Ўзбекистон нотўғри овқатланишдан ўлим ҳолатлари даражаси бўйича «етакчи» бўлди

Ўзбекистон 11:00 / 12.01.2019 29467

Германиядаги Фридрих Шиллер номидаги университет олимлари нотўғри овқатланиш сабаб юз берадиган ўлим ҳолатлари даражаси бўйича Европа мамлакатлари рейтингини тузишди. Тадқиқот 1990 йилдан 2016 йилгача бўлган даврдаги маълумотларга асосланади, деб хабар бермоқда Daily Mail.

Зарарли овқатланиш одатлари туфайли энг юқори ўлим даражаси МДҲ мамлакатларида қайд этилди. Муқаддам СССР таркибига кирган республикалар рейтингда биринчи ўн бир ўринни эгаллади. Ўзбекистон ўлим ҳолатлари сони бўйича «етакчи» бўлди. Қайд этилишича, мамлакатда ёмон овқатланиш оқибатида ҳар 100 минг кишидан 394 киши ҳаётдан кўз юмган.

Иккинчи ва учинчи ўринда Туркманистон ҳамда Қирғизистон. Улардан кейин Украина, Молдова, Озарбойжон, Беларусь, Тожикистон ва Қозоғистон жойлашди. Россия ҳар 100 минг кишига 291та ўлим ҳолати кўрсаткичи билан ўнталикни якунлади.

Энг тўғри овқатланишга Испания, Исроил ва Франция аҳолиси риоя қилади. Бу мамлакатларда ҳар 100 минг кишидан 43-46 инсон нотўғри овқатланиш одатлари туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Олимларнинг баҳолашича, 2016 йилда нотўғри овқатланиш Европадаги ўлим ҳолатларининг ярмига сабаб бўлди. Минтақада яшовчи икки миллиондан ортиқ киши озиқ-овқатдаги туз миқдори юқори экани ва сабзавот, ёнғоқлар ҳамда донли маҳсулотлар истеъмолининг камлиги туфайли келиб чиққан касалликлар қурбонига айланди.

Кўпроқ янгиликлар