Меҳмонхонани ижарага олинг ва дунё бўйлаб саёҳат қилинг

Kun.uz light 23:02 / 23.12.2018 10720

Торонто (Канада)лик дизайн-студия раҳбари Стив Ли янги автоном меҳмонхона концептини таклиф этди. У йўллар (ATS) бўйлаб ўзи ҳаракатланади. Эндиликда турли мамлакатларда меҳмонхоналарни банд қилиш керак бўлмайди. Визани расмийлаштириш (агар талаб этилса) ва мамлакат ёки мамлакатлар бўйлаб бемалол саёҳат қилиш мумкин.

Фото: Aprilli Design Studio

Концепт тарихи

Автотранспортнинг замонавий шакли автономлик сари фаол тарзда ҳаракатланмоқда. Бунда автомобиль салони ҳордиқ чиқариш хонасига айланади. Стив Ли тўлақонли автоном тураржойни кашф этиш томон ҳаракат қилди. Ғоя тариқасида ҳаракатланувчи алоҳида хона концепти пайдо бўлди.

Ҳозирги кунда синов моделлар сайёҳларни 10 соатгача ташишга тайёр. Транспортда энг зарур нарсалар: уйқу учун каравот, иш жойи, кичик ошхона, душ ва ҳожатхона ва ҳатто кичик кўнгилочар ҳудуд ҳам бор. Ёруғлик даражаси кундуз куни «ақлли деразалар» ҳисобига назорат қилинади.

Назарий жиҳатдан бундай хоналар йирик стационар меҳмонхоналарга етказилади. Сайёҳлар мамлакат бўйлаб транспорт, бошқа меҳмонхоналар ва гидларга сарфланадиган харажатларсиз саёҳат қилишлари мумкин. Қўшимча равишда ҳаракатланувчи меҳмонхона эгаси ATS’ларга хизмат кўрсатиш, қувватлантириш ва маршрутларни тузишни амалга оширади.

Фото: Aprilli Design Studio

Технология истиқболлари

Стив Ли электр ва водород двигателлардан фойдаланилади деган фикрда. Ҳозирги вақтда бор-йўғи иккита синов хонаси бор. Кашфиётчи бу каби хоналарни татбиқ этиш камида 10 йилдан кейин мумкин бўлишини тахмин қилмоқда. Ўша вақтга қадар зарурий инфратузилма ва қонунчиликни бундай техникадан фойдаланиш учун шакллантириш мумкин бўлади.

Бироқ бу каби хизматга талаб бор ёки йўқлиги борасидаги савол туғилади. Ғилдиракдаги уйлардан фойдаланиш Европа ва АҚШда кенг тарқалган. Керакли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга исталган ҳайдовчи бу каби автомобилни ижарага олиши ва унда бемалол ҳаракатланиши мумкин. Ягона фарқ — ҳайдовчининг йўқлиги. Бироқ ушбу технологиялар ривожлангани сайин ғилдиракдаги уй ўша 10 йилдан кейин йўлларда мустақил тарзда ҳаракатланиши мумкин.

ATS — велосипедни қайта ихтиро қилишдек гап. Ҳайдовчисиз авто технологиялари аллақачон ишлаб чиқилмоқда, ғилдиракли уйлар ҳам анчадан бери мавжуд. Ушбу лойиҳаларни бирлаштириш эса вақт тақозоси. 

Кўпроқ янгиликлар