«Агар вақтлироқ ёрдам берилса ҳам тирик қолмас эди». Жамшид Кенжаев ишида тез тиббий ёрдам ходими тингланди

Жамият 19:58 / 18.02.2019 51179

2019 йил 21 январь куни бошланган Жамшид Кенжаев иши билан боғлиқ суд жараёни давом этмоқда. Бугун, 18 февраль куни бу суд жараёнида воқеа гувоҳи сифатида навбатдаги тиббиёт ходими Айнура Ишманова тингланди.

«Ўша куни бизга ажратилган машинада қўнғироқ қилинган жойга етиб бордик. Воқеа жойига етиб борганимизда одам кўп эди. Битта одам қонга беланиб ётарди. Кўп жойидан пичоқланган эди. Бошидан зарба еган эди. Қон кетишини тўхтатиш учун сонидан боғланган экан. Қон босими тушиб кетгани сабабли укол қилдик. Кейин бошини стерилланган бинт билан боғладик. Тез ёрдам машинаси билан 17-шифохонага етказиб бордик.

Айнура Ишманова

Тахминан 7-8 дақиқада воқеа жойига етиб борганмиз. Ярадордан қайси жойи оғриётганини сўраганимда оёғи оғриётганини айтганди. Чала ҳушда эди. Шифохонага олиб боришимиз билан реанимацияга олиб кириб кетишди», дея тиббиёт ходимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шундан сўнг, давлат айбловчиси ўз саволларини берди. Унинг ортидан эса гувоҳга марҳумнинг турмуш ўртоғи, жабрланувчи ўз саволини берди.

«Агар вақтида олиб борилганда ҳам турмуш ўртоғимни ҳаётини сақлаб қолиш мумкинмиди?» дея берган саволига гувоҳ «йўқ» дея жавоб қайтарди. Бу жавоб эса айбланувчиларнинг адвокатлари томонидан эътирозларга сабаб бўлди.

Суд мажлиси 21 февраль, пайшанба куни соат 11:00га қадар қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 8 августидан 9 августига ўтар кечаси, тахминан, соат 00:25 лар атрофида Юнусобод туманида жойлашган «Aurum 898» тунги клуби олдида юзага келган пичоқбозлик вақтида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси 25 ёшли Жамшид Кенжаев ҳалок бўлганди.

Ушбу фожиа интернетда катта резонанс келтириб чиқарди, тунги клуб ёпиб қўйилди.

Жамшид Кенжаевнинг ўлимида айбланиб, тунги клубнинг тўрт нафар қўриқчиси қамоққа олинган, 9 август куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Шодали Қиличовга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилганди. Январь ойи охирида бошланган суд ишида судланувчилар Шодали Қиличов, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар