Ўзбекистонда Ёшлар академияси ташкил этилади

Ўзбекистон 14:47 / 15.03.2019 5776

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва илмий-ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, илмий-тадқиқот фаолиятига иқтидорли ёшларни жалб этиш натижалари таҳлили мазкур соҳада қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатган. Жумладан:
          
биринчидан, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш доирасида чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш учун ёш малакали мутахассисларни танлаб олишда ёш олимлар ва иқтидорли ёшларнинг умумий маълумотлар базаси яратилмагани жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда;
          
иккинчидан, ёшлар орасидан давлат мукофотлари лауреатлари, республика ва халқаро олимпиадалар ғолиблари билан тизимли ишлар олиб борилмай, уларга фақат қимматбаҳо мукофотлар ҳамда таълим жараёнида белгиланган айрим имтиёзлар бериш билан чекланиб қолинмоқда;
          
учинчидан, иқтидорли ёшлар ва ёш олимларни таниқли олимлар раҳбарлигида илмий-тадқиқот фаолиятида бирлаштирувчи ва илмий мактабларни ривожлантиришга хизмат қилувчи ягона тизим мавжуд эмас. Вазирлик ва идоралар ҳузурида ташкил этилган Ёш олимлар кенгашлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилмаган;
          
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясини доимий аъзоларини кадрлар захираси билан тўлдириш масаласи кескинлигича қолмоқда, академикларни ўртача ёши ҳозирда 77 ёшни ташкил этади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг:
          
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясини ташкил этиш;
          
Ёшлар академиясининг раислигини Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг илмий даражага эга ўринбосарларидан бирига юклатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Ёшлар академиясининг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларни ижодий ва интеллектуал баркамол этиб тарбиялашга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
          
мактаб ва лицей ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ва илмий даражага эга ёш олимлар билан мақсадли ишлашни ташкил этиш;
          
иқтидорли ва илмий-тадқиқотларни бажариш қобилиятига эга ёшларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;
          
ёшларнинг илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, улар учун турли даражалардаги симпозиум, конференция, давра суҳбатлари каби илмий ва илмий-амалий тадбирларни ўтказиш;
          
ёшларнинг илмий кўникмаларини шакллантириш жараёнига хорижий олим ва мутахассисларни кенг жалб қилиш, улар иштирокида семинар-тренинг ва маҳорат дарслари каби ўқув машғулотларини ўтказиш;
          
иқтидорли ва илмий-тадқиқот фаолиятига лаёқатли ёшлар бўйича ягона маълумотлар банкини шакллантириш ва мунтазам равишда янгилаб бориш;
          
илмий ва инновацион стартап акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ёшларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш ва уларни касбга йўналтириш чораларини ишлаб чиқиш.

Ёшлар академиясида иқтидорли ёшлар ва ёш олимлар билан ишлаш:
          
умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар ўқувчиларидан давлат мукофотлари соҳиблари ва фан олимпиадалари ғолибларини “Ёш билимдонлар клубига”;
          
олий таълим муассасалари талабаларидан давлат мукофотлари лауреатлари, давлат стипендиялари совриндорлари ҳамда фан олимпиадалари ғолибларини “Бўлажак олимлар клубига”;
          
40 ёшгача бўлган илмий даража эгаларини “Бўлажак академиклар клуби”га аъзоликка қабул қилган ҳолда, уларнинг илмий-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга йўналтирилган мақсадли тадбирларни амалга ошириш асосида ташкил этилади.

Ёшлар академияси доирасида ўзининг фаоллиги, эришган ютуқлари салмоғи, иқтидори, илмий салоҳияти билан алоҳида ажралиб турган, илмий тадқиқотлар олиб боришга иштиёқи баланд ёшларни муносиб тақдирлаш учун “Ёш эрудит”, “Академик шогирди” ва “Ёш академик” кўкрак нишонлари таъсис этилади.

Белгиланишича:

“Ёш эрудит” кўкрак нишони “Ёш билимдонлар клуби”нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг уч баробар миқдоридаги;
          
“Академик шогирди” кўкрак нишони “Бўлажак олимлар клуби”нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдоридаги;
          
“Ёш академик” кўкрак нишони “Бўлажак академиклар клуби”нинг саралаб олинган аъзоларига энг кам иш ҳақининг ўн баробари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан бирга тантанали равишда топширилади.

Кўпроқ янгиликлар