Абдулазиз Комилов Бухоро яҳудийларининг Бутунжаҳон конгресси президенти билан учрашди

Ўзбекистон 15:31 / 13.02.2018 10573

2018 йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга ташриф буюрган Бухоро яҳудийларининг Бутунжаҳон конгресси (БЯБК) президенти, таниқли тадбиркор ва жамоат арбоби Лев Леваев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Делегация таркибидан АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси раиси Борис Кандов, Россия Бухоро яҳудийлари конгресси раиси Яков Левиев ҳамда бошқалар ўрин олган.

Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва БЯБК ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда қайд этилганидек, халқларнинг ўзаро ҳамкорлиги узоқ тарихга эга бўлиб, кўп асрлар илгари ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яҳудий жамоалари пайдо бўлган даврга бориб тақалади. Асрлар давомида Бухоро яҳудийлари тинчлик ва тотувликда яшаб, ўзбек заминида ўз ватанларини топдилар.

Исроил, АҚШ ва бошқа мамлакатларда истиқомат қилаётган асли ўзбекистонлик яҳудийлар мамлакат билан алоқаларини узмасдан, ўзбек халқига самимий ва чуқур ҳурмат ҳиссини сақлаётганлиги Ўзбекистонда юқори баҳоланади. Бу эса ўз навбатида халқлар фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш ва алоқаларни кенгайтириш имконини яратади.

Турли даражалардаги ўзаро алмашинувларга доир масалаларни муҳокама қилиш чоғида президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 февралда кучга кирган фармонига мувофиқ Исроил фуқаролари учун 30 кунгача визасиз кириш тўғрисидаги низомини БЯБК делегацияси мамнуният билан қайд этди. Исроилда 100 мингдан ортиқ асли ўзбекистонлик яҳудийлар истиқомат қилади.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.