Навоийда етти кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 9 йилга қамалди

Жамият 12:40 / 13.02.2019 23128

Навоийда ичкилик туфайли етти кишининг ҳаётига зомин бўлган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Вилоятнинг Қизилтепа тумани ҳудудида етти кишининг ҳаётига зомин бўлган ушбу мудҳиш йўл транспорт ҳодисаси тўғрисида хабар берган эдик.

Судланувчи А. Қизилтепа тумани «ХХХ» МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишлаб келиб, транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одамлар ўлимига сабабчи бўлган. Шунингдек, у эҳтиётсизлик орқасида ҳамда хавф остида қолдириш, яъни ҳаёти ёки соғлиги хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга имконияти бўла туриб ёрдам кўрсатмаган.

А. 2018 йил 10 октябрь куни соат 01:00 ларда ўзига «ХХХ» МЧЖ томонидан бириктирилган «SHAANXI SX» русумли 85 442 ХХХ давлат рақамли юк автомашинасини маст ҳолатда Кармана туман ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлидан Кармана-Қизилтепа туманлари йўналиши бўйича бошқариб келиб, ушбу йўлнинг 188-километрига етиб келганида қайрилиб олмоқчи бўлган ва бу манёври хавфсиз эканлигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиши кераклиги, қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт эканлигига қарамасдан йўлнинг қарама-қарши томонидан фуқаро Ғафур Раҳматовнинг бошқарувида бўлган «Нексия-2» русумли 85 697 ХХХ давлат рақамли автомашинани ҳаракатланиб келаётганлигини кўрган бўлса-да, ушбу автомашинага йўл бермасдан, бошқарувида бўлган автомашина ҳаракатини қайрилиб олиш учун давом эттириши натижасида «Нексия-2» А.нинг бошқарувида бўлган юк автомашинасининг орқа ўнг томон бурчагига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва оқибатда «Нексия-2» русумли автомашинада ёнғин келиб чиққан.

А. ўзи томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида «Нексия-2» русумли автомашина ҳайдовчиси ва ушбу автомашинадаги йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиги хавф остида қолганлиги ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлганлигини тўлиқ англаган ва уларнинг ушбу ҳолатга тушиб қолишига бевосита ўзи сабабчи бўлса-да, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатмасдан, ҳодиса содир бўлган жойдан кетиб қолган.

Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида «Нексия-2» русумли автомашина ҳайдовчиси ва автомашинада бўлган яна 6 нафар йўловчилар, жумладан, 3 нафар вояга етмаган ёш болалар воқеа жойида вафот этган.

Судланувчи А. суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, йўл-транспорт ходисаси рўй берган пайтда ойнадан қараган вақтида бошқарувидаги автомашинасига урилган автомашинада ёнғин чиққанлигини кўрганлиги, қўрққанидан ҳодиса жойидан кетиб қолганлиги, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароитини оғирлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг судья Р.Худойбердиева раислигида ўтган мажлисида судланувчи А.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 266-моддаси 3-қисмининг «а» банди ҳамда 117-моддаси 3-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топиб, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан унга 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда узил-кесил 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.​

Кўпроқ янгиликлар