Назар Эшонқул: «Самимият ва ўзаро яхлитликнинг йўқлиги — энг катта муаммомиз»

Жамият 23:56 / 30.03.2019 6633

Жамият, адабиёт хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари, муаммолари юзасидан қатор кўрсатув ва суҳбатларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши таниқли ёзувчи Назар Эшонқул бўлди.

Ёзувчи билан бугунги жамият ва адабиёт ҳақидаги суҳбатимиз очиқ ва самимий руҳда ўтди.

Видео: Mover (Tas-IX)

Видео: Youtube

 

— Адабиёт вакиллари билан янги ўзбек адабиётининг фалсафаси ҳақида гаплашганимизда уни яратишга интилаётган ёзувчи сифатида сизни ҳам эътироф этишади. Айтингчи, ўз асарларингизда ўқувчига асосан қандай фикрларни, қандай фалсафани етказишни хоҳлайсиз?

— Шахсан мен адабиётни фалсафа деб биламан. Инсонлар билан гаплашиш воситасига айланган фалсафа. Албатта, файласуфлар гаплашадиган фалсафа эмас, одамлар билан биргаликда муҳокама қилинадиган, рамзлар, бадиий сўз ва воситалар орқали муҳокама қилинадиган фалсафа деб биламан.

Энди билмадим, мен қайси фалсафани илгари сураётган ёки сурмаётганимни. Буни мени асарларим, ҳикояларимни ўқиб кўрган кишилар, танқидчилар билади. Лекин шуни аниқ биламанки, одам ким қаердан келди, унинг бош вазифаси ва миссияси нимадан иборат, уни эртанги кунда нималар кутиб турибди, ҳозирги фожиалар давом этса, унинг оқибати қандай бўлади, инсоннинг ботинида турган шайтон ва раҳмон курашида қайси томон енгиляпти ва нима сабабдан деган саволларга жавоб излайман. Деярли барча ҳикояларим ана шу саволлар ва уларга жавоб излашдан иборат.

—Хушомад ва маддоҳлик — ҳар бир замонда ҳам инсониятнинг энг катта иллатлари. Афсуски, бугунги кунда кўпчилик одамлар айнан шу иллатларни яхши яшашнинг қонуниятига айлантириб олган, десак хато бўлмайди. Айтингчи, шундай кетса ва бориб-бориб хушомад ва маддоҳлик миллий фазилатга айланиб қолса нима бўлади?

— Миллий фазилатга айланмайди. Миллий иллатга айланиши мумкин. Бу иллатлар миллий фазилатга айланса, у жуда катта фожиа бўлади. Чунки хушомад ва маддоҳлик бу қулликнинг белгиси. Қуллик эса ўрта асрларнинг феодалистик жамиятига хос белги.

Ҳар қандай хушомад ва маддоҳлик ортида қандайдир илинж, манфаат ётади. Шу маънода биз кимгаки хушомад қилаётган бўлсак, билиш керакки, ўша хушомад қилинаётган одамни ҳақорат қиляпмиз. Жаҳон афкор оммаси, халқлар ва ақл идрокли инсонлар олдида ҳақорат қиляпмиз. Бу орқали эса миллат сифатидаги маданий савиямизни кўрсатиб қўйяпмиз.

Жаҳон билади, қаердаги ялтоқлик бор экан, у ерда қуллик яшаяпти. Миллат эса қуллик психологиясидан қутулмаган.

Табиийки, муносабатлар ҳам шунга яраша бўлади. Бизга нисбатан учинчи ёки тўртинчи даражали миллат сифатида муносабатда бўлишади. Шунинг учун бу каби ялтоқликлардан тийилишимиз керак.

— Энг ачинарлиси, бугун маддоҳлик ва хушомадни қойиллатадиган айрим кишилар ўзи кўзлаган ўринларга кўтарилмоқда...

— Гапингизда жон бор. Ҳақиқатдан ҳам ўз вақтида маддоҳлик адабий тан олинишнинг кўриниши ҳам ҳисобланган. Аммо бу нарсалар барибир ўткинчи эканлигини ҳаммамиз кўрдик.

