Бердимуҳамедов “Туркманнефть” бошлиғини қолоқлик учун лавозимидан бўшатди

Жаҳон 00:10 / 15.04.2019 13278

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманнефть” давлат концерни раиси Довлаттурди Хожиевни эгаллаб турган лавозимидан бўшатди. 

Президентнинг тегишли фармони мамлакатнинг жорий йил 1-чораги учун ижтимоий-иқтисодий ривожланиши натижаларига бағишланган ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида имзоланган. 

Давлат раҳбари ҳужжатни имзолаётиб, айни вақтда нефть-газ тармоғида бир қатор камчиликлар борлигини таъкидлаб ўтган.

“Янги технологияларни нефтни чуқур қайта ишлашга татбиқ қилиш бўйича ишлар секин кетмоқда. Шу сабабли мен Хожиевни ишда қўйилган камчиликлар учун лавозимидан бўшатаман”, деб айтган Туркманистон президенти.

Бердимуҳамедов нефть-газни қайта ишлаш тармоғига замонавий технологияларни фаол татбиқ қилиш лозимлигини уқтириб ўтган.

Концерн раҳбари лавозими Хожиевнинг ўринбосари Жапаргули Ўразов зиммасига вақтинчалик юкланган. 

2017 йил мартида концерн раиси этиб тайинланган Хожиев бунгача хизмат вазифаларини тегишлича бажармаётгани ва давлат топшириқлари бажарилишини таъминламаётгани учун 2 маротаба ҳайфсан олган. 

“Туркманнефть” концерни “Туркмангаз” билан бир қаторда Туркманистон иқтисодиётининг негиз тармоғи ҳисобланади. Турли маълумотларга кўра, мамлакатда ҳар йил 10 млн тоннадан кўпроқ нефть олинади. Бу ҳажм мамлакатнинг нефтга эҳтиёжини тўлиқ қоплашга ҳамда нефть ва нефть маҳсулотларининг катта қисмини ташқи бозорда сотишга имкон беради.  

Кўпроқ янгиликлар