Баскетбол ўйини вақтида йиртилиб кетган кроссовка Nike акцияларининг «қулаши»га олиб келди

Жаҳон 13:14 / 22.02.2019 19713

АҚШда «Дьюк Блю Девилз» ва «Шимолий Каролина Тар Хилз» жамоалари ўртасидаги ўйиннинг 33-сониясида «Дьюк Блю Девилз» баскетболчиси Сион Уильямсоннинг Nike кроссовкаси йиртилиб кетди, деб ёзмоқда Business Insider. Трибунада ишқибозлар орасида АҚШ собиқ президенти Барак Обама ҳам бор эди.

Уильямсон паркетда сирпаниб кетган ва йиқилиб тушган, натижада унинг кроссовкаси бир неча қисмга йиртилиб кетди. Спортчи ўйинни давом эттира олмади ҳамда майдонни тарк этди, унинг жамоаси эса 72-88 ҳисобида мағлубиятга учради.

Воқеа Уильямсоннинг тиззадан жароҳат олиши, «Дьюк Блю Девилз»га 12 йиллик шартнома доирасида форма етказиб берувчи бўлган Nike акцияларининг 21 февралда 1,5 фоизга пасайишига олиб келди. Компания акциялари қиймати ҳамон пасайишда давом этмоқда.

Фото: Getty Images

«Биз маҳсулотимизнинг сифатига юқори даражада устувор аҳамият берамиз. Бу алоҳида ҳолат бўлса-да, биз муаммони аниқлаш учун ҳаракат қилмоқдамиз», - дея изоҳ беришган Nike’дан.

Ушбу ҳодиса фонида Nike’нинг рақобатчилари Adidas ва Puma Нью-Йоркда савдоларни 0,15% ва 1,63%лик ўсиш билан бошлади.

Кўпроқ янгиликлар