«Меҳр Оролни қутқаради». Тошкентда Орол мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Жамият 17:31 / 18.01.2019 4015

Мамлакатда Орол денгизи муаммоси ва Оролбўйи аҳолиси саломатлиги, унинг атроф-муҳитига салбий таъсирини камайтириш борасида қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Пойтахтдаги “Ёшлар пресс-клуби”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамкорлигида “Меҳр Оролни қутқаради” мавзусидаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири – Мансур Юнусов, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари – Ўктам Ўтаев, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси – Юсуфжон Шодиметов, БМТ Тараққиёт дастури Барқарор ривожланиш кластери раҳбари – Хуршид Рустамов ва кимё фанлари доктори Рашид Кулматовлар спикер сифатида иштирок этди.

Сессияда Оролни қутқариш юзасидан ўртага ташланган лойиҳалар, жумладан, Оролнинг қуриб қолган майдонида саксовул кўчатларини экиш бўйича “Фидойи ёшлар отрядлари”ни тузиш масалалари муҳокама қилинди.

— Орол денгизининг қуриши 1960 йиллардаёқ бошланган. Ярим асрдан ортиқ вақт ичида денгизнинг 5,5 миллион гектар ҳудуди бугун саҳро кўринишига келиб қолган. Бунинг оқибатида Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини нафас йўллари ва буйрак хасталиклари қийнаб келмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Юсуфжон Шодиметов.

Тадбирда “Орол фожиаси”га бағишланган видеоролик намойиш этилиб, соҳа мутахассисларининг маърузалари тингланди. Шунингдек, Оролбўйи ҳудудларида саксовул дарахтларини сифатли экишни самарали амалга ошириш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида штаб ташкил этилганлиги таъкидланди. “Меҳр Оролни қутқаради” лойиҳаси доирасида денгизнинг қуриб қолган майдонида саксовул кўчатлари экиш учун “Фидойи ёшлар отряди” тузилди. Жорий йилнинг март ойида Оролбўйида 5 минг нафардан зиёд ёшларни бирлаштириб саксовул экишга жалб қилиш белгиланган.

— Саксовул дарахти ўз илдизи атрофида қум ва тузни яхши тутиб туради. Натижада тупроқдаги чанг-тузлар атроф-муҳитга тарқалмайди. Орол тубидаги заҳарли тузларнинг осмонга кўтарилиши ҳам камаяди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ўктам Ўтаев. — Қолаверса, бу дарахт шўр ва сувсизликка чидамли. Дарахтнинг яшовчанлиги ва чангга бардоши ҳам юқори. Шу сабаб айнан саксовул дарахти танланган.

Бугун Ўзбекистонда Орол муаммосига қарши курашда саксовулдан энг муҳим восита сифатида унумли фойдаланилмоқда. Орол тубини ўрмонга айлантириш тажрибаси узоқ йиллик глобал муаммонинг энг маъқул ечими деб топилди.

— “Орол фожиаси” деб тилда бот-бот такрорлайверишдан кўра, бу муаммога қарши амалий ишга қўл урсак, унинг ечими учун ўз ҳиссамизни қўшсак, ватанпарварлик бурчини адо этган бўламиз. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бош мақсади кўнгилли ёшларни бирлаштириб, Орол денгизи муаммосини бартараф этишга амалий ҳисса қўшиш. Оролни фожиадан қутқара оламиз, фақат бирлашиш керак, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бош мутахассиси Хуршида Дўсбекова. — Барча ватанпарвар ёшларни мазкур ташаббус атрофида жам бўлишга, саксовул экиш жараёнларида фаолликка чорлаб қоламиз.

Кўпроқ янгиликлар