Олимлар ҳашаротлар қирилишидан огоҳлантиришмоқда

Жаҳон 00:21 / 12.02.2019 11230

Олимлар келгуси юз йиллик давомида ҳашаротлар қирилиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда. Улардан кейин ҳашарот билан озиқланувчи жониворлар ва улар билан чангланувчи ўсимликлар ҳам йўқ бўлиши мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун тадқиқотчилар қишлоқ хўжалигини юритиш тизимини қайта кўриб чиқишни маслаҳат беришмоқда - айнан шу сабаб ҳашаротлар яшаш жойларини йўқотиб, пестицидлардан ҳалок бўлишмоқда. Biological Conservation шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди. 

Келгуси ўн йилликларда ҳашаротларнинг деярли ярми йўқолиши мумкин. Капалаклар, асаларилар ва қўнғизлар энг кўп жабр кўрадиган ҳашаротлар бўлиши кутилмоқда, дея огоҳлантиришмоқда Сидней университети ва Хитой қишлоқ хўжалик фанлари академияси олимлари. Асосий сабаб - яшаш жойининг йўқолиши. 

"Бунинг натижаси фожиали бўлади, зеро ҳашаротлар дунёдаги кўп экотизимларнинг асоси ҳисобланади", - дея таъкидлашмоқда тадқиқотчилар. 

Улар турли мамлакатлардаги ҳашаротларнинг қисқаришига доир олиб борилган 73 тадқиқотни таҳлил қилиб чиқишди. Маълум бўлишича, сайёрадаги ҳашаротларнинг умумий массаси йилига 2,5 фоизга камаяётган экан, бу эса уларнинг кейинги юз йилликда йўқ бўлишига олиб келиши мумкин.

Олимларнинг изоҳига кўра, интенсив қишлоқ хўжалигига ўтиш ҳашаротларнинг яшаш жойини йўқотишига сабаб бўлмоқда. Улар шунингдек ҳашаротлар йўқ бўлишининг бошқа сабабларини ҳам келтиришмоқда - синтетик пестицидлар ва ўғитлардан ифлосланиш, биологик омиллар (патогенлар таъсири, бегона турлар томонидан йўқ қилиниши ёки алмашиши) ва иқлим ўзгариши. Иқлим ўзгариши айниқса тропик минтақаларда муҳим аҳамиятга эга. Шундай бўлса-да, ҳашаротларнинг қирилишига асосий сабаб сифатида қишлоқ хўжалиги этиб кўрсатилмоқда.

"Агар биз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш усулларимизни ўзгартирмасак, ҳашаротлар бир неча ўн йилликлардан кейин деярли йўқ бўлиб кетади. Бунинг натижасида эса экотизимлар фожиали тус олади", - дея огоҳлантиришмоқда ҳисобот муаллифлари.

Ҳашаротларнинг йўқолиши занжирли реакцияга олиб келади - кўплаб қушлар, судралиб юрвучилар, ер юзи ва сувда яшовчи жониворлар очликдан ҳалок бўлади. Қишлоқ хўжалиги ҳам зарар кўради.

Бу тадқиқот - олдинга ташланган катта қадамдир, деб ҳисоблайди эколог Жоржина Мейс. Бироқ у асосий маълумотлар АҚШ ва Европадан олинганига эътиборни қаратмоқда, Жанубий Америка ёки Африка ҳақида эса маълумот деярли йўқ ва бу минтақалардаги вазиятни баҳолаш қийин. У ерларда вазият бундан-да мураккаб бўлиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар