Титанлар ўлими. Airbus нима учун А380 самолётларини ишлаб чиқаришни тўхтатмоқда?

Жаҳон 20:49 / 19.02.2019 16108

Airbus авиаконцерни 2021 йилдан А380 моделини — 853 нафаргача йўловчини сиғдира оладиган дунёдаги энг катта фуқаро самолётини ишлаб чиқаришни тўхтатади. Авиаташувчилар томонидан мазкур самолётга бўлган талабнинг пасайиши ва А380 самолётларидан энг кўп фойдаланувчи Emirates авиакомпанияси буюртмаларининг қисқариши ушбу қарорга келинишига сабаб бўлди.

«Бизда бажарилмаган буюртмалар миқдори сезиларли равишда кўп эмас, шунинг учун ушбу моделни келгусида ишлаб чиқаришдан маъни йўқ. Бу қайғули хабар, аммо ишлаб чиқарилган самолётлар самода ҳали узоқ вақт парвоз қилади, биз эса техник қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — деди Airbus бош директори Томас Эндерс. 

«Инфомост» консалтинг фирмаси бош директори Борис Рибакнинг айтишича, авиакомпанияларга битта улкан А380да йўловчи ташигандан кўра учта самолётда рейсларни йўлга қўйган яхши.Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчиларга битта гигант ўрнига икки-учта кичикроқ самолёт ишлаб чиқарган фойдалироқ.

Тўрт двигателли гигант лайнерлар А380 ва Boeing 747 океан узра парвоз қилиш учун мўлжалланган бўлиб, авиакомпанияларга кичик сиғимдаги самолётларга нисбатан йўловчи-километр таннархини пасайтиришни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарилган. Аввалги кенг фюзеляжли лайнерлар, масалан 1990 йилда илк парвозини амалга оширган McDonnell Douglas MD-11 уч двигателли эди.

«Сўнгра General Electric 90 каби янги авлод двигателлари пайдо бўлди. Шундай двигателларнинг пайдо бўлиши икки двигателли катта самолётлар ишлаб чиқариш имконини берди. Ҳозирда яхши сотилаётган А330 пайдо бўлди, Boeing эса дунёдаги энг катта икки двигателли 777 моделини ишлаб чиқарди», — дейди «Инфомост» бош директори.

Замонавий Boeing 777 ва 787 Dreamliner, Airbus A350 ва А-330 нафақат кам ёнилғи сарфлайди, балки Airbus А380 ёки Boeing 747га нисбатан хизмат кўрсатиш ҳам арзон тушади.  
«Дунёдаги энг катта А380 паркига эга Emirates авиакомпанияси бошқа авиакомпаниялар олдидаги устунлигидан тўлиқ фойдаланиб Европа, Штатлар ва Осиёдаги трансфер йўловчиларни тортиб олмоқда. У ҳатто карго-бозорни ҳам ўзгартирмоқда. Асосий юк ташиш А-380 юкхоналарида амалга оширилмоқда. Emirates бирорта ҳам карго-авиакомпанияси таклиф эта олмайдиган нархларни таклиф этиш имкониятига эга», — таъкидлайди Рибак.

Airbus А380 — кенг фюзеляжли тўрт двигателли самолёт бўлиб, у дунёдаги энг катта авиалайнер ҳисобланади (баландлиги 24,08 метр, узунлиги 72,75 метр, қанотлари узунлиги 79,75 метр).  У тўхтовсиз 15 400 кмгача масофага парвоз қилиши мумкин.

2018 йил ноябрь ҳолатига кўра, 15 авиакомпания паркида 232 дона А380 авиалайнери бўлиб, улардан 107таси Emirates авиакомпанияси тасарруфида.

Кўпроқ янгиликлар