттино эса «Тоттенҳэм» тарихидаги ҳеч бир мураббий қилолмаган ишни бажарди ва жамоани Европанинг энг яхши тўрт жамоаси сафига қўшди. Энди яримфиналда «Барселона» - «Ливерпуль» ва «Аякс» - «Тоттенҳэм» жуфтликлари.

Бу Чемпионлар лигасидаги энг яхши мавсумлардан бири. Балки бундай мавсум яқин орада бўлмагандир ҳам. Бу мавсумда олдинда яна бешта катта ўйин кутмоқда.

Кўпроқ янгиликлар