7 жойдан маош оладиган Раматов навбатдаги лавозимида текинга ишлайди

Спорт 17:40 / 25.01.2018 85921

Бугун Ўзбекистон футбол Ассоциацияси президенти этиб сайланган Очилбой Раматов янги иш жойида текинга ишлашини маълум қилди.

У футбол соҳаси вакилларига мурожаат қилиб, яхши пул топиш учун яхши ишлаш кераклигини таъкидлаган.

«Футболни яхши кўрадиган одам фақат футбол ҳақида ўйлаб, шунинг ичида яшаши керак. Шу ердан пул топиши керак, пул топишнинг бошқа жойларини қилиши керак эмас.

Мени ҳайдаб юборсанглар, бошқа касбим бор, бошқа ишларимни қилиб, бола-чақамни боқа оламан. Сизлар эса фақат футбол билан шуғуллана оласизлар.

Мен бу лавозимда ойлик олмайман. Мен президентимиз шу ерга жўнатгани учун келдим, сизларга ёрдам бермоқчиман. Сизлар қўл кўтариб, тасдиқладингизлар. Сизларни ҳеч ким мажбурламади.

Менинг ҳамма нарсам бор, 7 жойдан ойлик оламан, фақат боксда ва футболда эмас. Юртбошимиз шуларга ёрдам бер, деб жўнатди.

Ўзим ҳам ҳамиша футболимиз учун қайғурганман. Бу масъулиятли иш.

Болаларимизни тарбиялаймиз. Яхши мингта футболчи чиқарамиз. Улар ҳеч нарсадан камчилик кўрмаслиги керак. Эвазига барқарор ўйнаб беришсин», дея Раматовнинг сўзларини келтиради «Трибуна» мухбири.

Маълумот учун, Очилбой Раматов 2002 йилдан буён «Ўзбекистон темир йўллари»нинг бошқарув раиси ҳисобланади. У 2016 йилнинг декабридан Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари — Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг раҳбари.

Раматов шунингдек, 2006 йилдан буён Ўзбекистон бокс федерацияси президенти ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар