Ўзбекистонда ойига 400 минг сўмга қандай қилиб яшаш мумкин?

Халқ овози 18:17 / 05.06.2018 213434

Кейинги пайтда янги иш ўринлари очилаётгани ҳақида кўп гапираяпмиз. Оммавий ахборот воситаларида қайсидир ҳудудда янги цех очилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилгани, бошқа вилоятда бутун бир шаҳарча иш билан таъминлангани ёритилмоқда. Бу жуда яхши. Инсон доимий иш ўрнига эга бўлгани яхши-да! Лекин ойлик иш ҳақи билан боғлиқ муаммолар ҳам аксарият кишини ташвишлантиради, айниқса, кунига 12–14 соат ишлаб, арзимас маош тўлашса.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори иш берувчи ва ишчи ўртасида тузилган битимга кўра белгиланади. Бу ҳолатда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори қонунчиликда белгиланганидан паст бўлишига йўл қўйилмайди ва қандайдир юқори чегара билан чекланмайди.

Айни вазиятда, кодекснинг 155-моддасига кўра, белгиланган вақт ичида маълум бир меҳнат меъёрлари ва меҳнат мажбуриятларини тўлиқ бажарган ишчининг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонунчиликда белгиланган ягона тариф сеткаси биринчи разрядидан кам бўлиши мумкин эмас.

2017 йилнинг 1 декабридан эътиборан Ўзбекистонда минимал иш ҳақи ойига 172240 сўмни ташкил этади.

Ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича тариф коэффициенти 2,476 ни ташкил этади.

Демак, ҳар қандай иш берувчи ойига 426466 сўмдан кам тўламасликка мажбур.    

Айнан юқорида қайд этилган меъёрлар кўплаб ишбилармонларга инсон меҳнатидан паст қийматларда фойдаланиш имкониятини яратмоқда.

Масалан, Фарғона вилоятида тикув цехи фаолият кўрсатмоқда. У ерда аёллар ва эркаклар меҳнат қилишади. Маълумотларга кўра, улар кунига 12–14 соатдан ишлашади. Иш вақти шанба ва якшанбани ҳам қўшиб ҳисоблаганда эрталаб соат 8 дан бошланиб, кечқурун соат 9 да тугайди. Бепул тушлик берилади. Ойига фақат 2 кун дам олиш мумкин.

Ойлик маош 600 минг сўмни ташкил этади.

Яна бошқа мисол — ошхона. Ёши 40дан ошган аёл ҳар куни идиш-товоқ ювади. Иш шарти — эрталаб соат 8 дан кечки соат 5 гача меҳнат қилиш. Бонус — текин тушлик. Дам олиш мумкин, фақат ўз ўрнига одам топиб, унга иш ҳақини ўз чўнтагидан бериши керак бўлади.

Маош — 500 минг сўм.

Қандолат цехи. Қизлар кунига 12 соатдан ишлашади. Кун бўйи тик оёқда туриб, маҳсулот тайёрлашади. Ё ўзлари овқат пиширишлари ё кўчадан харид қилишлари керак. Агар дам олишга эҳтиёж туғилса олдиндан огоҳлантириш керак, йўқса қатъий тарзда чора кўрилади — ишдан бўшатишади.

Маош — 600 минг сўм.

Фаст-фуд. Кун бўйи тик оёқда ишланади. Ҳот-дог, гамбургер, чизбургер, грил ва шу каби егуликлар тайёрланади. Бонуслар — текин овқат. Иш эрталаб соат 7 дан бошланади (чунки масаллиқ тайёрлаш керак) ва тунги соат 10 да тугайди. Ойига фақат 2 кун дам олиш мумкин.

Ойлик иш ҳақи — 500 минг сўм.

Ишонинг, буларнинг бариси биз ўрганган айрим фактлар холос.

Нима, ишбилармон 500-600 минг сўмдан юқори маош тўлай олмайдими?

Биринчидан, бунга юқорида тилга олинган бухгалтерия меъёрлари халақит беради. Ишбилармон тажрибали бухгалтерни ёллайди ва у унга Ягона тариф сеткалари нормаси ҳақида айтиб беради — бўлди. Мана сизга 500 минг ойлик дейди, ишбилармон ва бундан ортиғига кўнмайди. Ҳаммаси қонун доирасида ва ҳеч қанақа бош оғриқ йўқ.

Иккинчидан, ишчи кучининг ҳаддан зиёд кўплиги. Яна нима қилиш мумкин? Кишининг Россияга боргиси келади, аммо иложи йўқ. Онаси касал, отаси қариб қолган, сингилу-укалари ҳам зўрға кунини кўриб юришибди. Уларни қандайдир қилиб боқиш керак-ку? Коллежни тугатиб, мутахассислиги бўйича иш топа олмаган. Энг яхшиси тикув цехига ишга кириб, ҳарна ойига 600-700 минг ишлаб топади. Устига-устак, туманда ишлайман деганлар тиқилиб ётибди. Агар тезда ишга кириб олмаса, умуман кўчада қолиб кетиши ҳам мумкин.

Учинчидан, айрим тадбиркорлар умуман виждонидан айрилишган. Фарғона вилоятида бир корхонанинг ишчилари билан гаплашдик. Қизларнинг айтишича, корхона эгаси хорижий автомашина ҳайдайди, хотини эса ўзимизда чиққан жипни; қасрдек ҳовлиси бор, ҳар йили чет элга саёҳатга боришади. Биз маълумотни текшириб кўрдик, фактлар тасдиқланди. Лекин ишчиларга 500 минг сўмдан маош беришади. Бу ҳолатда улар кунига 12–14 соатдан, дам олиш кунларисиз ишлашади.

Буни адолатдан деб бўладими?

Бу вазиятдан ишчиларнинг аксарияти норози. Ахир ойига 500 минг сўмга кун кўриб бўлмайди. Ойлик маош оддий кундалик эҳтиёжларга ҳам етмайди. Ишчилардан бирининг айтишича, яқинда онаси касал бўлиб қолганда биргина дори-дармоннинг ўзига 1,5 миллион сўм кетган. У қарз олишга мажбур бўлган.

Қизлардан бири қўшимча даромад топиш учун фермерларнинг даласида мардикор сифатида ишлашга мажбур эканлигини билдирди. Бу иш билан у ойига яна қўшимча 300-400 минг сўм ишлаб топар экан. Лекин бу ҳам мавсумий иш ҳисобланади.

Хорижий авто харид қилиш, Европа бўйлаб саёҳат қилиш — шахсий иш. Лекин «ойига 500-600 минг маош» муаммоси давлат ва жамиятнинг муаммосига айланмоғи керак.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар Стратегиясига эътибор қилинг.

Стратегияда аҳолининг турмуш, солиқ тизими ва қонун яратиш шароитини яхшилаш таъкидлаб ўтилган.

Шу сабабли Ўзбекистоннинг 2 миллиондан зиёд аҳолиси Россияда меҳнат қилаётгани, ёшлар ватандан хорижга «қочиб» кетаётгани, мамлакатда яшаш жуда қийинлиги ҳақида гап очилса таажжубланманг.

Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ишчининг нормал иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги кераклиги ҳақидаги модда бор экан.

Биз кодексни уч марта қайта текширдик: Кодекс 1995 йилнинг 21 декабрида қабул қилинган экан ва ҳанузгача амалда экан.

Ягона тариф сеткасини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, инсонларга нормал иш ҳақи олиш учун шароит яратиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистон — бу бизнинг Ватанимиз ва ҳар қандай киши ўз мамлакатида яхши яшаш ҳуқуқига эга.

Улуғбек Акбаров