Тошкентда биринчи Замонавий санъат маркази лойиҳаси йўлга қўйилди

Жамият 22:09 / 17.04.2019 1698

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси "Замонавий санъат маркази" пилот лойиҳасини йўлга қўйди. Марказ очилиши олдидан пойтахтда ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Шу билан бирга, мусаввир ва режиссёр Саодат Исмоилованинг "Қўрғон чироқ" кўргазмаси ўтказилди. Тадбирда вазирликлар, идоралар ва дипломатик корпуслар вакиллари ҳамда халқаро тоифали меҳмонлар, маданият ва санъат арбоблари қатнашишди.

"Ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшаётган барча иштирокчиларни Замонавий санъат маркази очилиши билан табриклайман. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан мазкур лойиҳага оид ташаббус билан чиққан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига катта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ишончим комилки, Замонавий санъат маркази ўзбекистонлик ёшларни ҳам ўзига жалб қилувчи масканга айланади", - деди тадбирни очиб берган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ҳам Марказга оид фикрлари билан бўлишди:

"2018 йилда бу бино Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилган эди. Бино бой тарихга эга ва ишонамизки, унинг келажаги ҳам порлоқ бўлади. Энди бу бинода Тошкентдаги биринчи Замонавий санъат маркази фаолият юритади. Муассаса очилиши доирасида бу ерда қатор маданий тадбирлар ўтказилмоқда, уларда Марказнинг яратилишига ўз ҳиссасини қўшган ватандошимиз Саодат Исмоилова ҳамда Буюк Британия, Франция, Германия, Сингапур, Россиядан ташриф буюрган ҳамкорларимиз қатнашишмоқда. Умид қиламизки, бу бино маданият соҳаси профессионаллари билан бир қаторда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар замонавий санъатсеварлари эътиборини ҳам ўзига жалб қилади".

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Тошкентда "Қўрғон чироқ" кўргазмаси куратори сифатида иштирок этган Tate Modern замонавий санъат галереяси куратори Андреа Лиссони ҳам йиғилганлар олдида ўз таассуротлари ҳақида сўзлади:

"Дунёнинг турли мамлакатларида бу каби замонавий санъат марказларини яратишда иштирок этишга оид тажрибага эгаман, шу боис ишонч билан айтишим мумкинки, бундай жойлар маҳаллий даражада таълимий аҳамиятга эга бўлади ва халқаро таълим жиҳозларининг замонавий бадиий тажрибаси билан танишиш имконини беради. Тошкентдаги Замонавий санъат маркази фаолияти ривожини сабрсизлик билан кутиб қоламан ва келгусидаги ҳамкорликка умид қиламан. Барчани бундай ажойиб лойиҳа билан табриклайман".

Тадбир доирасида иштирокчилар учун Марказ бўйлаб экскурсия ўтказилди, меҳмонлар "Қўрғон чироқ" экспозицияси, кўргазма видеоинсталляцияси ва бошқа экспонатлар билан танишишди.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Таъкидлаш жоизки, кенг кўламли лойиҳа 13 апрелдан 1 июнга қадар ўтказилувчи қатор тадбирларни ўз ичига олган: кўргазманинг очилиши, спектакль, маърузалар, семинарлар, кино намойишлари, шунингдек халқаро тоифали меҳмонлар иштирокида болалар ва оилавий маҳорат дарслари.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Яқин вақтгача Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси жойлашган бино 2018 йилда Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилди ва ҳозирда у ерда "Замонавий санъат маркази" фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар