Инсон капиталига инвестиция киритиш мамлакат рақобатбардошлигини оширади 

Иқтисодиёт 13:35 / 12.07.2018 13893

Жаҳон банки президенти Жим Ён Кимнинг Америка Қўшма Штатларининг нуфузли «Foreign affairs» журнали сайтида чоп этилган таҳлилий мақоласида қандай қилиб ҳукуматни инсон капиталига сармоя йўналтиришга ишонтириш мумкинлиги ҳақида сўз боради.

Фото: AKINTUNDE AKINLEYE / REUTERS

Инсон капиталини ривожлантиришдаги узилишлар

Ҳукумат иқтисодий ўсишни таъминлашга интилар экан физик капитал – муҳташам кўприклар, янги йўллар, замонавий аэропортлар ва бошқа инфратузилмаларни барпо этишга инвестиция киритишга эътиборни қаратади. 

Одатда, улар аҳоли саломатлиги, билим ва кўникмалари, тажриба ва турмуш тарзини ўзида мужассам этган инсон капиталига инвестиция киритишдан унчалик манфаатдор эмас. Бу катта хато, негаки, инсон капиталига инвестиция киритишга нисбатан бепарволик мамлакат рақобатбардошлигини кескин пасайтириб юбориши мумкин. Зеро, мамлакат иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши учун истеъдодли одамларни тарбиялаш талаб этилади. 

Жаҳон банки гуруҳининг бутун фаолияти давомида экспертларимиз иқтисодиётнинг ўсишига хизмат қилувчи, одамларга камбағалликдан халос бўлишга ёрдам берувчи ҳамда ривожланаётган мамлакатлар тараққиётига сармоя киритиши мумкин бўлган ҳар бир жиҳатни ўрганди. 

2003 йилда банк «Doing Business» номли илк йиллик ҳисоботини чоп этган ва унда солиққа тортишдан то шартномаларни бажаришгача бўлган ҳар бир мезон бўйича мамлакатларнинг қиёсий таҳлили ўтказилган эди. 

Ҳисобот хулосаларини инкор этишнинг имкони йўқ. Сабаби давлат раҳбарлари ва молия вазирлари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар камайиши мумкинлиги билан боғлиқ таваккалчиликка дуч келди. Чунки компаниялар энг мақбул ишбилармонлик муҳитига эга мамлакатларга сармоя киритишни афзал билади. Кейинги 15 йилда «Doing Business» ҳисоботлари 3180 дан ортиқ ислоҳотни амалга оширишга кўмаклашди.

Бугунги кунда банк худди шундай ёндашувни илгари сурган ҳолда, ҳукуматларни инсонларга сармоя киритишга даъват этмоқда. Жаҳон банки гуруҳи вакиллари инсон капитали ходимларнинг кейинги авлоди иши самарадорлигига қандай таъсир кўрсатишини баҳолаш индексини ишлаб чиқмоқда. 

Индекс шу йилнинг октябрь ойида Балида бўлиб ўтадиган Жаҳон банки гуруҳининг йиллик йиғилишида тақдим этилади. Унда бугун дунёга келган бола 18 ёшга етганда умид қилиши мумкин бўлган саломатлик ҳолати, шунингдек, таълимнинг сифат ва миқдор кўрсаткичлари акс этади. 

Олимлар инсон капиталини ривожлантиришнинг афзалликлари ҳақида кўп нарсаларни билади. Бироқ бу ривожланган давлатларнинг шу йўналишдаги ҳаракатларини жадаллаштиришга ишончли даъват бўла олмади. 

Сўнгги ўттиз йилда бой ва қашшоқ мамлакатларда ҳаёт давомийлиги бир-бирига яқинлаша бошлади. Таълим билан қамраб олиш кўрсаткичлари сезиларли равишда ортди. Бироқ муаммолар шу билан барҳам топмади. Беш ёшгача бўлган болаларнинг қарийб тўртдан бири тўйиб овқатланмайди, 260 миллиондан зиёд бола ва ёш мактабда ўқимайди, ривожланаётган мамлакатларда мактаб ёшидаги кичик болаларнинг 60 фоизида ҳамон минимал таълим олиш имконияти мавжуд эмас.

Фото: THIERRY GOUEGNON / REUTERS

Инсон салоҳиятининг аҳамияти

Инсон капиталининг аҳамиятини бир нечта турли усулларга асосан баҳолаш мумкин. Анъанага кўра, иқтисодчилар буни кўпроқ таълим олган одамларнинг даромади билан ҳисоблар эди. 

Тадқиқотлар ҳар бир қўшимча таълим йили инсон даромадини ўртача 10 фоизга оширишини кўрсатди. Бунда таълим сифати ҳам муҳим. Мисол учун, АҚШдаги бошланғич мактабнинг алоҳида синфида малакаси паст ўқитувчини ўрта даражадаги мутахассисга алмаштириш ўқувчиларга бутун умри давомида 250 минг долларгача умумий даромад олиш имконини беради. 

Аммо когнитив имкониятлар инсон капиталининг ягона кўрсаткичи эмас. Мардлик, ирода ва ҳалоллик каби ижтимоий-ҳиссий кўникмалар, одатда катта иқтисодий самарадорлик келтиради. Соғлиқ ҳам муҳим аҳамиятга эга. Негаки, соғлом инсонларнинг меҳнат самарадорлиги юқори бўлади. 

Мисол учун, 2015 йилда Кенияда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, болаларга нархи атиги 30 центга тенг гельминтларга қарши дори воситаларини бериш мактабда дарс қолдиришни камайтиришга, кейинчалик эса мустақил ҳаётга қадам қўйганда ойлик маошининг жами 20 фоизга ошишига олиб келди. 

Эрта ёшдан инсон капиталини турли йўллар билан ўлчаб бориш яхши самара беради. Болани гўдакликдан тўғри овқатлантириш, соғлом ривожланишини рағбатлантириш кейинчалик унинг жисмоний ва руҳий фаровонлигини яхшилайди. 

Айни пайтда болаликда когнитив ва ижтимоий-ҳиссий имкониятларда йўл қўйилган айрим камчиликларни балоғат ёшига етганда тузатиш қимматга тушади. Шунинг учун ҳукумат томонидан инсон капиталини бола ҳаётининг дастлабки 1000 кунлигида ривожлантириш иқтисодий самара беради. 

Буларнинг барчаси иқтисодий ўсиш билан нечоғли боғлиқ? Биринчидан, инсон капиталига индивидуал сармоялардан олинадиган фойда қўшилса, умумий самара алоҳида қисмлар миқдоридан кўпроқ эканлиги аён бўлади. 

Кениядаги мактаб ўқувчиларига қайтадиган бўлсак, биргина боланинг гельминтлардан халос бўлиши бошқа болаларнинг зарарланиш эҳтимолини камайтиради. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг келажакда яхши ўқиши ва улғайгач нисбатан катта маош олишига олиб келади. 

Инсон капиталини ривожлантиришнинг айрим афзалликлари жамланиб, сармоя киритилаётган авлод билангина чекланиб қолмайди. Масалан, онанинг фарзанднинг пренатал парвариши ҳақидаги билимини бойитиш болаларнинг гўдаклигиданоқ соғлиғини яхшилашга хизмат қилади. 

Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, инсон капиталига индивидуал инвестициялар умумлаштирилганда, турли мамлакатларда инсон капиталига киритилган инвестиция билан аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар ўртасидаги тафовут 10 фоиздан 30 фоизгача бўлишини кўрсатди. 

Мисол учун, XIX аср ўрталарида Бразилия зиёли европаликларнинг Сан-Паулога иммиграциясини рағбатлантирган. Натижада 100 йилдан сўнг бу штатда юксак даражадаги таълим, қишлоқ хўжалигига нисбатан саноатда кўпроқ бандлик, шунингдек, аҳоли жон бошига янада юқори даромад кузатилди. 

Айниқса, таълим катта самарадорлик келтиради, шунинг учун у қашшоқлик кўламини қисқартиришда муҳим роль ўйнайди. Буни Гана тарихи ҳам тасдиқлайди: 1990 йилларда ва 2000 йиллар бошида мамлакат таълимга кетадиган харажатлар миқдорини икки баробар кўпайтириш орқали асосий кўрсаткичларни кескин оширишга муваффақ бўлди. Натижада 1999 йилдан 2012 йилгача мамлакатда саводхонлик даражаси 64 фоизга етди, қашшоқлик даражаси эса 61 фоиздан 13 фоизга тушди. 

Таълимга киритиладиган сармоялар ҳам жамиятда ижтимоий тенгсизликни камайтириши мумкин. Аксарият мамлакатларда нисбатан ўзига тўқ оилаларда туғилган фарзандлар болаликданоқ кенг имкониятлардан фойдаланишни бошлайди ва бу бутун умри давомида қатор афзалликларга олиб келади, аксинча, ночорроқ оилалар фарзандлари бундай имкониятлардан фойдалана олмайди. 

Бундай муаммони ҳукумат томонидан ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилганда иқтисодий тенгсизликнинг қисқариш тенденцияси кузатилади. Шимолий Каролинада ўтказилган тадқиқот агар Қўшма Штатлар болаликданоқ самарали ривожланиш дастурларидан фойдаланса, мамлакатда даромадлардаги тенгсизлик 7 фоизга камайишини кўрсатди. Бу эса АҚШнинг Канада даражасига эришиши учун етарли. 

Инсон капиталига сармоя киритишдан жамият ҳам катта манфаат кўради. Узлуксиз мактаб таълими турли жиноятлар содир этилиши эҳтимолини камайтиради. 

2017 йилда Либерияда наркотиклар савдоси билан шуғулланувчилар, ўғрилар ва жиноятга мойил бошқа эркаклар когнитив-ахлоқий терапияга йўналтирилиши бўйича тадқиқот ўтказилган. Бу уларга ўз ҳиссий ҳолатини англаб етиш, ўзини идора этишни яхшилаш ва мураккаб вазиятларда тўғри йўл тутиш каби кўникмаларни шакллантиришни кўзда тутган. Унчалик кўп харажат талаб этмаган дастур ушбу инсонларнинг жиноят оламига қайтиши эҳтимолини сезиларли даражада қисқартирди. 

Инсон капитали шахснинг жамият ҳаётида иштирок этиши билан боғлиқ. 1970 йилларнинг ўрталарида Нигерияда умумий бошланғич таълим жорий этилиб, болаларнинг катта қисми бошланғич мактабларга қамраб олинди. Бир неча йил ўтиб, бу йигит ва қизлар янгиликлар билан қизиқиш, тенгқурлари билан сиёсат ҳақида суҳбат қуриш, палата йиғилишлари ва сайловларда иштирок этишни бошлади. 

Инсон капиталига инвестиция киритиш ишонч даражасини ҳам оширади. Ўқимишли инсонлар бошқаларга кўпроқ ишонади, ишонч даражаси баланд бўлган жамият одатда нисбатан юқори иқтисодий ўсишга эришади. Шунингдек, улар анча сабрли ҳам бўлади: тадқиқотлар йигирманчи аср ўрталарида Европада амалга оширилган мактаб ислоҳотлари одамларнинг мигрантларга нисбатан бағрикенгроқ бўлишига хизмат қилган. 

Фото: JAMES AKENA / REUTERS

Аён бўлган ҳақиқатлар 

Инсон капитали ўз-ўзидан юзага чиқмайди, у давлат томонидан ривожлантирилиши лозим. Хусусан, кўпинча инсон камолоти учун инвестиция киритиш ва бу сармоянинг бошқаларга ҳам тарқалиши омили инобатга олинмайди. 

