Алламжонов: «Кўзи ожиз 3000 бола рисоладагидек таълим ололмаяпти»​​

Жамият 15:33 / 07.12.2018 5039

Республика бўйлаб, 3000 бола кўзи ожизлар учун махсус мактабларда таълим олмоқда. Айни вақтда 3000 бола рисоладагидек таълим ололмаяпти, бу аҳвол йилдан йилга ёмонлашяпти, деб ҳисоблайди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори в.б.​ Комил Алламжонов.

7 декабр куни Тошкент шаҳар ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати​да  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан мамлакат тарихида биринчи марта нашр этилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг брайль алифбосидаги нашри тақдимотига бағишланган хайрия тадбири ўтказилди. 

Унда ЎзМАА Бош директори в.б. Комил Алламжонов ​имконияти чекланган болаларнинг иқтидори ва малакасини ривожлантиришга кўмаклашувчи бошқа турдаги адабиётлар – бадиий адабиётлар, турли қўлланмалардан ҳам фойдаланишлари зарурлиги ҳақида гапириб ўтди. 

«Лекин бундай китобларнинг йўқлиги, шунчаки яхши таълим олишга шароит яратиб беролмаганимиз боис, қанчадан-қанча истеъдодларни кашф қилолмаяпмиз.​ Энг катта муаммо бу олий ўқув юртларида кўзи ожизлар учун ўқув қўлланмаларининг йўқлигида. Бу тоифадаги талабалар фақатгина маърузада ёзиб олган конспектлардан фойдалана олишади, холос. Одатда талабалар маъруза вақтида 10 фоиз маълумотга эга бўлишади, қолган ахборотни эса керакли адабиётлардан ўзлаштиришади. Кўзи ожиз талабаларда эса бундай имконият афсуски йўқ​», - дея таъкидлаган у. 

Хайрия тадбирида ўқувчиларга брайль алифбосидаги луғат, Конституция ва бошқа китоблар ҳадя этилди. Шу куни ўқувчилар тайёрлаган маданий-маърифий чиқишлар меҳмонларга намойиш этилди. 

Маълумот учун, кўзи ожизлар учун айни пайтда махсус китоблар фақат бир дона босмахонада чоп этилади. Бундан ташқари, босмахона маънавий ва моддий жиҳатдан эскирган. Босмахона ҳозирда йиллик бор-йўғи 18 тур дарслик чоп қилмоқда. Ваҳоланки, кўзи ожизлар махсус мактаби учун яна 48 тур дарслик етишмайди. Таққослаш учун, умумий ўрта мактабларда болалар бутун мактаб даври мобайнида 134 га яқин дарсликлардан таълим олишади. Таъкидлаш жоизки, гап ўрта маълумотнинг асоси ҳисобланувчи, лекин кўзи ожиз болалар учун чоп этилмаётган математика, физика, кимё каби фанлар ҳақида кетяпти​.

Кўпроқ янгиликлар