Фазлиддин Ғоибназаров ўз жанги бекор бўлганига изоҳ берди

Спорт 20:10 / 21.12.2017 24627

Профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган Фазлиддин Ғоибназаровнинг Стивен Ортизга қарши жанги Top Rank менежерлари талабига кўра қолдирилган. Бу ҳақда Ғоибназаровнинг ўзи KUN.UZ‘га берган интервьюсида маълум қилди.

«Машғулотлар яхши кечаётганди. Жангга икки ҳафта қолганда ўнг қўлимдан жароҳат олдим. 2014 йилда қўлим чиқиб кетганди. Ўша жароҳат яна қайталаб қўлим оғриб қолди. Менга қолса, бир қўлимда бўлса ҳам жанг қилмоқчи эдим. Албатта, ҳозир бир қўлим билан деганимда ҳам, жанг бўлса барибир оғираётган қўлимни ҳам ишлатган бўлардим. Аммо менежерлар яхшиси тўлиқ соғайиб олишимни, уларга менинг соғлиғим кераклигини айтишди. Шу сабаб билан жанг бизнинг томон талаби билан бекор бўлди.

2018 йилнинг январидан яна машғулотларга қайтаман. Март ойининг ўрталарида жангга тушмоқчиман. Ҳозирча жанг қилиш учун иккита аниқ вариант чиқиб турибди. Жанг ё Дубайда бўлади ёки Нью-Йоркда. Рақибга келадиган бўлсак, ўша Стивен Ортиз вариантида тўхтаб турибмиз. Агар у олдинроқ жанг ўтказиб қўйса, балки бошқа рақиб бўлиши ҳам мумкин», деган Ғоибназаров.

Эслатиб ўтамиз, Ғоибназаров ва Ортиз ўртасидаги жанг 2017 йилнинг декабрида бўлиб ўтиши керак эди. Бунгача 9 декабрда бўладиган жангдаги рақиблар уч марта алмашганди.

Кўпроқ янгиликлар