Ўйлашимча, тарихдан хулоса қилган ҳолда арқонни узун қилиб ташлаш ва ялтоқлик, маддоҳлик орқали маълум ўринларга кўтарилаётганларга ҳам имкон бериш керак. Уларни кимлигини ақл-у фаросати бор инсонлар ўзи кўриб, билиб туришибди.

Ялтоқланувчилар, маддоҳлар, эҳтимол, ўз даврида маълум амал ва ўринларга эришар, аммо вақт ўтиб буларнинг бари нолга тенг бўлаверади. Аксинча, ҳеч бир эътирофга сазовор бўлмаган, кимгадир ялтоқлик ва маддоҳлик қилмаган инсонлар миллат қаҳрамонига айланиши мумкин. Бунга тарихда мисоллар кўп. Буни вақт кўрсатади. Аммо барибир унга қарши вақтида курашиш керак.

Бир мисол келтираман, Совет иттифоқи даврида Демян Бедний деган шоир бўлган. Сотсиалистик реализмнинг дастлабки 20 йилида ундан машҳур шоир бўлмаган, лекин охир-оқибатда деярли 20 йилда унутилиб кетди. Ҳеч кимга керак бўлмади.

Сизларнинг ёшингиз бироз кичик, мен ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бошлаб адабий асар ўқиб бошлаган бўлсам, то мустақилликкача бўлган даврда ўқиган кўпгина ёзувчиларимни ҳозир ўқиб бўлмайди. Бунинг сабаби ўша даврда ялтоқланиб, хушомад ва давр нуқтаи назари билан, мафкура, сиёсатни улуғлаб ёзилган асарлар тариҳда сақланиб қолишга лойиқ эмас.

Кўряпсизми, ҳамма нарсага даврнинг ўзи баҳо беради.

— Назар ака, жамият одамларининг ўй-хаёллари, дунёқарашига ёзувчилар барибир ўзгача назар билан қарашади ва уни асарларида ифодалашади. Хўш, сиз бугунги миллат, одамлар тафаккурини қандай баҳолайсиз? Тафаккуримизда нималар ўзгармоқда-ю, нималар ҳануз эскича ва ҳамон қотиб қолмоқда?

— Кейинги икки-уч йил ичида шу мамлакат фуқароси ва миллат вакили сифатида мени хурсанд қилган бирдан-бир жиҳат бу — табиий равишда сиёсий плюрализмнинг кучайгани. Одамлар ўз фикрларини эркин айта олаяпти. Тўғри, булар ҳали мукаммал даражага етгани йўқ, лекин шу нарсаларга интилаётганимизнинг ўзи дунёнинг энг кучли давлатларини биз билан ҳисоблашишга мажбур қиладиган ҳолат.

Аммо бизда бу ишларни бошида турган президент каби ва унинг даражасида фикрловчи қатлам йўқ. Албатта, буни объектив ва субъектив сабаблари кўп.

Шу каби жимлик, шу каби карахтлик, одамларнинг тўғри гапни ҳали ҳам айтолмаётганлиги, бир-биримиз билан самимий бўлиб ютуқ ва камчиликларимиз ҳақида гаплашолмаётганимиз мени қийнайди.

Эҳтимол, бугун ютуқлар ҳақида гаплашиш керак эмасдир. Бир-биримиз билан самимий бўлиб, қандай хатолар қилганимиз, олдимизда қандай камчиликлар тургани ва муаммоларнинг ечими борасида фикрлашишимиз керак.

Айнан инсоний самимиятнинг йўқлигини, ўзаро яхлитликнинг йўқлигини бугунги энг катта муаммоларимиздан деб ҳисоблайман.

Назаримда, одамларимиздаги ички қўрқув, ҳадиксираш ва балки бу ўзгаришлар ўткинчи, эртага ҳаммаси тугаб кетади, бошқача бўлади, деган хавотир жамиятни тарк этмаяпти.

— Хўш, сиз айтаётган самимиятнинг етишмаётгани нимадан?

— Ўзаро ишонч йўқлигидан. Маълум бир даврда бир-биримизга душман сифатида қарадик. “Бу душман бўлса керак”, “Бу бизга қўшилмаса керак”, “Ким биз билан эмас, у бизнинг душман” деган қараш билан яшадик. Охир оқибатда одамларда ўзаро ишончсизлик пайдо бўлди ва ҳозир ҳам бу давом этмоқда.

