Ҳаж масаласида шикоят қилган мурожаатчининг муаммоси ижобий ҳал этилди

Халқ овози 00:41 / 14.03.2018 24588

KUN.UZ таҳририятига Самарқанд вилояти Жомбой тумани Назар қишлоғида истиқомат қилувчи Муҳаббат Сатторовадан мурожаат келиб тушди. Муҳаббат аянинг ёзишича, Ҳаж-2018 бўйича эру хотин ариза топширганларига қарамай, туман ишчи гуруҳи турмуш ўртоғини тавсия руйхатига киритган, аммо барча талабларга жавоб беришига қарамай, у мазкур рўйхатга киритилмаган. Биз масала моҳиятини тушуниш учун даставвал мурожаатчи билан учрашдик.

Мурожаатчининг айтишича, Ҳажга борувчиларни танлаб олишда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом талаблари бузилган. Номзодлар нотўғри танлаб олинган. Гарчи, у турмуш ўртоғи Саттаров Самад билан бирга ариза топшириб, туман ишчи комиссияси билан бўлиб ўтган илк суҳбатда уларга рухсат берилиши айтилган бўлса-да, тавсия этилганлар рўйхатида Саттарова Муҳаббатнинг исм-шарифи тушириб қолдирилган. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июнда қабул қилинган “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 1031-сон қарори билан танишиб чиқдик

Хўш, ВМнинг 364-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Ҳажга борувчиларга қандай қўшимча талаблар қўйилади?

Бу саволга Низомнинг 28-2-бандида жавоб берилган: 

«Ҳаж» тадбирига боришга навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим: 
а) номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан «Ҳаж» тадбирига қодир бўлиши; 
б) «Ҳаж» амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши; 
в) номзод маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши; 
г) оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши; 
д) йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши; 
е) ушбу Низомнинг 46-банди талабларига жавоб бериши (яъни тегишли йилда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган фуқаролар рўйхатини шакллантиришда қуйидаги қўшимча шартлар инобатга олиниши лозим:  «Ҳаж» тадбирига бормоқчи бўлган фуқаро «Ҳаж» тадбирига бормаган бўлиши; 
«Умра» тадбирига бормоқчи бўлган фуқаро сўнгги икки йил мобайнида «Умра» ёки сўнгги беш йил мобайнида «Ҳаж» тадбирига бормаган бўлиши;

“Мен Низомнинг 28-2-бандида кўрсатилган талабларига жавоб бераман. Фарзандларимни барчасини ўқитдим. Ҳаммаси уйли-жойли. Ўзим 40 йил мобайнида Жомбой тумани бош шифохонасида акушер-гинеколог бўлиб ишладим. Бир неча йиллар бўлим мудири ҳам бўлдим. Динимизнинг барча арконларини ўргандим. Нафақат маҳаллада, балки туманда ҳам ўзимизга яраша обрўйимиз бор. Чунки, турмуш ўртоғим ҳам 20 йил туманда турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Эру хотин бирга Ҳаж ибодатини бажаримиз, деб ният қилиб 3 йилдан буён навбатда турар эдик. Энди ишчи гуруҳ турмуш ўртоғимни юбориб, мени қолдиришаяпти. Сабаби нима, десак, жўяли жавоб беришмайди”, - деди М.Сатторова биз билан суҳбатда. 

Биз масалага ечим топиш ёки Муҳаббат опанинг рад этилишининг сабабини билиш мақсадида Жомбой туман ҳокимлигида бўлиб, яқинда лавозимга тайинланган ҳоким Умиджон Назаров билан учрашдик. Назаров мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида ҳокимнинг маънавият-маърифат масалалари бўйича ўринбосари Сардор Луқмонов (тавсия рўйхати аввалги ўринбосар Санжар Имомов томонидан тузилган), туман прокурори Аминжон Бойматов ҳамда туман “Нуроний” жамғармаси раиси Илҳом Ниёзовларни таклиф этди.

Шундан сўнг, У.Назаров Самад ака Саттаров ва турмуш ўртоғи Муҳаббат опа Сатторовани қабул қилиб, уларнинг шикоятларини тинглади. Биргаликдаги муҳокамадан сўнг, туман ҳокими имкон даражасида муаммони ижобий ҳал қилишини билдирди. 

Мазкур мақола ёзилиши жараёнида муаллиф М.Саттарова, туман ҳокимининг ўринбосари С.Луқмонов ҳамда туман прокурори А.Бойматов билан телефон орқали боғланди. С.Луқмонов ҳамда А.Бойматовларнинг билдиришларича, тумандан 2018 йилда Ҳажга бориш учун тавсия қилинганлар рўйхатига истисно тариқасида ўзгартирилиб, М.Сатторова 2018 йили Ҳажга борувчиларнинг якуний тавсияномасига киритилган.