Масалан, ота-оналар ўз фарзандининг гижжасини даволаш ҳақида қарор қабул қилар экан, аввало, унинг саломатлиги ҳақида қайғуради. Бироқ бу ҳаракатлар бошқа болаларнинг касалланиш хавфини камайтиришини эсламайди. 

Ёки фарзанднинг боғчадаёқ кўпроқ билимга эга бўлиши учун пул сарфлаётган ота-оналарни олайлик. Улар шу орқали келажакда жиноятчиликнинг камайиши ва маҳбуслар сонининг қисқариши сингари янада кенгроқ ижтимоий аҳамиятга таъсир кўрсатаётганини эътиборга олмайди. 

2010 йилда Мичиганда ишлаб чиқилган мактабгача таълим дастурларидан бирининг самарадорлиги ўрганилганда сарфланган ҳар бир доллар жамиятга 7 доллардан 12 долларгача фойда бўлиб қайтгани аниқланган. 

Баъзи ҳолларда жамиятда қабул қилинган нормалар ота-оналарни ўз фарзандига сармоя киритишдан қайтаради. Ота-оналарнинг ўғлига қиз фарзандидан кўра кўпроқ эътибор қаратиши аввалдан маълум. Бироқ ушбу камситиш таъсири келгусида кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Масалан, Ҳиндистон ҳукуматининг ҳисоб-китобларига қараганда, мамлакатда 21 миллионга яқин ана шундай “исталмаган қизлар” мавжуд. Бу қизалоқлар ҳам саломатлик, ҳам таълим нуқтаи назаридан ота-онасидан камроқ эътибор кўради. 

Бошқа ҳолатларда оилалар ўз болаларига сармоя киритишни истайди, бироқ бунга қурби етмайди. Камбағал ота-оналарда истеъдодли болаларини мактабда ўқитишга пул тўлаши учун кредит олиш имкони йўқ. Ҳатто таълим бепул бўлган тақдирда ҳам улар транспорт ва мактаб харажатлари учун пул топиши зарур. Бола оилага қўшимча даромад келтириши учун ишлаши ва шу боисдан мактабда ўқий олмаслиги билан боғлиқ ҳолатларни айтмаса ҳам бўлади. 

Ҳукуматларнинг инсон капиталига инвестиция киритиши муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, сиёсатчилар кўпинча бунга қарши турадилар. Амалдорларда ўзини оқлашга бир неча ўн йиллар талаб этадиган дастурларни қўллаб-қувватлаш учун рағбатнинг ўзи йўқ. 

Мисол учун, эпидемия мавжуд бўлмаган ҳолатда сиёсатчилар жамиятдаги соғлиқни сақлаш аҳволига эътиборни сусайтириши мумкин. Аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича лойиҳалар солиқларни ошириш ёки янада муҳимроқ харажатлар, хусусан, инфратузилма ёки ижтимоий эҳтиёжлар учун ажратилган маблағлардан бир қисмини олиш йўли билан молиялаштирилганига мисоллар жуда кам. 

2012 йилда Нигерия ҳукумати оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун кўпроқ маблағ йўналтириш мақсадида мамлакатдаги ёқилғи маҳсулотларига субсидияларни бекор қилганида жиддий қаршиликка учраган эди. Ушбу масалани ОАВда ёритишда бор эътибор субсидияларнинг тўхтатилишига қаратилган ва жамият учун ўта зарур бўлган биринчи тиббий-санитар ёрдамни кенгайтириш масаласига кам аҳамият берилганди. Кенг миқёсдаги ижтимоий норозиликлардан сўнг субсидия қайта тикланган. 

Баъзи давлатларда бундай норозилик қисман ижтимоий келишувнинг заифлиги билан изоҳланади: фуқаролар ўз ҳукуматига ишонмайди ва шу сабабдан, ўзларининг фикрича, кейинчалик изсиз йўқ бўлиб кетадиган солиқларни тўлашга иккиланади. 

