Порошенко президентликка номзод бўлган маслаҳатчисини ишдан бўшатди

Жаҳон 20:00 / 18.02.2019 10537

Украина президенти Пётр Порошенко ўз маслаҳатчиси Игорь Смешкони ишдан бўшатди. Бу ҳақда «Украинские новости» агентлиги президент фармонига асосланиб хабар тарқатган.

Қайд этилишича, Смешкони лавозимдан озод этиш ҳақидаги қарор 14 январдаёқ имзоланганди.

«Игорь Петрович Смешко Украина Президенти маслаҳатчиси  лавозимидан озод этилсин», — дейилган Порошенконинг фармонида.

Украинада президентлик сайловлари 31 мартга белгиланган.

Смешко президентлик сайловида қатнашиши ҳақида 13 январь куни эълон қилганди.

У 2004-2005 йилларда Украина Хавфсизлик хизмати раиси бўлган. Порошенко Смешкони 2014 йил апрелида ўз маслаҳатчиси этиб тайинлаган, у 2014 йилнинг октябридан Украина президенти ҳузуридаги разведка масалалари бўйича қўмита раиси сифатида ишлаган, 2015 йил мартидан эса президентнинг штатдан ташқари маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Кўпроқ янгиликлар