Дунёдаги энг катта олмослардан бири 40 млн долларга сотилди

Жаҳон 00:35 / 14.03.2018 6578

Бельгиянинг Антверпен шаҳридаги савдолар вақтида тарихдаги энг йирик олмослардан бири – “Лесото афсонаси” 40 млн долларга сотилди. Бу ҳақда Gem Diamonds Ltd британ компанияси маълум қилди.

Бу олмос жорий январда Африканинг Лесото қироллигидаги Летсенг конида топилган. Қимматбаҳо тош D рангга эга ва IIа турига мансуб, яъни бу олмос деярли ёт жисмларга эга бўлмаган шаффоф олмосдир. Унинг оғирлиги 910 каратни (182 грамм) ташкил қилади. 

Летсенг кони Gem Diamonds компанияси ва Лесото ҳукуматининг умумий мулки бўлиб, 2006 йилда бу ерда 603 каратли “Лесото ваъдаси” тоши топилган ва у йириклиги бўйича тарихдаги 15-рақамли олмос ҳисобланади.

Антверпенда сотилган олмос эса йириклиги бўйича 5-рақамли олмос ҳисобланади.

2017 йил сентябрда Канадада дунёдаги энг йирик олмос Lesedi La Rona сотилганди. Ушбу олмосни Graff Diamonds компанияси 53 млн долларга сотиб олган.