Ўзлигини намоён қилиш муаммоси ҳамма жойда мураккаб. Бутун дунёда ҳаддан ташқари кўп болалар ўқишни билмайди, чунки уларнинг ўқитувчилари етарли даражада билимга эга эмас. “Хизматлар кўрсатиш даражалари” ушбу муаммонинг туб моҳиятини очиб берган ташаббус бўлди. У Жаҳон банки гуруҳи томонидан Африка иқтисодий тадқиқотлар консорциуми билан ҳамкорликда Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган мамлакатларидаги маълумотларни тўплаш мақсадида илгари сурилган эди. 

Еттита давлат – Кения, Мозамбик, Нигерия, Сенегал, Танзания, Уганда ва Тогода тўртинчи синф ўқитувчиларининг 66 фоизигина тил бўйича ушбу синф ўқув дастурини ўзлаштирган, 68 фоизи математикадан дарс бериш учун талаб этиладиган минимал билим даражасига эга экан. 

Мазкур давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаётган тиббиёт ходимлари фақат 53 фоиз ҳолатда безгак, диарея, зотилжам, сил ва диабет сингари касалликларга тўғри ташхис қўя олган. 

Ўзини намоён қилиш бу борада хизмат қилаётган инсонлар вазифасини сидқидилдан бажаришига етарлича рағбат бўлмаган жойларда ҳам мушкуллашади. 

Юқорида тилга олинган етти давлатда ўқитувчилар белгиланган дарс соатларининг ярминигина ўтган. Кўп ҳолларда муаммонинг илдизи давлат хизматчилари маъмурий-буйруқбозлик авж олган шароитда, хизмат поғоналаридан кўтарилиш меҳнат натижасига эмас, балки таниш-билишлар билан алоқаларга қараб юз берадиган шароитларда ишлашига бориб тақалади. 

Дарвоқе, ижобий мисоллар ҳам бор. Марказий ҳокимият, маҳаллий органлар ва хизмат кўрсатувчиларнинг мақсадлари муштарак келса, мамлакатлар инсон капиталини яхшилаш борасида катта муваффақиятларни қўлга киритиши мумкин. 2004 йилда Аргентинада Жаҳон банки гуруҳи кўмагида амалга оширилган “Plan Nacer” дастури ана шундай ижобий самара келтирган эди. 

Дастур тиббий суғуртага эга бўлмаган оилаларга уни олишда ёрдамлашишни кўзда тутган эди. Унга мувофиқ, маблағлар ҳудудларга провинциядаги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларининг қамрови ҳамда сифатини белгиловчи кўрсаткичлар, шунингдек, ушбу хизматларни яхшилашга туртки бўлувчи ёндашувлар асосида тақсимланди. “Plan Nacer” лойиҳаси бўйича моддий ёрдам олган провинцияларда чақалоқ дунёга келганида вазни меъёрдан паст бўлиши эҳтимоли 19 фоизга камайди. 

Ривожланаётган мамлакатларда тобора кўпроқ аҳоли соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларининг яхшиланишини талаб қилмоқда. Масалан, Перуда фуқаролик жамияти гуруҳлари томонидан ташкил қилинган ташвиқот тадбирлари 2006 йилги сайловлар даврида болалар масаласининг сиёсий мунозараларда долзарб мавзуга айланишига олиб келди. 

Сиёсатчилар ҳам, ўз навбатида, беш йил ичида болаларда бўй ўсишининг секинлашиш ҳолларини 5 фоизга камайтириш бўйича аниқ мақсад қўйиб, бунга муносабат билдирди. Мамлакат бу мураккаб вазифани ҳатто ортиғи билан уддалай олди: 2008 йилдан 2016 йилга қадар беш ёшгача бўлган болаларда бўй ўсишининг секинлашиш кўрсаткичлари тахминан 15 фоизга пасайди. Бу ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгаришларга эришиш имкони борлигини кўрсатувчи яққол далилдир.

Кўпроқ янгиликлар