Хэмилтон “Формула-1”нинг 1000-пойгасида ғолиб бўлди

Спорт 21:02 / 14.04.2019 2051

Британиялик пойгачи Льюис Хэмилтон Хитой Гран-присининг ғолиби бўлди.

Шанхайда ўтган пойгада 2-ўринни Хэмилтоннинг жамоадоши Валттери Боттас эгаллаган. Марра чизиғини учинчи бўлиб Ferrari аъзоси Себастьян Феттель кесиб ўтган.

Хэмилтон Шанхайдаги муваффақияти туфайли пойга мусобақа жадвалининг 1-ўрнига кўтарилиб олди. Ҳозирда унинг ҳисобида 68 очко бор. 2-ўринга тушган Боттасда эса 6 очкога камроқ. 3-ўринни 39 очко билан Макс Ферстаппен эгалламоқда.

Шанхайдаги пойга “Формула-1” тарихидаги 1000-юбилей пойга бўлди. “Формула-1”нинг биринчи пойгаси эса 1950 йил 13 майда Британиянинг Сильверстоунида бўлиб ўтган. Ўшанда пойгани италиялик Жузеппе Фарина ютган ва айнан у “Формула-1”нинг биринчи чемпиони ҳисобланади.

Пойганинг кейинги 4-босқичи Озарбойжонда 27-28 апрель кунлари бўлиб ўтади. 

Кўпроқ янгиликлар