Ўзбекистонда Электрон компьютер спорти федерацияси ташкил этилди

Спорт 18:24 / 10.08.2018 2611

Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва киберфутбол федерацияси ўз фаолиятини янада профессионал тарзда ташкил этиш ва халқаро стандартлар талабига мослашиш мақсадида бир қатор ташкилий ўзгаришларни амалга оширди. Эндиликда ташкилот Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси деб номланади.

Федерация президенти Азизбек Паттаховнинг Kun.uz`га маълум қилишича, ривожланишнинг янги босқичига қадам қўяётган ташкилот ўз уставини қайта кўриб чиқиб, унда белгиланган мақсад ва вазифаларига ўзгартиришлар киритган ҳамда фаолият кўламини янада кенгайтирган.

6 август куни янги ном билан Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган федерацияга Ўзбекистонда барча электрон ўйинлар, компьютер спорти ва киберфутболни ривожлантириш ҳамда республика ҳудудида турнирларни ташкил этиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, ташкилот ушбу йўналишдаги мураббий ва киберспортчиларни тайёрлаш бўйича ҳам ваколатли муассаса сифатида белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси ўз фаолиятида Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг виртуал спорт турларига оид қарорлари ижросини таъминлашда фаол иштирок этади.

Электрон спорт турларига қизиқувчилар учун ташкилотнинг расмий Telegram-канали фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, у орқали федерацияга аъзо бўлиш учун мурожаат юбориш имконияти яратилган.

Қайд этиш ўринлики, 18 августдан эътиборан Индонезияда бошланадиган Осиё ўйинларида электрон спорт йўналиши бўйича мусобақа тажриба-синов тариқасида илк марта ўтказилмоқда. Унда Электрон компьютер спорти федерацияси аъзоси, Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси кибератлети Санжар Усмонов Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Яқин йиллар ичида спортнинг бу тури Олимпиада дастуридан ўрин олиши мумкин.