Саакашвили Польшага жўнатиб юборилди – Украина ОАВ  

Жаҳон 22:52 / 12.02.2018 9836

Украинанинг “Янги кучлар рухи” партияси етакчиси Михаил Саакашвили 12 февралда Киев вақти билан 16:00да чартер рейс билан Украинадан Польшага учиб кетди. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда ТСН.ua хабар бермоқда.

“Бу депортация эмас, реадмиссия – ноқонуний шахсни келган давлатига қайтаришдир”, деб ёзган нашр. 

Шу куни аввалроқ Саакашвили Киев марказидаги ресторанлардан бирида ҳарбий камуфляж кийимидаги одамлар томондан олиб кетилгани маълум қилинганди.

Украина ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ва Украина давлат чегара хизматида ҳозирча сиёсатчининг ушлангани ҳақидаги маълумотга эга эмасликлари айтилган. Бироқ Саакашвили адвокати Руслан Чернолуцкийнинг айтишича, Саакашвилини чегарачилар олиб кетган.

Саакашвилининг сафдоши Лиза Богуцкаянинг таъкидлашича, Саакашвили “Борисполь” аэропортига етказилган ва у ердан Варшавага жўнатилиши керак бўлган. 

Саакашвили 2017 йил 10 сентябрда Украинага Польша орқали келган. Унинг тарафдорлари Польша-Украина чегарасидаги ўтказиш пунктидаги куч тузилмалари ходимлари ҳалқасини ёриб ўтиб, сиёсатчини Украина ҳудудига олиб ўтишган.