Қайтараман, самимий фикрлашиш керак. Шу жамият, шу юрт тақдири учун ёзувчининг қўлидан нима иш келади, тарихчининг, олимнинг қўлидан нима иш келади, деган саволларни ўртага ташлашимиз керак. Бу, эҳтимол баландпарвоз, пафосли гап бўлиб туйилар, лекин бугун айнан шундай давр. Агар очиқ фикрлашмасак, бу ҳадиксираш яна давом этади, бўлиниш давом этади, охир-оқибатда эса оломонга айланиб кетишимиз мумкин. Инкор қилмайман, орамизда халқни оломонга айлантиришга ҳаракат қилаётган кучлар ҳам бор.

— Сўз эркинлиги, фикр эркинлиги ҳақида гапирдингиз. Бугун кўпгина воқеликларга одамларнинг реакцияси, ижтимоий тармоқлардаги фикрларини кўриб халқ ва оломон тушунчасига қайта-қайта мурожаат қилинаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Сиз халқ билан оломоннинг фарқини нималарда кўрасиз?

— Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз фикр билдираётганларнинг қай бири халқ ва қай бири оломон эканлигини дарров тушунасиз.

Оламон бу — ўз қаричидан тепага кўтарилолмаган, фақат ўз манфаати йўлида хизмат қиладиган ва шу доирада фикр билдирадиган одамлар тўдаси. Ватан, миллат, халқни бирлик ва яхлитликка ундайдиган, хатоларни кечирган ҳолда ўзаро бирлашувга ундайдиган, эрта учун яшайдиган одамлар бу халқ.

Оломон фақат кичик манфаатлар ҳақида ўйлайди. Оилам, уйим, маҳаллам дейди. Шу кичик доирадаги масалалар уни қизиқтиради. Юқорида биз айтган тушунчалар эса уни қизиқтирмайди.

Шу билан бирга сўнгги пайтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам жўяли фикрлар, таклифлар билан ўртага чиқаётгани, хатоларни очиқ тан олаётгани кузатилмоқда. Бу эса кишини хурсанд қилади.

Ана шу йўлни кучайтиришимиз керак.

Биз айтаётган оломоннинг халқ бўлиши эса адабиётга боғлиқ. Китоб ўқиган киши борки, халқ, ҳақида катта ғоялар ҳақида ўйлай бошлайди. Китоб ўқимаган эса оломонлигича қолади.

— Сиёсат ва мафкурага қул ижодкордан эркин, катта нарсалар кутиб бўлмайди дейишади. Айтинг-чи, ижодкор ўзини сиёсат ва мафкурага қулликдан қандай сақлаб қолиши керак?

— Сарой ва ижодкор қачон бирлашади, қачонки сарой адолат тарафда турса. Агар сарой ижодкорни, миллий қадриятларни, адолатни ҳимоя қилса, ҳурмат қилса, ижодкор саройнинг ёнида туради. Улар биргалашиб олий мақсад ва олий эътиқод учун курашади. Мабодо сарой ёлғонга ботса, зулмга куч берса, қорани оқ дейиш, одамларни бунга мажбурлаш бошланса, ҳақиқий ижодкор четга чиқади. Сизнинг саволингизга жавобим шу. Агар мафкура умуммиллий, умуминсоний, адолатли ғояларга хизмат қилса ижодкор ҳам унга хизмат қилади. Аслида, адабиётнинг вазифаси шу.

Агар мақсад адабиётни маълум бир гуруҳ, сиёсий ғоя ёки таълимотга ёки маълум давр одамларига хизмат қилдириш бўлса, бу нотўғри.

Сиёсат учун ёзилган том-том китоблар эса ҳеч қачон адабиётга кирмайди. Қоғоз бўлиб жавонларни тўлдиради холос.

— Шу маънода сиз учун ижодкорнинг синиқлиги нима?

— Ижодкорнинг синиқлиги бор ҳақиқатни айтолмаслиги, фуқаролик позициясини ҳимоя қилолмаслиги. Бу йўлда қўрқоқлик қилиши, кўп андишага берилиши, ланжлик қилиши.

Ёзувчи кўпроқ жамиятга аралашиши, одамларни сўз ортидан, олий, ҳақ сўз изидан эргаштириш лозим.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Кўпроқ янгиликлар