Президент янги қонунни имзолади: ҳимоя қилинувчи шахслар рўйхати белгиланди

Ўзбекистон 13:17 / 15.01.2019 70716

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 22 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 13 декабрда маъқулланган.

Ушбу Қонуннинг мақсади жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари жабрланувчиларнинг, гувоҳларнинг ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига тажовуз таҳдиди мавжуд бўлганда қўлланиладиган, жиноятларнинг олдини олишга ёки уларни фош этишга кўмаклашадиган, хавфсизлик ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини ўз ичига оладиган чора-тадбирлар тизимини белгилашдан, шунингдек уларни қўллашнинг асослари ҳамда тартибини аниқлашдан иборатдир.

Ҳимоя қилинувчи шахсларни ҳимоя қилишнинг асосий принциплари қонунийлик, ҳимоя қилинувчи шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, ҳимоя қилинувчи шахсларнинг ҳамда ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органларининг ўзаро жавобгарлигидан иборат.

Ҳимоя қилинувчи шахслар қуйидагилардан иборат:

1) жабрланувчи ва унинг қонуний вакили;

2) гувоҳ;

3) жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси;

4) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари;

5) маҳкум, оқланган шахс, ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган шахс;

6) фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари;

7) эксперт, мутахассис, таржимон ва холис.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари ҳам ҳимоя қилинувчи шахслар бўлиши мумкин.

Ҳимоя қилиш чоралари жиноят иши қўзғатилгунига қадар аризачига, жиноят шоҳидига ёки жиноятнинг олдини олишга ёхуд уни фош этишга кўмаклашувчи шахсларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органлар;

хавфсизлик чораларини таъминловчи органлар;

ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органлар.

Ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисидаги қарор жиноят ишини юритаётган, терговга қадар текширувни амалга ошираётган, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан қабул қилинади.

Ички ишлар органларининг ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органларининг юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чоралари мазкур органлар томонидан таъминланади.

Суднинг ёки прокуратура органининг юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чоралари ҳимоя қилинувчи шахслар жойлашган ердаги ички ишлар органлари томонидан суднинг ёки прокурорнинг қарорига биноан таъминланади.

Ҳарбий хизматчилар орасидан бўлган ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чоралари тегишли ҳарбий қисмлар қўмондонлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий тузилмаларининг юқори турувчи қўмондонлиги томонидан таъминланади.

Тергов ҳибсхоналарида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чоралари тегишинча ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан таъминланади.

Жазони ўташ жойларида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсларга нисбатан хавфсизлик чоралари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассасалари томонидан таъминланади.

Ҳимоя қилинувчи шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органлар зиммасига юклатилади.

Хавфсизлик чоралари қуйидагилардан иборат:

1) ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

2) шахсни, уй-жойни ва бошқа мол-мулкни қўриқлаш;

3) ҳимоя қилинувчи шахсга махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш;

4) вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш;

5) бошқа яшаш жойига кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш;

6) ҳужжатларни алмаштириш;

7) ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилишини чеклаш;

8) қамоқда ёки жазони ўташ жойларида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсга нисбатан қўшимча хавфсизлик чораларини таъминлаш.

 

Ушбу модда биринчи қисмининг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган хавфсизлик чоралари фақат оғир ва ўта оғир жиноят ишлари бўйича зарур бўлган ҳолларда амалга оширилади.

Ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш хавфсизлик чораларини таъминловчи органнинг қарорига биноан, операторларда турган давлат ахборот-маълумот фондларидаги ва бошқа ахборот-маълумот фондларидаги ҳимоя қилинувчи шахс ҳақидаги маълумотлар берилишига тақиқ ўрнатиш, унинг телефони абонент рақамларини ҳамда унинг фойдаланувидаги ёки унга тегишли транспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

Бошқа жиноят, маъмурий, иқтисодий ёки фуқаролик ишини юритиш билан боғлиқ алоҳида ҳолларда, ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлар ёзма сўров асосида ва ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилган органнинг ёзма розилиги билан суриштирув, дастлабки тергов органлари, судга тақдим этилиши мумкин.

Ҳимоя қилинувчи шахснинг ҳаётига ёки соғлиғига ёхуд мол-мулкига тажовуз таҳдиди мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар аниқланган тақдирда, хавфсизлик чораларини таъминловчи органлар томонидан ушбу шахснинг розилиги билан унинг ўзини, уй-жойини ва бошқа мол-мулкини қўриқлаш амалга оширилади.

Ҳимоя қилинувчи шахс томонидан эгаллаб турилган уй-жой ва бошқа мол-мулк кузатувнинг техник воситалари, ёнғинга қарши ва қўриқлаш сигнализацияси, шунингдек бошқа ускуналар билан жиҳозланиши мумкин.

Хавфсизлик чораларини таъминловчи органлар ҳимоя қилинувчи шахснинг ҳаёти ва соғлиғига нисбатан таҳдид даражасини ҳисобга олган ҳолда унга махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ҳамда техник воситаларни бериши мумкин.

Зарур бўлган тақдирда, вояга етган ҳимоя қилинувчи шахслар ўз розилиги билан, вояга етмаган шахслар эса ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан ўз хавфсизлиги таъминланадиган жойларга жойлаштирилиши мумкин. Мазкур жойда бўлиш муддати ҳимоя қилинувчи шахс ва хавфсизлик чораларини таъминловчи орган ўртасида келишилади.

Ҳимоя қилинувчи шахсларнинг розилиги билан ёки уларнинг аризасига кўра улар бошқа вақтинчалик ёхуд доимий яшаш жойига кўчирилиши, ўзга вақтинчалик ёки доимий ишга (хизматга) ёхуд бошқа ўқиш жойига ўтказилиши мумкин.

Ҳимоя қилинувчи шахс бошқа доимий яшаш жойига кўчирилганда унга давлат ҳисобидан уй-жой берилади, кўчиб ўтиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни қопланади, моддий ёрдам кўрсатилади, унинг ишга жойлаштирилиши кафолатланади ва аввалгисига ўхшаш иш (хизмат) ёки ўқиш жойини танлашда ёрдам кўрсатилади. Ҳимоя қилинувчи шахс вақтинчалик яшаш учун бошқа жойга кўчирилганда у илгари эгаллаб турган уй-жой ва аввалги ёки аввалгисига ўхшаш иш (хизмат) ёхуд ўқиш жойига жойлаштириш кафолатлари ушбу шахс кўрсатилган сабабга кўра йўқ бўлган бутун давр мобайнида сақланиб қолади.

Бошқа яшаш жойига кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш ҳимоя қилинувчи шахснинг хавфсизлигини унга нисбатан бошқа хавфсизлик чораларини қўллаш орқали таъминлашнинг имкони бўлмаган ҳоллардагина амалга оширилади.

Ҳимоя қилинувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки уларнинг розилиги билан уларга фамилияси, исми, отасининг исми ва бошқа маълумотлари ўзгартирилган шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда ўзга ҳужжатлар берилиши мумкин.

Янги фамилия, исм, отасининг исми ҳимоя қилинувчи шахс билан албатта келишилган ҳолда ёки ушбу шахс томонидан, вояга етмаганлар учун эса улар ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан танланади.

Ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилишини чеклаш жиноят иши материалларидан шахснинг анкета маълумотларини олиб қўйишдан ва уларни асосий иш юритувидан ажратиб сақлашдан, шунингдек бунинг учун тахаллусдан фойдаланишдан иборатдир.

Қамоқда ёки озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум этиш ёхуд интизомий ҳарбий қисмда сақлаш тарзидаги жазони ўташ жойларида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахснинг хавфсизлиги унга нисбатан ушбу Қонун 6-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 7-бандларида назарда тутилган хавфсизлик чораларини қўллаш орқали таъминланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг хавфсизлиги чораларини таъминлаш мақсадида қуйидагилар ҳам қўлланилиши мумкин:

1) ҳимоя қилинувчи шахсни ва зўравонлик таҳдидини келтириб чиқарувчи шахсни улар ушлаб турилганда, қамоққа олинганда ва уларга нисбатан жиноий жазолар тайинланганда бошқа-бошқа қамоқда сақлаш ва жазони ўташ жойларига юбориш;

2) ҳимоя қилинувчи шахсни ёки зўравонлик таҳдидини келтириб чиқарувчи шахсни бир қамоқда сақлаш жойидан ва жазони ўташ жойидан бошқасига ўтказиш;

3) ҳимоя қилинувчи шахсни ва зўравонлик таҳдидини келтириб чиқарувчи шахсни алоҳида-алоҳида сақлаш;

4) ҳимоя қилинувчи шахсга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш.

Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг оила аъзоларига ва унинг қарамоғида бўлган шахсларга ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади.

Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилган ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади ва ногиронлик пенсияси тайинланади.

Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилган ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади.

Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этганлиги муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, агар унинг оила аъзолари ва унинг қарамоғида бўлган шахслар турли бир йўла бериладиган нафақалар олиш ҳуқуқига эга бўлса, бир йўла бериладиган нафақалардан биттаси уларга ўз танловига кўра тайинланади.

Тан жароҳати етказилган ёки соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, бир вақтнинг ўзида турли бир йўла бериладиган нафақаларни олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳимоя қилинувчи шахсларга ўз танловига кўра бир йўла бериладиган нафақалардан биттаси тайинланади.

Ҳимоя қилинувчи шахсга жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан етказилган мулкий зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиб, кейинчалик ушбу маблағлар ҳимоя қилинувчи шахсга мулкий зарар етказилишида айбдор бўлган шахсдан ундирилиши лозим.

Ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган томонидан аниқланган, ҳимоя қилинувчи шахсни жиноят процессида иштирок этганлиги муносабати билан ўлдириш, унга зўрлик ишлатиш, унинг мол-мулкини йўқ қилиш ёки мол-мулкига шикаст етказишнинг аниқ таҳдиди мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар хавфсизлик чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Хавфсизлик чоралари ҳимоя қилинувчи шахснинг ёзма аризаси асосида ёки унинг ёзма розилиги билан, вояга етмаган шахсларга нисбатан эса улар ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органлари ваколатли вакилларининг (ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари ҳомийлигидан маҳрум бўлган тақдирда) ёзма аризаси асосида ёхуд уларнинг ёзма розилиги билан қўлланилади.

Агар хавфсизлик чораларининг қўлланилиши ҳимоя қилинувчи шахснинг вояга етган оила аъзолари ва у билан бирга яшовчи бошқа шахслар манфаатларига дахл қиладиган бўлса, хавфсизлик чораларини қўллаш учун уларнинг ёзма розилиги олиниши зарур.

Ҳимоя қилинувчи шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шахсий ва мулкий хавфсизлигини, шунингдек ушбу Қонун 4-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг шахсий ва мулкий хавфсизлигини таъминлашни талаб қилиш;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари қўлланилишини талаб қилиш;

ўзига нисбатан, шунингдек ушбу Қонун 4-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан хавфсизлик чораларининг қўлланилиши ва хусусияти ҳақида билиш;

қўшимча хавфсизлик чораларини қўллаш ҳақидаги ёхуд уларни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиш;

ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга, прокурорга ёки судга шикоят қилиш;

хавфсизлик чораларини таъминловчи органга психологик ёрдам олиш учун мурожаат этиш.

Ҳимоя қилинувчи шахслар:

хавфсизлик чораларини таъминловчи орган томонидан берилган кўрсатмаларни, шунингдек унинг қонуний талабларини бажариши;

ўзига нисбатан қилинган ҳар бир таҳдид ёхуд ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисида хавфсизлик чораларини таъминловчи органни дарҳол хабардор қилиши;

хавфсизликни таъминлаш учун ўзига берилган мол-мулкни асраб-авайлаши;

ўзига нисбатан қўлланилган хавфсизлик чоралари ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаслиги шарт.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланишга берилган мол-мулк сотиб юборилган, ўзга шахсга бериб юборилган ёки унга шикаст етказилган тақдирда, ҳимоя қилинувчи шахс қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.

Ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, юридик ва жисмоний шахслардан ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида ўзига нисбатан қарор қабул қилинадиган шахсларнинг хавфсизлигига таҳдид мавжудлиги ҳақидаги аризалар (хабарлар) юзасидан зарур маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд хавфсизлик чораларини таъминловчи органларга зарур топшириқлар бериш;

зарур бўлган тақдирда, хавфсизлик чораларини таъминловчи органлардан ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органлардан ҳимоя қилишнинг қўшимча чораларини қўллашни талаб қилиш;

хавфсизлик чораларини ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органлар билан келишувга кўра мазкур чораларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш.

Хавфсизлик чораларини таъминловчи органлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

зарур хавфсизлик чораларини танлаб олиш, уларни қўллаш усулларини аниқлаш, қўлланиладиган хавфсизлик чораларини зарур бўлган ҳолларда ўзгартириш ва уларга қўшимчалар киритиш;

ҳимоя қилинувчи шахслардан уларга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш шартларига риоя этилишини, мазкур чораларни қўллаш билан боғлиқ қонуний фармойишларнинг бажарилишини талаб қилиш;

жиноят ишини юритаётган терговга қадар текширувни амалга оширувчи, суриштирув, дастлабки тергов органларига, прокурорга ёки судга процессуал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида хавфсизлик чораларини қўллаш ҳақидаги ёхуд уларни бекор қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этиш;

тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш.

Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилган органлардан ҳамда ҳимоя қилинувчи шахслардан ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни сўраб олиш;

ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллашни истисно этувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилган органларга мазкур чораларни бекор қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этиш.

Ҳимоя қилишни таъминловчи давлат органлари:

ўзига маълум бўлиб қолган, хавфсизлик чораларини ёки ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллашни талаб этадиган ҳар бир ҳолатга нисбатан дарҳол муносабат билдириши;

барча зарур хавфсизлик чораларини ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминлаши;

ҳимоя қилинувчи шахсларни уларга нисбатан хавфсизлик чоралари ва ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари қўлланилиши, бу чораларнинг ўзгартирилиши, уларга қўшимчалар киритилиши ёки уларнинг қўлланилиши бекор қилиниши тўғрисида, шунингдек ҳимоя қилишни таъминлаш билан боғлиқ қарорлар қабул қилиниши ҳақида ўз вақтида хабардор этиши;

ҳимоя қилинувчи шахсга нисбатан унинг ҳимоя қилинишини таъминлаш тўғрисидаги қарорни (ажримни) эълон қилиш чоғида унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириши;

ҳимоя қилинувчи шахснинг психологик кузатувини ташкил этиш ва амалга ошириш чораларини кўриши шарт.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Кўпроқ янгиликлар