Wanderlust: Ўзбекистон - энг тез ривожланаётган туристик йўналиш сифатида эътироф этилди

Ўзбекистон 14:46 / 22.02.2019 4387

Лондоннинг энг йирик кўргазма марказларидан бири ҳисобланган Olympia'да Британиянинг машҳур Wanderlust журнали версияси бўйича энг яхшиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Wanderlust World Guide Awards тадбири доирасида журнал ўқувчилар орасида қатор номинациялар бўйича ғолибларни  аниқлашга йўналтирилган сўровнома ўтказди. Шу тариқа "Саёҳат қилиш учун энг машҳур мамлакат", "Энг тез ривожланаётган туристик йўналиш", "Сайёҳлар орасидаги энг машҳур шаҳар", "Энг яхши авиакомпания", "Энг яхши туроператор" номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарига кўра, жорий йилда Wanderlust World Guide Awards танловининг турли йўналишлар бўйича ғолибликни Япония, Намибия, Янги Зеландия, Эрон, Лаос, Сингапур, БАА, Буюк Британия, Испания ва Ўзбекистон қўлга киритди. 

Ўзбекистон "Энг тез ривожланаётган туристик йўналиш" (Тор emerging destination) номинациясида ғолиб дея эътироф этилди.

Тадбир ташкилотчиларининг маълум қилишича, овоз бериш давомида Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг бой маданий-тарихий мероси ҳамда туристик бозорни ривожлантиришга доир қабул қилинаётган чоралар туфайли танловнинг ўтган йилги ғолиби - Эронни ортда қолдирган. 

Журналда 45 мамлакат фуқаролари учун 30 кунгача муддат учун визаларнинг бекор қилинишига оид қарор билан Ўзбекистон 2020 йилда энг кўп саёҳат қилинувчи мамлакатлар қаторидан жой олишга даъвогарлик қилиши мумкинлиги қайд этилган. 

Маълумот учун: Wanderlust – Буюк Британиянинг сайёҳларга мўлжалланган энг машҳур журналларидан бири. 1993 йилда Пол Морринсон ва Лин Хьюз томонидан асос солинган. Ҳар йили журналнинг 10 номери 35 мингдан ортиқ нусхада чоп этилади.

Кўпроқ янгиликлар