Россия Беларусь билан «сут уруши»ни бошлади

Жаҳон 15:10 / 16.04.2019 25486

Россия Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасида Москвага Беларусдан олиб келинган сут маҳсулотлари учун бозорни тўлиқ очиш мажбуриятини юкловчи қарор бекор қилинишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда «Коммерсантъ» ёзмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Россия 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Евросиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) қарорини бекор қилишга эришмоқчи. ЕИК қарори билан Москвага ички бозорга алоқадор, жумладан, ташкилотга аъзо давлатлар ишлаб чиқарилган исталган товарларни киритиш тўғрисидаги ЕОИИ нормаларига риоя этиш мажбурияти юкланган.

Бундан аввал, Россельхознадзор Беларусдан сут маҳсулотлари олиб кирилишини чеклаб қўйиб, бунга беларуслик тегишли органлар паст сифатдаги, яхши қувватлари ва ускуналари бўлмаган корхоналарда ишлаб чиқарилувчи сут маҳсулотига сертификатлар бераётганини сабаб сифатида кўрсатди. Хусусан, Россияга 2,5 литрдан ортиқ ҳажмда Беларусь сути, қаймоғи ва кукунли сутини олиб кириш тақиқланган.

ЕИК бундай чора ЕОИИ қонунчилигини бузади, деб тан олди. Бироқ, Россия ўз бозорида Беларусь маҳсулотларини камситмаётгани, сабаби маҳсулотларни кичик ҳажмларда олиб киришга рухсат мавжудлиги ҳақида таъкидлаб келяпти.

ЕИКнинг тақиқни тўхтатиш тўғрисидаги қарори февраль охирида кучга кирди, Москва суриштирув вақтида у тўхтатиб турилишига эришмоқчи.

Бундан олдин, Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия сурбетлашиб кетгани ҳақида маълум қилганди.

Кўпроқ янгиликлар