Азиз Абдуҳакимов: "Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хорижлик экспертлар билан онлайн-алоқа тизимини йўлга қўйди"

Ўзбекистон 10:29 / 13.02.2018 5305

Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Туркиянинг саккиз ҳудудидан ташриф буюрган Маданият ва туризм бошқармалари бошлиқлари, ҳоким ўринбосарлари ҳамда йирик ташкилотлар раҳбарлари билан муҳокамалар доирасини ўтказди. Туркиялик экспертлар Ўзбекистоннинг туризм соҳасида гувоҳ бўлган долзарб масалаларни ўртага ташлашди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимов бу борада KUN.UZ мухбирига эксклюзив интервью берди.

"Бугунги муҳокамалар доирасида Туркияда Ўзбекистон бўйича кучлироқ тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, икки мамлакатнинг кўплаб шаҳарларини, қардош ҳудудларни бир-бирига боғлаш каби қатор масалалар кўтарилди. Бироқ шунга эътибор қаратиш лозимки, яқин кунларда Президент томонидан имзоланган бир фармон ва уч қарор чиққан. Бу бугун кўтарилган масалаларга жавоб бўла олади. Давлат раҳбари бу масалаларни олдиндан кўра билиб, барчасига ечим топиб берди. 

Биз Туркиядан Ўзбекистонга келадиган сайёҳларга қандай шароитлар яратиш ҳақида қўшимча ўйлашимиз керак. Туркиялик сармоячиларни жалб қилиш нуқтаи назаридан улар билан кўпроқ алоқада бўлиш керак", - дейди қўмита раиси. 

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ижтимоий тармоқлар (Telegram, What's App)да чет эллик экспертлар билан умумий гуруҳларни ташкил қилиб, шу ерда уларнинг кундалик муаммоларини тўғридан-тўғри, онлайн-режимда  ечиш учун доимий алоқа тизимини йўлга қўймоқда. Таъкидлаш жоизки, бу аввал ҳеч кузатилмаган ўзига хос янгича ёндашувдир. Туркларда туризм борасида катта тажриба бор. Шундай экан, улар билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиш - қисқа муддатда уларнинг тажрибасини ўрганиб, Ўзбекистонда татбиқ қилиш имконини беради. 

"Зиёрат туризми, тоғ туризми, чанғи туризми, экотуризм, этнотуризм, саноат туризми, қишлоқ хўжалик туризми, тиббиёт туризми бўйича жуда катта имкониятлар бор - шуларнинг барини қамраб олиб, янги-янги йўналишлар очишимиз керак. Диверсификация бўлмаса, умуман ҳеч нима бўлмайди. Туркиянинг ўзида ҳам Ўзбекистонга келиш истагига доир кўп йўналишлар бор. Зиёрат туризми, "ота юрт", "она юрт"ни кўриш истагида бўлганлар қанчадан-қанча. 

Бундан ташқари, ёшлар ҳақида унутмаслик керак. Катта, ўрта ёшли Туркия фуқаролари билан бир қаторда ёшларнинг қизиқишларига ҳам эътиборли бўлишимиз ва бу борада туркиялик ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашиш лозим. Яна шуни таъкидлаш жоизки, туркиялик мутахассислар билан гаплашганда, улар ички туризмга ҳам катта эътибор қаратишини сезиш мумкин. 

Ҳеч қачон ички туризмни ривожлантирмасдан ташқи туризмни ривожлантириб бўлмайди. Олдин ўзимизнинг пойдеворимизни мустаҳкамлаб олишимиз керак", - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятига қизиқиш билдирган ва туризм соҳасида аниқ таклифлар, ҳамкорлик йўналишлари бўйича лойиҳаларга эга бўлган кишилар қўмитанинг Facebook'даги саҳифасига аъзо бўлиб, соҳадаги сўнгги янгиликларни кузатиб бориши ва ўз талаб ҳамда таклифларини ёзиб қолдириши мумкин.