Фото: Тайвандаги зилзила оқибатлари

Жаҳон 16:30 / 07.02.2018 42984

6 февраль куни Тайваннинг шимоли-шарқида 6,4 магнитудали ер силкиниши содир бўлди. Зилзила эпицентри Хуалянь шаҳридан 18,3 километр шимоли-шарқда, ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашганди.

Ушбу табиий офат оқибатида Маршал меҳмонхонасининг биноси вайрон бўлди, шунингдек, бир нечта бошқа меҳмонхоналар ва шаҳардаги кўплаб бинолар шикастланди.

CNA агентлиги қутқарувчиларга таяниб хабар беришича, зилзила оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлди, 243 киши жароҳат олди. Яна камида 60 киши бедарак кетган деб ҳисобланмоқда. Бедарак йўқолганлар орасида Хитой, Чехия, Япония, Сингапур ва Жанубий Корея фуқаролари бор.

Айни вақтда 35 мингга яқин турар жой сув таъминоти ва электрдан маҳрум бўлган. Ер силкиниши оқибатида кўплаб кўчаларда ёриқлар ҳосил бўлиб, бир нечта кўприклар бузилган. Қутқарувчилар зилзила оқибатларини бартараф этиш ва бедарак йўқолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.

Ҳукумат яқин вақтлар ичида яна камида 5 балли зилзила рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

2016 йили Тайван жанубида рўй берган зилзила оқибатида 100 киши қурбон бўлганди. 1999 йилда ушбу орол давлатда 7,6 магнитудали ер силкиниши содир бўлиб, 2000 дан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетганди.

Кўпроқ янгиликлар